Қатъий дамларда Абдулҳамид Чўлпон Бундан 50-60 йил илгариги Франция-Германия урушида Францияни янчиб, эзган Германия букун Франция остида янчилиб бормоқдадир. Илгари “ғолибият” билан гердайиб, катта-кичикни, ёш-қарини, гуноҳли-гуноҳсизни ажратмай ястаған гермон афисерларининг “шарафлик” вазифаларини букун Рур музофотида француз афисерлари ортиқ даражада қобилият ва “усталиқ” билан адо қиладирлар. Рурдаги француз ёввойилиғи оғизларда достон, тиллада мақол бўлди. Ғарб газеталаридан баъзи бирлари француз панжасида Рурнинг кундалик воқеаларини ёзар экан “жабр ва зулм шууноти” деган маънилик бир сарлавҳа қўядирлар. Шу ҳолда… шу ҳолда бутун шу “жабр ва зулм”га кўндаланг бўлған Германия халқи, олмон миллати ўзининг мувосачи ҳукуматидан қандай қизиқ, қандай ажиб нағмаларни эшитадир! Бу кун шу нозик дақиқада, масъалани ё уёқ, ё буёқ қилиб, узул-кесил ҳал этатурған қатъий дамларда, “мувосачи” афандилар қандай фикрда юрадирлар? Шундай нозик ва қатъият талаб этган дамларда, Пруссия дохилия нозири мувосачи Зверинг туруб: “Германиянинг миллатчи-тескаричиларига қаттиғ ҳужум қиладир”. Пруссия Миллат мажлисида зўр тантана ва дабдаба билан бир нутқ сўзлаб бир тарафдан: “Ўнглар ташкилотининг тарқатилиб, қурол-яроғлари тортиб олинишини талаб қиладир”. Иккинчи томондан эса: “Ортиқча бузулуб, йўлдан чиқиб кетган тескаричилар босқинидан ишчи халқни муҳофазат қилмоқ учун тузулган ишчи ташкилотларининг ҳам тарқатилишини талаб қиладир. Ҳолбуки, Зверингнинг бу ҳаракати, бу ҳужуми аслида кўбрак ишчиларга қаршидир. Мувосачиларнинг ўнгларга ҳужуми, кўбрак, тилдагина бўладир”. Аҳвол жуда мужмал, жуда чучмал. Қатъий бир йўл тутулмағанда бу мужмал аҳволдан қутулуб бўлмас. “Маскав правда”си айтгандек: “Шу мужмал аҳволдан қутулмоқ учун қўлларида муайян бир проғрамлари, йўл-йўруқлари бўлған фирқалар, подишоҳчилар билан каммунист фирқаларидир. Буларнинг аввалгилари мужмалликдан қутулмоқ учун, тож ва тахтни тиргизиб, юрт бошиға бир подишоҳни ўтқазиб қўюб, сўнгра Францияга қарши уруш очарлар, иккинчилари бўлса мамлакатда ҳақиқий ўзгариш ясаб, шўролар Русияси билан иттифоқ боғларлар. Бу икки фирқанинг қайси бири зўр келса ҳам Франция билан узулишлик бор”. Шунинг учун ҳозирғи чучмал вазият орасида юраги дукиллаб турғанлар орасида, фақат мувосачи Зверинг ва шерикларининггина эмас, Пуанқара, Банар Lou, Керзон ҳам Муссолиниларнинг ҳам қаторлашиб турғанлиғини кўруб турамиз… Ҳар ҳолда, бундай қатъий дамларнинг бирдан чиқиб қолатурған қатъий воқеалари ҳам кўб бўладир!.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қат%E2%80%99ий_дамларда. Downloaded from uzbekai.com.