Қаердан топқан эканлар?! Абдулҳамид Чўлпон Бу кун баъзи бир бўлус ижроқўм бошлиқларининг ўғулларини тўй қилиш ниятида ўн кунлаб тўй-тамошо қилиб, аллақандоқ ўринсиз, беҳуда исрофларга урнаб турғанлиқларини эшитмакдамиз. Мана шулар жумласидан, Исфара бўлус ижроқўмининг бошлиғи Отабой ўғли деган бир “олийҳиммат” ўртоғимиз Марғилондан тортиб қизиқчилар чақириб, ақлға тўғри келмайтурған ишлар, дабдабалар билан тўй қилмоқдалар. Бу кишининг қилған сарфлари, тутқан ишларини эшитиб: “Бунча пулни бу ўртоғимиз қаердан топқан эканлар?” деб киши ҳайрон бўладур. Воқеан, бу кун қишлоқ, бўлус ижроқўмларимиз ойлиқ ололмай, тузукрак бир таъминотга эга бўлмай турғанлари вақтда Исфара волижроқўмининг бу хилда пул чочиб, дабдабали тўйлар қилиши қизиқ ва сирли бир ишдур. Мана бу тўй, бизга икки турли масъалани келтириб чиқарадур: 1) ўртоқ Отабой ўғли бунчалик тўй қилишдан катта бир бойнинг боласиға, мерос бойбаччасига ўхшайдур. Бу ҳолда Исфара меҳнаткашларининг устида бу хилда бойбаччанинг ижроқўм бўлуб ўтуришга ким йўл берди? 2) Ўртоқ Отабой ўғли ўтурған мансабларидан фойдаланиб, Исфара ишчи-деҳқонларининг терисини сидириб чўнтакларини тўлдирғанға ўхшайдурлар. Исфара волижроқўми тўғрисида бир вақтлар газета бетларида ёзилған шикоятлар шу эҳтимолнинг ҳақиқат эканлигига тонуқлиқ берадир. Мана бу ҳоллар кўрсатадурким, пастги шўро ташкилотлари меҳнаткаш деҳқонларнинг бошлиғи ва йўлбошчиси бўлуш ўрниға, уларнинг кучидан, пешона терисидан фойдаланатурған ҳар хил чайқовчи кишиларнинг қўлида ўйинчоқдур. Шунинг учун пастги шўро ташкилотларини тозалаш, яхшилаб ва мустаҳкам йўлға қўйиш масъаласи энг муҳим ва зарбали бир йўсунға қўйилиши керак. Бу кунгача бу тўғрида, оғизда, қоғозда гапириб келган бўлсақ, эндиликда иш ва қатъий ҳаракат билан ҳал этишимиз, пастки шўро ташкилотларидан шу хилда бузуқ, ярамас унсурларни ҳайдашимиз лозим. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қаердан_топқан_эканлар%3F%21. Downloaded from uzbekai.com.