Осмонда, ерда Абдулҳамид Чўлпон Қишлоқнинг мачити ҳайитдагидак тиқин. Эски, йиртуқ-ямоқ яктаклик, ялангоёқ деҳқонлар мачитнинг саҳнида қоқ ерда ўлтурадирлар. Нариги ёқда аллақанча тикка турған кишилар ҳам бор. Унда-мунда елкасига “бешотар” милтиқ осқан милиса йигитлар кўрунадирлар. Жамоа ижроқўмининг раиси шошилиб, пишилиб уёқ-буёққа чопиб юрадур, унинг қўлида бир неча ўзбакча газеталар, бир мунча хитобнома – шуларнинг ҳаммасини бир айб билан боғлаб олиб, кўтариб юрубдур… Уни – ҳали ҳам “Амин” деб атайдирлар. Мачитнинг эшигидан 5-6 та ёроғлиқ милисалар билан бўлус ижроқўмининг раиси келиб кирди. Унинг елкасида ёпунларнинг – ўзларига ўхшаған калта бўйлик – бешотарлари! Жамоа ижроқўм раиси югуриб, келганларнинг ёниға борадир. Бўлус ижроқўм раиси жамоа ижроқўм раисини кўргандан кейин: Хўш, эшони амин бошламадингизми? – деб сўрайдир. Унга қарши қишлоқ ижроқўм раиси кулиб туриб: Сизнинг келишингизга қаратиб туриб эдик, мингбоши додхоҳ! – дейдир. Бўлмаса бошлай бердик. Хўб. Жамоа ижроқўм раиси шошилғанча халқ орасиға кириб кетадир… Қизиқ ҳол: Ўзбекистоннинг – энг чекка ва қоронғи қишлоқларининг бирида бўлаётқан шу йиғин (митинга)да осмонда учуб юриш тўғрисида маъруза ўқудилар. Йиғин очилмасдан илгари қишлоқ йигитлари ўзаро қизиқ-қизиқ гапларни гапиришиб ўлтурарлар эди. Шундай айланиб юрсам ўнтача ёш йигит бир жойға тўпланиб олиб, кулуша-кулуша гаплашадирлар: Осмонда учамиз экан-да! Қийғирға ўхшаб-а? Ҳа, худди қийғирға ўхшаб. Йўқ-е… Биз қийғирдан ҳам ўтуб лочин бўлиб кетамиз! Бедана тутуб ейишни кўрунг бўлмасам. У вақтда қийғирнинг ҳам кераги йўқ. Какликни айтинг. Эй-й-й… маз-за!.. Уларнинг ёниға шаҳардан чиққан бир ташвиқотчи йигит борадир. Бир оз ҳалигиларнинг гапларини эшитиб турғандан кейин ҳалиги ташвиқотчи йигит ҳам гапга аралашиб, ҳаво кемаларининг иқтисод жиҳатидан келтиратурған фойдаларини тушунтириб кетадир. Мана унинг гаплари: Акалар, каклик билан бедана ейиш-ку, ҳали қийғир билан ҳам бўла беради-я. Лекин мана бу тўпаланг йилларида бузулған юртни, вайрон бўлған шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш керак. Ҳаммадан кўра мана бу иш зарур… Деҳқон йигитлар унинг гапини бўлиб: Рост айтасиз муллака, ҳаммадан ҳам бу зарур. Биз энди, бояғи гапларни ўйнашиб, ҳазиллашб айткан эдик-да! – дейдирлар. Шаҳарлик йигит сўрида давом қиладир: Майли, ҳазил ҳам керак. Беш-олти йилдан бери ҳазил юзини кўрганингиз йўқ. Гапимизга келайлик: ободлиқ деган нарса борди-келди қатнов билан бўладир. Қатновға от – арава, пойиз, кема керак. Буларнинг боролмайтурған жойиға тезлик билан, осонлиқ билан ҳаво кемаси борадир. Масалан: Қашқар томонға, Авғон томонлар узоқ яйловларға Маскав билан Тошкантнинг ўртаси тез юратурған пойизга беш кеча-кундузлик йўл бўлса, ҳаво кемага бир кеча-кундузлик йўл… Деҳқон йигитлар ҳайрон бўлиб, ёқаларини ушлайдирлар: Қаранг-а… Худоё тавба… Қани, ҳой биродарлар, яқинроқ келиб ўлтурунглар, шаҳардан келган меҳмонлар ваъз айтар эканлар! Жамоа ижроқўм раисининг баланд овоз билан айткан шу гапидан кейин ҳамма дув-дув жойидан