Ўша қичиқ масала Абдулҳамид Чўлпон Тузалмаган ва тузалишига умидимиз қолмаған бир касалимиз бор. У тўғрида жуда кўп “дод” дедик, фарёд қилдиқ – ҳемирилиқ фойдаси бўлмади. Энди, у тўғрида қўлни ювуб, қўлтиққа уришимиз лозим эди; яна бир мартаба додлаб қўймоқчи бўлдиқ. Шу охирғи фарёдимизни эшитган қулоқлар, айниқса, “Қизил Ўзбекистон”, “Зарафшон”, “Озод Бухоро”, “Янги йўл” ва “Муштум”ларимиз фарёдимизга қўшулуб бир қаттиғроқ бир шовқун солсалар, балки эшитилар эди! Шу умид билан бу сафар ҳам ўша масалага қоқилиб кетамиз. Масала – ҳафталик ва ойлик матбуотимиз масаласи, касал – ўшанинг матонатсизлик ва бепарволик касалидур. Узун сўзнинг кераги йўқ, қисқа қилайиқ: Фарғона вилоятида 3–4 ойдан бери биттагина ўзбакча журнал кўрганимиз йўқ! “Билим ўчоғи” кўмилди. “Инқилоб” унинг кетидан кетди. “Ўзгаришчи ёшлар” бедарак йўқ бўлди, у бўлғанда ҳам фақат ёшлар учунгина эди. Тошканд муаллимлари томонидан “Таълим-тарбия” журнали чиқарилибдур. Унинг мундарижаси жуда суюқ бўлғанидан гапирмасак ҳам, давомига кўзимизга битмаганини айтиб ўтамиз. Маориф комиссарлиги “Маориф ва ўқитғувчи” (номни қаранг!) журнали чиқарибдур; “чиқди” деб эълон қилинғаниға бир ойдан ортди, ҳануз ҳеч бир жойда биргина нусхаси ҳам йўқ! “Инқилоб”нинг 11 –12 нчи сони Фарғона бозориға эндигина чиқди; унинг 13–14 нчи сони ҳали бизга янгилик! Ҳолбуки, 13–14 нчининг чиққаниға ҳам бир-икки ой бўлди! Жойи келганда шуни ҳам айтиб ўтайлик: Ўктам, Мунаввар Қори ва Шоҳрасуллар томонидан ёзилған “Сарф” билан ёш шоиримиз Ботунинг шеърлар тўплами ва А.Саъдийнинг “Адабиёт дарслари” мундан бир ойча бурун “бозорға чиқди” деб эълон қилинди. Ҳолбуки, эълон чиққандан бир неча кун сўнгра давлат нашриётининг магазинига кирган кишилар “ҳали муқоваси тайёр бўлғани йўқ!” деган жавобни олғанлар… Ким билади, у қийматли нарсалар бизнинг Фарғонамизга бирор 6 ойдан сўнг насиб бўлурмикан?… Фарғонанинг ҳамма катта шаҳарларида дегундек, давлат нашриёти, болаларға ёрдам жамияти матбуот каператифи ва бошқа-бошқаларнинг китоб дўконлари бор; улар йўқ жойда аллакимларнинг кўшак (киўска)лари бор. Янги асарларни ўша китоб дўконлари ва кўшаклар орқали вақти-вақтида нимага тарқатилмас экан? – буни ҳеч ким билмайдур. “Правда Восток”, “Қизил Ўзбекистон” ва “Оқ жўл” газеталарининг тарқатғучи контўрлари ва улар қошида газета-китоб кўшаклари, Ўзбекистоннинг ҳар бир катта шаҳрида бор десак мумкин.Демак, тарқатиш (ҳам вақти-вақтида тарқатиш) учун васоиёт (вазият) бор. Фақат ўша васоиётдан тегишинча фойдаланиш йўқ. Мана бунга аҳамият бермак керак. Бу ҳалиги асосий масаламизнинг бир бети. Яна бир бети Ўзбекистонда, ўзбек тилида ҳеч тўқтамасдан, дам олмасдан доим ўз вақтида чиқиб туратурған бир журнал бўлунтиришдур. “Қизил Ўзбекистон”нинг сўнг сонида Тошканддаги “Таълим-тарбия” журнали билан Самарқанддаги “Маориф ва ўқитғувчи” журналининг бирлашганини ўқувдиқ. Бу – жуда яхши. Энди, мунга марҳум “Инқилоб”нинг меросларини ҳам (агар бўлса!) қўшулса ва жиддий, кенг, матонатли, доимий, тўла бир журнал чиқарилса бизнинг ва бошқаларнинг энг ҳақли талаби жойиға келган бўлур эди. Шундоқ, биродарлар. Матонатли, доимий бир ўзбекча журнал. Уни вақтида тарқататурган васоиёт. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/О%E2%80%98sha_қичиқ_масала. Downloaded from uzbekai.com.