Қаландар Ишқи Абдулҳамид Чўлпон Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку, Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку. Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир, Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку. Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси,аё дўстлар, Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку. Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим, Кўзимдан ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку. Қаландардек юриб дунёни кездим,топмайин ёрни, Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку. Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар, Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку. Боку, 1920 — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қаландар_Ишқи. Downloaded from uzbekai.com.