Ўзбекистоннинг олтини Абдулҳамид Чўлпон Жумҳуриятимизнинг энг бой райони, хўжалиғнинг манбаи Фарғонадир. Фарғона пахта, қорамой, кўмирлар устиға яна бир қанча бойлиқларға эгадир. Жумҳуриятимиз яшаған, хўжалиқ ва рўзғоримиз тикланган сари бойлиқлар, ишлаб чиқаришлар яна кўпаймакда, яна кўп ҳосиллар бермакдадир. Фарғона шаҳари ҳозирда бу бойлиқларнинг тугал маркази бўлмаса ҳам, келгусида зовуд-фабрик, ишлаб чиқариш корхоналарига эга бўлғусидир. Ипак фабрикаси Хўжалиғи пилла – ипакчилик иши билан машғулдир. Бу хўжалиқларнинг 3/1 эҳтиёжини шу ишдан келган даромад қоплайди. Пиллачилик иши бошқа хўжалиқ ишларига қарағанда бир қанча енгил ва унумли саналади ҳам ортиқ харажат ва ишлаш учун ер талаб қилмайди. Деҳқонлар, бошқа хўжалиқ ишларига зарар еткизмасдан туриб, пилла – ипакчилик билан машғул бўла олғанлари орқасида бу ишдан бир қанчалаб даромад ола биладирлар. Пилла – ипакчилик ишининг ҳосили инқилоб вақтида, босмачилиқ даврида анча пасайиб кетиб, 19-20 нчи йилларда урушдан аввалги миқдорнинг 5 фоизинигина ташкил қилар эди. Бу ишга милли й чегараланишдан кейин аҳамият берилиши орқасида пилла – ипакчилик ишининг ҳосили урушдан аввалги миқдордан ўтиб кетди. Пилла қурти тутиш, уни вояга етказиш ва тўйдириш учун энг керакли мева-овқат тут дарахти – баргидир. Урушга қадар (ҳозирғи Ўзбекистон ўлчовида олғанда) тут дарахтлари 15 милён саналиб, босмачилиқ даврида деҳқон хўжалиғиға қаралмағандан, тут дарахтлари озайиб, ҳозирда 10 милёнга келди. Шундай бўлса ҳам тут дарахтидан фойдаланиш тузук йўлға қўйилғанлиғидан пилла ҳосили урушдан аввалги миқдордан ортди. Инқилобдан илгари пилла – ипакчилик ишлари хусусий сармоя қўлида бўлиши билан баробар бутун пилла чет элларга юборилиб, у жойларда ишлатагандан кейин Русияга киргизилар эди. Ипакка доимий эҳтиёжи бўлған маҳаллий халқ, ўз молини бир неча баробар қимматга қайтиб сотиб олишқа мажбур бўлар эди. Чет эл фабрикантлари пиллаларни хом ҳолида олиб кетишдан катта фойда қилар эдилар. Шунинг учун пиллани пилла етишадурған ернинг ўзида ишлаш, ипак тайёрлаш ишлари йўлида ҳеч қандай корхона йўқ эди. Иккинчидан, ўз ерида корхона бўлмағанлиғидан пилла баҳоси жуда арзон саналиши орқасида бу иш билан машғул деҳқонлар сарф харажатларини қайтариб ҳам ололмас эдилар. Шўролар даврида ҳар бир иш, айниқса қишлоқ хўжалиғини тиклаш иши деҳқонларнинг фойдасиға тўғрилаб қўйилғанлиғидан жумҳуриятимизда ипакчиликни ҳам деҳқонларға фойдалиқ қилиб йўлға қўйиш ишига киришилгандир. Биз ҳозир бир неча йилдан буён йўлға қўйилиб ишлаб келмакда бўлған Фарғона шаҳаридаги (Самарқандда янги очилған фабрикага ҳали тўхтаймиз) ипак фабрикаси билан фахрлана оламиз. Бу фабрика ўз орасиға маҳаллий халқдан ишчилар тўплаб, келгусида таянадирған истеҳкомимиз – пролетарият етказишда катта рўл ўйнайди. Бу фабриканинг муваффақияти ва тажрибаси орқасида Ўзбекистонда пилла ва ипакчилик ишини, бу йўлдағи саноатни катта одамлар билан олдинға олиб боришқа имкон очилади. Бир вақтда губернатур ва унга қарашлиқ порахўр чиновник – палискалар эга бўлған чиройлиқ, ёқимли, кўринишли Фарғона шаҳарига бу кун фабрик – зовуд ишчилари эгадирлар. Бу фабрика Ўзбекистон ипакчилиги фабрикасидир. Фабрика ва унинг идорасида бўлған ишларнинг оддийлиги ҳар бир кишининг ҳурсанд қилади. Кўзимиз ўрганган баҳайват маҳкама, юмшоқ мебеллар, асбоб-ускана тароқлашлар бу ерда йўқ. Бу ернинг кўриниши оддий, соддалиги пролетар макони эканлигига шоҳиддир. Фабрика ичига кириш билан, гулдир-гулдир машиналар атрофида пиллани қайнатиш, ишлаш, ўраб чиқариш ишлари билан машғул бўлған меҳнат эгаларини кўрасиз. Бу меҳнат эгалари ўзларингизнинг кунда кўрған, кунда учратган опа-сингил, ака-укаларингиздирлар. Ҳали бировга кўз кўтариб қарамайдирған номусли ўзбек қизлари, бошқалар билан биробар ҳуқуқли опа-сингиллар; ўзининг оддий кийимида бўлған хотин-халаж; чиройлиқ шоҳидан тикилган кийимли ва рўмолчасини ихчам ўраб олған кўзи қоралар ишлайди. Моҳир қўллар ишни тартиб, интизом ва тўғри йўл билан олиб боради. Ўзбекистоннинг қимматли олтини – ипакни юрзага келтиради. Фабрикадаги ерлик ишчилар ҳозир 71 прасентни ташкил этади. 1926 нчи йилдагига қарағанда 10 прасент ортқан. Ҳозирда фабрика 3 исмен билан ишлайди. Ишлаш ва янги ишчилар олиш яна кенгайди. Олинадирған ишчиларнинг бундан кейин ҳам энг кўби ерли халқлардан бўлади. Иш ҳақи 24 нчи йилда 100 прасент саналса, 25 нчи йилда 112 прасент, 26 нчи йилда 118 прасентга чиқди. Ишлаб чиқариш иши қуйидағача: ҳар бир тоза (пиллани ишлаб чиқарадурған қозон) 24 нчи йилда 39 пут 4 қадоқ пиллани ишлаб чиқарған бўлса, 25 нчи йилда 51 пут 32 қадоқ, 26 нчи йилда – 153 пут, 27 нчи йилда 195 пут 20 қадоқ ишлаб чиқарадирған бўлди. Келгуси 4-5 йил ичида янгидан қуриладирған ипак фабрикалари ўз атрофига ўн минглаб пролетарият тўплашни ўйлайдирлар. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/О%E2%80%98zbekistonning_олтини. Downloaded from uzbekai.com.