Ўзбек давлат труппасида Абдулҳамид Чўлпон Эски шаҳар ижроқўмининг ёрдами билан ўзбек давлат труппаси ва қишлиқ “Турон” биноси яхши йўлға солиниб келмакдадир. Ижроқўмдан белгиланган вакилларнинг ташаббуси орқасида ҳозир “Турон” саҳнасининг декорациялари учун икки рассом ишлаб турадир. Саҳнанинг бошқа кам-кўстлари учун яна иккита дурадгор уста солинди. Бундан сўнг саҳнада қор, ёмғир ёғдириш, ой-кун чиқариш, шамол, булут қўзғотиш, ёруғлиқ, қоронгғилиқ қилиш учун керак бўлған асбоблар буюртилмоқдадир. Шу ишларнинг ҳаммаси январнинг яримларида тамом бўлғусидир. Декорацияларнинг кўпайиши, жиҳозларнинг ортиши саҳнанинг тузалиши натижасида Эски шаҳар халқи январь ойидан бошлаб ғоят жиддий ва зўр санъат асарларини томоша қилмоққа муваққат бўладилар. Январь ойида янги декорация ва янги жиҳозлар билан тўла ва мукаммал қилиниб ўйналатурған асарлар шунлардир. 7 нчи ва 8 нчи январда улуғ турк адибларидан Шамсиддин Сомибекнинг қадим Эрон асотиридан олиб ёзған машҳур “Коваи оҳангар” отли томошаси 14 нчи январда машҳур немис адиби Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”и, 16 нчи январда мазкур адибнинг “Босмачилар”и, 21 ва 22 нчи январда Ғози Юнуснинг Эрон асотирига оид “Заҳҳоки Морон”и, 28 нчи январда яна Шиллернинг “Босмачилар”и қўйилғусидир. Бу асарлар маданий миллатларнинг энг юксак саҳналарида ҳам кўп ўйналатурған, жиддий ва оғир нарсалардир. Бунларни ўйнамоқ, халқ олдида шу қадар жиддий нарсаларни жонлантирб кўрсатмак бизнинг ёш труппамиз учун катта бир имтиҳон кабидир. Ўзбек труппаси шу нарсаларни ўйнамоқ билан ўз кучига бир кўриш (маневра) ясаб ўткан бўладир. Ўзбек труппаси февраль ойи ва ундан сўнгғи ойлар учун ҳам “Фарҳод ва Ширин”, “Ёрқиной”, “Чин Темур ботир”, “Узунқулоқ бобо”, “Шайх Санъон” каби жиддий асарларни белгиламишдир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/О%E2%80%98zbek_давлат_труппасида. Downloaded from uzbekai.com.