Пўртана Абдулҳамид Чўлпон Пўртана қўзғалди, пўртана юрди, Пўртана ўзини қирғоққа урди, Пўртана олдида бир кема кўрди: Ичида зич одам… ўйнатди, сурди! Ул кучли, ул ботир, ул қўрқмас, юраклик, Ул мағрур, керилган ҳам мажнун, ҳовлиқма; Фарёд дер қирғоқлар ундан, шу туғролик Шаҳардек кемалар унга бир «луқма»!.. Ул ўзи қон ичар, қон олар бўлса-да, Бағрида севгиси кучли. Бақириб, ўкириб, югуриб юрса-да, Гўзални суювга ўчли… Сув қизи: Чиройли, сочлари қоп-қора Бўйнидан сочилган, тарқоқ. Кўзлари дил тортар, йироқдан бир қара, Илиндинг… раҳмсиз ул тузоқ… Кўзлари кийикни кўр қилди, кўрмадинг, Сўзлари – булбулни тутқун; Юзлари ойларни ботирди, билмадинг, Булутлар остига қочиб кирди кун! Ана шу гўзални, ана шу малакни, Йўқ янглиш… фалакни Пўртана кўксида сақлар; Ерлар сарф этар ғайратни, эмакни Иш қилиб малакни, Йўқ… жаҳон, фалакни Оқ кўпик ичида оқлар! Баъзида ҳисобсиз оқ кўпик ичига Султондек тутқизар уни; Дам кўкка ирғитиб, дам тортар кўксига. Шу йўлда ўйнатар қизни, Кулдириб у нурли юзни, Суйдириб у оҳу кўзни, Қул қилиб сизни ҳам бизни… Кўпиклар… у оппоқ саноқсиз кўпиклар Юлдуздек жимирлаб туралар; Кўпиклар… у кичик, чиройли кўпиклар Ошиқнинг кўнглидан уралар… Қичқирар, бўкирар – ўкирар йўлбарсдек, Югурар, секрар, отилар девдек. Олдида ҳеч тўсиқ, ҳеч моне қўймасдек Интилар… ўнг-сўлин кўрмай!.. Кўтарса бошини, кўкларга тегадир, Булутлар, чақмоқлар даҳшатда; Эгса ул бўйнини кўп вақт эгадир, Сув тегин кўрасан ваҳшатда. Жонворлар қўрқувда… даҳшатда титрайдир, Балиқлар ўлимни куталар; Кучлиги кучсизни ютмайдир, ситмайдир, Қўрқувдан оғулар юталар!.. Денгиз тинч, қўрқув йўқ. Қиёмат ухлайдир. Пўртана жимжитдир – ўйда. Шамолни пўртана қўзғатмай сақлайдир, Қўзғалмоқ деган сўз йўқ ўйда… Бу маҳшар, қиёмат, пўртана. Тўлқинлар – Ҳаммаси йўқсилнинг кўнглида. Бир дамда дунёни куйдирар вулқонлар Ожизнинг у ўтли дилида… Ўйна, эй тўлқинлар, пўртана, даҳшат сол, Қирғоқлар титрасин қўрқиб; Кўк юзи, ер ости тинч бўлса – ваҳшат сол Дарёдан сув ташлаб, пуркаб! Бу меним кенг кўнглим ғалвани, жанжални, Тўполон, қўзғалиш, чувалаш, Исёнли, тўфонни Суядир; шунинг-чун дунёни, жаҳонни, Тоғ ва тош – Ҳаммасин ағдармоқ истайдир, Ёнадир, куядир… Ўйна, эй пўртана, тўхтатма, қувват ол, Чоғ келгач, эриниб ётма, ухлама, Бўлмасни йўқлама. Кўп эзган душмандан, Паст жондан Ўчни ол, ўчни ол, ўч ол!.. Тошкент. 1920, май — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/По%CA%ББртана. Downloaded from uzbekai.com.