Қадрли меҳмонларни қарши олиш Абдулҳамид Чўлпон Ақраб (ўктабр)нинг 2 нчи куни. Жумъа. Ҳамма бўш. Шу учун Эски шаҳар бир ҳайит (байрам) шаклини олған. Одам деган нарса жимир-жимир қайнайдур. Тегирмон тоши билан Чархи фалакнинг ораси қиёма-қиёмат! Қишлиқ тиётрунинг ўнг биқиниға ёппа йиғин кунлари учун атайлаб кичкинагина бир кўргазма (виставка) уюшдирилған. Қатор дўканларнинг бирида Фарғона пахтақўм идорасининг техника бўлаги томонидан пахтани экиб ва уни ишлаб чиқаратурған турли-туман мошиналар қўюлған, унинг ёнида яна пахта идорасининг ўзи томонидан пахтачилиққа оид бир бўлим очдирилған. Унинг ёнида ипакчилик бўлуми очилиб, унда ўзимизнинг тубжой ипакчилар пилла қайнатиб, ипак пишитиб, йигириб, ўраб ўлтурадурлар. Одамлар тиқилишиб, бир-бирини туртушуб туруб тамоша қиладурлар. Ўша ўртадағи самоворлар ҳам минди-минди. Одатдаги каби қатор-қатор чўзулуб кеткан киракаш извошлар йўқ. Ҳаммаси вағзалда, меҳмонларни кутадур: халқ ҳам – кўзи йўлда, катта кўчадан битта от қаттиғроқ чопиб кела бошласа ҳам: – Ана, ана келиб қолдилар! – деб бир қайнаб оладур. Темирйўл бекатининг тор майдончасини сира сўраманг: қиёмат! Шаҳарнинг ҳамма меҳнаткаш ташкилотлари шунда – байроқлари билан истиқболға чиққанлар. Қишлоқлардан келган деҳқон вакиллар – улар ҳам қаторға кириб, йўлға кўз тикканлар. Авғон боғнинг рўбарасига келган поез, севинчи сўраб ётқан боладак ўкирадур: – Тув, тув! Тув, тувввв… тув! Тўпаланг бошланадур. Тартиб сақлашқа имкон қолмайдур. Ҳар кимнинг фикри: улуғ меҳмонларни бир нафас бурун кўруб олиш! Тўпаланг, қий-чув ичида кўк адипли ҳипқит ва ўтхона вошшиллаб бекатга кириб келадур: яна минди-минди! Вағўндан бир мунча ҳукумат аъзолари билан бирга тушган ишчи-деҳқон оқсоқоли ўртоқ Охунбобо ўғли бекат саҳнига чизилған меҳнаткаш сафларини айланиб юруб, ҳаммаларига бир қурдан “салом” берадур. Сўнгра бекатнинг ёниға солинған гўзал минбардан туман – шаҳар ижроқўмининг раиси ўртоқ Ҳаким Хўжаефнинг йўғон, лекин кучи озроқ, бўшангроқ овози кўтариладур: – Ўртоқлар! Мен Андижон туман – шаҳар фирқа қўмитаси ва ижроқўми томонидан шаҳаримизга марҳамат қилған азиз меҳмонларға “хуш келдингиз!” айтаман. Олқиш тўфони. “Урра!”, “Яшасун, Ўзбекистон марказ ҳукумати!” деган товушлар. Ўртоқ Ҳаким Хўжаефдан кейин вилоят ижроқўми томонидан ўртоқ Алихўжаеф сўз олиб меҳмонларни “хуш келдингиз!” қиладур ва Андижонда очилатурған мажлисдан жумҳуриятимизнинг ва шу жумладан Фарғонанинг хўжалиқ жиҳатидан кўтарилиши йўлида жиддий қарорлар умид қиладур. Ундан сўнг навбат билан темирйўл ишчилари, қўшчилар, касабачилар ва қизил кашшофлар “хуш келдингиз!” қилдилар. Буларнинг ҳаммасига ўртоқ Охунбобо ўғли жавоб берди ва ёппа йиғиннинг аҳамиятини ва унинг рўзномасидаги масъалаларнинг моҳиятини хулоса қилиб ўтди. Шундан сўнг ҳамма ҳозирун Эски шаҳарга қараб жўнайдур. Эски шаҳарда ҳам ўша биноқат бўлуб кутиш, ўша “ана-ана!”лар ўша “минди-минди”! Наримониф боқчаси қаршисидағи кенг майдонга тақтадан ўроқ-болға ҳайкали ясалған. Ҳайкалнинг ярим белидан туруб Ҳаким Хўжаеф мажлисни очадур ва ўзи туман фирқақўм ва ижроқўм томонидан қутлағандан кейин, навбат билан Муҳаммадали Отабоеф (қора ишчи, профсоюз томонидан), Бадалбоеф (ёшлардан), Қурбониф (уйғурлардан) “хуш келдингиз!” қиладурлар. Уларга ўртоқ Охунбобо ўғли жавоб бериб – каммунистлар фирқасининг миллият сиёсатидан, миллий чегараланишдан, Ўзбекистоннинг тузулишидан, очилғуси мажлисдан ва унинг вазифаларидан гапирадур. Ундан сўнг Ўзбекистон марказ фирқақўм жавобгар котиби ўртоқ Акмал Икромиф сўз олиб, Ўзбекистон каммунистлар фирқаси ва шўролар ҳукумати қошида турған энг муҳим масъалалардан маълумот берадур. Халқ орасида ўртоқ Охунбобоеф тўғрисида, умуман ёппа мажлис тўғрисида кўб гап бўлуб турди. Йиғин (митинг)га тўпланған халқни, “молларни арзон қилиш” масъаласи анча қизиқтирадур. Бир косиб бир қўлидағи бир боғ пиёзни у қўлиға олиб туруб ёнидағи кишига: – Молни арзон қилиш деган гап ҳам яхши гап. Ҳукуматимиз шундоқ ишларга бел боғлаған бўлса – яхши, иш қилиб… яхши! – дейдир. Йиғин тугагач ўртоқ Охунбобо ўғли ўт аравага ўтуруб жўнайдур, орқасидан бир мунча халқ уни анча жойғача узатиб, “яшасун!” қилиб борадур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қадрли_меҳмонларни_қарши_олиш. Downloaded from uzbekai.com.