Ўтли сув Абдулҳамид Чўлпон Зўр денгизнинг тўлқинидир, бағрида Юз йилларнинг қонли қўрқинч изи бор. Юмшоқ сувдан бириктирган оғзида Шафқат билмас исёнларнинг сўзи бор! Қандай мағрур аҳмоқларким, тинч ерда Тот олурлар уни қарғаб, сўкмоқдан. Йўлчи бўлиб, йўлга чиққач, бу ерда Жон берарлар даҳшатидан, қўрқмоқдан. Қора булут кўзларидан кўп чоқлар Ҳовуч-ҳовуч янги кучлар оладир. Эй тинч ерда кулар юзли ўйноқлар, Сизга ёлғиз қовоғини соладир. Саватингиз, хуржунингиз, кўрдиким, Кўз ёшлари, қайғулар-ла тўлмишдир. Учиб ўтган йўлчилардан сўрдиким, Қўлингизда жон йигитлар ўлмишдир. Кўпирар ул, ҳовлиқар ул, тошар ул, Гўрингиздан наъра тортиб ошар ул!.. Тошкент. 1922, 23-март — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/О%CA%ББтли_сув. Downloaded from uzbekai.com.