жилиб даврани торроқ оладир. Йиғиннинг ўртасидан бўлис ижроқўм раисининг хириллаган, кучсиз, бўғуқ товуши эшитиладир: Яхшилаб қулоқ беринглар, тўпаланг, шовқун, ғовур-ғувур қилманглар, ўзингларга фойдалик гаплар бўлади! Ҳамма жим. Йиғиннинг ўртасига бир сандал қўюлған. Сандалнинг теварагида учта ёғоч эшак. Унда бўлус ва қишлоқ ижроқўмларининг раислари, шаҳардан келган икки мусулмон ташвиқотчи, бир оврўпали қизил камандир ўлтурадирлар. Жамоа ва бўлис ижроқўмларининг мирзалари билан, 2-3 та мелиса йигитлар ҳам бор ўша жойда… Маскавдами, Тошкантдами ўқуб ётқан ёш бир йигит “фўрум” кийим устидан ёзлиқ шоҳи тўн кийгани ҳолда, секингина сандал (танча)нинг устига чиқадир. Тутула бериб оёқлари банд-бандидан ажралған, сўлқиллаб қолған сандал, йигит чиқиши билан уёқ-буёққа қингғайиб қўядир… Йигит, бир-икки пиланглаб олиб, сандалга қарайдир-да уятқанидан енгилгина қизариб кулар… Тоғалар, акалар, оталар!… Йигитнинг жаранглаб тоза, кучлик овози шу сўзларга қанот қоқиб, йироқ-йироқларға олиб кетадир… Сўз тугагандан кейин ижроқўм раисларига эргашиб бир мунча киши секингина, эринчаклик билангина чаппак чалиб қўядир. Сандалга яна бир йигит чиқадир. Тажанглиги юзларидан белгили бўлған бу арвоқ ва қотма йигит, муаллим бўлса керак, бирдан баланд овоз билан сўз бошлаб, маориф масъаласидан тушадир. Йигит қизиди. Сандал ланг-ланг қиладир, йигитнинг қўллари уёқ-буёқларға учуб, бирушта қимирлаб турадир. Юзлари қип-қизарди, терлар дона-дона бўлуб, юзларида кўпиклашди… Йиғилғанлар жим, ҳеч ким қимирламайдир. Йигит – йиғилғанларнинг оғир жойларидан, яраларига ништар бўлуб тегатурған нарсалардан гапирди шекилли… Деҳқонлар орасида енглари билан кўзларини артганлар бўлди… Йигит сўзини тамом қилиб тушкандан кейин ижроқўм раислари чаппак чалмадилар; нимага десангиз, уларнинг енглари ҳам, даст-рўмоллари ҳам кўзларида эди… Оврупали камандир илгари ваъз айткан йигитдан сўради: Нимага булар йиғлайдирлар? Ваъз таъсирлик бўлди. Нима тўғрисида гапирди ўртоғимиз? Билмаслик, тушунмаслик тўғрисида!… Бунга роса 6 ой бўлди. Бир замон қиш вақтида йўл усти тўғри келиб қолди-ю, ўша қишлоқдан ўтдим. Менга таниш селижроқўм раиси бир кеча мени олиб қолди, кечаси, гулхан қилиб ўлтуруб кўп кишилар билан гаплашдим. Орада менга энг маъқул бўлған бир йигит бор эдиким, у ҳам бўлса – ўша қишлоқда шу йил очилған янги мактабнинг мудир ва муаллими! Муаллим, қишлоқ болаларидан хурсанд. Уларни мақтаб: Фавқулодда истеъдод бор. Миялари ҳеч нарса билан бузулмаған; тоза, кенг, худди ўзларининг толалариға ўхшайдир! – дейди. Ўткан куз ҳалиги йиғиндан 1-2 ой кейин ҳаво кеманинг учуб ўтканини кўрубдирлар. Шуни, меҳмонхонага тўпланған деҳқонлар жуда ғалати қилиб. Айтиб бердилар. Улар – хийла вақтқача “азкия” қилишдилар, “пайрав” боғлашдилар, бир-бирларини чандишдилар. Кулишдик. Мен ҳам дунё – оламнинг аҳволидан хийла гапириб бердим. Ош қилиб – чека ва қоронғи қишлоқларда юруб ҳам осмон билан ерни чайнашдик… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Осмонда%2C_ерда. Downloaded from uzbekai.com.