Ўшда истироҳат уйи Абдулҳамид Чўлпон Ўшдаги собиқ ҳоким тўранинг шаддодий боғлари бу йил истироҳат уйи бўлуб, Фарғона ишчилари ва ҳукуматнинг масъул ходимлари учун роҳат-саодат манзили тусига киргандек бўлди. Ижтимоий муҳофаза (сосстрах) бу йил бу тўғриға жуда ҳамёнини очиб қўйди. – Кимлар учун? – Кимлар учун бўлар эди? Яна бир қанча паппалоқ акамлар, семиз лўнда билқиллаган баришнахонлар учун бунда бўлған базм ва сафоҳат эс кетарлик виждонлик кишиларнинг сочини тикка-тик тургузарликдир. Бунда мусулмонлар кўринмайди. Кўринмаслиги ҳам табиийдир. Чунки мусулмонлар учун фоний дунё роҳатининг даркори йўқдир. Мусулмон масъул ишчилари ҳали бу истироҳат уйининг кимлар учун ва кимлар суммасидан очилғонини билмайлар. Бошда беш-олтита оёқяланг ишчи ва батраклар бўлиши бароварида мусулмон комиллардан келган эканлар. Лекин уларга бу ер жаҳаннам каби торлик қилғон. Ҳалигилар буларнинг ҳолиға кулиб, …масхара қилганлар, ҳар вақт ҳазил-мазах гўё иштонсизлар почаси йиртиқдан кулганлар, кўп вақт уларга бериладиган овқатни еб, товоқ-қошиққача ялаб қўйғонлар. Ниҳоят, ҳалиги 4 – 5 меҳмон ҳам аразлаб ташлаб кетганлар. Девона аразласа, шўрвасига зарар. Ака, зардангни кимга қиласан? Лекин хўб яхши бир бўлған-да, нозик баришнахонлар олдида ваҳший ишчиларнинг кўкрак очиқ шалвураб юриши, бир столда овқат ейиши жуда макруҳ бир нарса эди. Мен борганимда бу истироҳатгоҳга кунда янги меҳмон келар эди. Шускунларда доимий равишда истироҳат қилувчи 88 киши. Бундан 8 таси мусулмон (ўзбек, бир тотор, бир қошғарлик – бу кейинги ҳисоб). Ҳаммасидан истироҳат қилишға ҳақли бўлғани 12 киши. 10 та камиссарлар ва уларнинг хотинлари, 7 таси ухожёрлик мақсадида келган, бизча айтганда, модабозлар, 8 таси қип-қизил хулиган болалар (яъни жувонмарглар), 5 таси менга ўхшаш эҳтимоллик келган саргардонлар, 12 таси ёш болалар, 6 таси ҳақиқий ишчилар. 6 ўзбек, 1 татар, 1 қашқарлик, 80 таси руслар. Мана истироҳат уйининг умумий ва расмий ҳисоби. Ҳафтада 8 кун байрам. Бир кечада 24 соат ўйин ҳам айшу ишрат, бир кунда беш маҳал овқат, бутун кечаси модабозлик, ҳар кечада 8 соат эчки ўйини. Икки ой ичида шу муборак боғчада 2 та никоҳ тўйи, битта ўғил тўйи, бир марта қўйди-чиқди ҳамда 8 та хотин ҳомиладор, 12 та қиз нишондор ва бир қанча эр-хотин замона касалига гирифтор. Бир қанча Лайли ва Мажнун юрагида муҳаббат олови аланга уриб, нах бемазани бешта қилди. Муштум оға! Миллатчилик билан мустамлакачиликни ажратолмағон қип-қизил ошқобоқларни бу ерга келиб, паст-баланд нима эканини ўз кўзи билан кўруб, ўз қулоғи билан эшитиб кетишини тавсия қиламиз. Хўжалик ишида, иқтисод йўлида хом-хатала бўлған ҳукумат арбоблари (ҳам) бу ерга келиб ибрат олсун! Бу дам олиш уйининг ходим, ходималари ҳам, Худо ҳаққи, юлдузни бенарвон урадир! Иложи бўлса, булардан ҳамма идора ва камисариятларға тарқатиш керак. Марҳум Ўш ҳокими ҳозирги ҳуррият замонида ўз боғида бўлуб турган айшу ишрат, завқу сафоҳатларни кўруб турса эди, “Ўҳў, булар биздан ўтказиб юборди-ку”, – деб рашк қилар эди. Истироҳат уйи турмушидан тўлиқ маълумот бериш учун бир неча ўзбек ёшлари тумшуқ тагида турган Уш угоркоми ва исполкомига маъруза қилсалар; улар қўйни бўрига топшириб ўшалар кабилардан контрўл юбормоқчилар. Э… шундоқ қилиш керак, ишбилармон катталар, бўлмаса ҳол хароб-ку… Ҳар нарса ерлилашганда шифохона ва истироҳат жойларида ҳам қоидалар ўзгарилсун, бўлмаса, ҳозирги кўриниш мустамлака кўринишидан бир кўринишдир. Агар сўзимиз ёлғон бўлса, ё сизни Худо урсин, ё бизни! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/О%E2%80%98shda_истироҳат_уйи. Downloaded from uzbekai.com.