Қайтиш йўқ Абдулҳамид Чўлпон Февраль инқилоби ўтининг тутантируғлари ўчоққа келтирилуб қўйилған бўлса-да, гўгирт ҳали чақилгани йўқ эди. Петроград меҳнаткаши ул вақтда – шул ўчоққа ўт тутантиришни ўз бўйнига олуб, ниятни маҳкамлаган бўлса-да, ҳали гўгиртни тоба олгани йўқ эди. Ҳали Февраль инқилобина, чамамда, бир ойдан ортиқроқ вақт бор эди. Туркистон ва туркистонликларнинг бошига “бало” ёғмурлари, “қазо” селлари ёғдируб кеткан қора булутлар ҳали кўздан йўқолмаган, кўкмак сиёсат осмонининг ул… нари чеккасида ўзининг девга ўхшаган хунук чеҳраси билан кўрунуб турар эди… Ул булутларнинг “ҳокими мутлақи” бўлғон Николайнинг бугун “қарияи шоҳона” (подшоҳ қишлоқчаси Сарское село)нинг хаёлий тўқай (ўрмон)лари ичина эски ҳикояларда айтиладурған сари саройларга ўхшатуб солинған гўшакининг, боқча тарафдаги айвонида “муборий Распутин”нинг “муқаддас хаёли” билан хаёллануб ўлтурған эртага “узун мўйлов бобой” билан бирга Пскоф йўлида кетуб борған шоҳона вагоннинг ойнаги олдида ўлтуруб, қўрқа-қўрқа ташқарига қараган вақтлари эди… Ул ҳали бир ойдан кейин бўладурган “(ҳ)ангама”ларни ўйламас, ҳамон, ҳамон… шу салтанат, шу кайф, шу сафо билан умр ўтказишлигига ишонар эди. “Трудовик” Керенский ҳам ҳали граммофун лаппагидай чарчамас оғзини очмаган, шамол вақтида бир тўқтамай айланадурган пилдироқдай тилини ҳам калдиратишга бошламаган эди… Онасининг қорнида экан, “Чин рус иттифоқи” аъзолигина ёзилуб, ажал фариштасиндан монархистликка қоғоз олган “ҳурматли” Пуришкевич-да ўзи мансуб бўлган “Иттифоқи муқаддас ва муборак”нинг 1917 нчи йилда қиладургон ҳаракат ва фаолиятинда йўллар изламак, лойиҳалар тузулмак ила машғул эди. Караулоф-да жойидан туруб журъат билан бақирмаган, Чехаидзе билан Чеханкали ҳам ҳали трибуна (курсии хитобат)да олинадигон вазият ҳақинда ҳеч нарса ўйламаганлар эди. Букунги кунда меҳнаткаш инқилобининг муташаккил душмани бўлган Родзанко-да ул вақтда ҳали тез вақтда “Муваққат қўмита” раиси бўлуб бутун Русияга бир неча кун ҳоким бўлишликни эмас, думада қўнғироқ чалавуруб қўли толишлигини ҳам ўйлагани йўқ эди… Ҳурматли ўртоқ Ленин ҳали Оврупода Маркс назариясининг асосларини онтар-тўнтар қилиш билан машғул; бир кун келуб унинг инқилоби йўлинда раҳбар бўлтургони Русия меҳнаткашининг қувватлик бўлгон инқилоби ҳиддатининг яқиндай-ла мавж уруб, пишқируб кетишлигини балки хотирига ҳам келтиргани йўқ эди… Билмадим, биродар Тротский ўзининг оташли қалбини, ўртоқ Зиновеф билан Исвердлофлар ўзларининг маҳкам матонатларини қайда, қайси бурчакда сақлаб тургон эдилар экан?.. Инқилобнинг жуда чаплашиб кетишиндан қўрқуб Сибир ҳукуматининг қучоғина сиғинган қора “адмирал” Колчак тарафиндан – бир даҳор Русиянинг ички ишларини аралашмайдурган қилинуб – Оврупога “узатилган” Овксентеф, билмадим, қаерда эди?.. Русиянинг бугунги “Маҳди”си бўлгон Колчак тўрам Қора денгиз бўйларинда ботирилган турк уруш кемаси “Мажидия”нинг мазори устинда кўкрак керуб тенгиз зобитларина зафар хитоблари сўзламакда эди… Деникин тўрам улуғ Оврупо урушининг қулоч етмас майдонларинда, Юденич ҳам шул майдонларнинг бир чеккасинда Туркистондан келган “сорт” рабочиларини бир маротаба кўздан ўтказуб, хандақ кавлатмак учун урушнинг олдинги сафларига юборган эди… Бизнинг “Каклик тўра”миз эса, букунги “Оқ уй” (Белый дом)нинг ўртасиндаги қишлиқ боқчасинда ўлтуруб Жиззах “қаҳрамони” полковник Иванофнинг Фарғонада қилган фаолият ҳаракатларини 5-6 варақлик “ахборот” (донесоние)лардан ўқуб билуб, унинг чинини (мартабасини) яна бир поғона оширишни сўраб “зоти шоҳона” (Николай)га мурожаат этмоқчи эди… Хайр, ул шу кунларда “мардикор исёни”га аралашканликлари учун ҳарбий маҳкама тарафидан ўлим жазосина ҳукм этилган бир неча “осий сортлар”нинг ҳам гуноҳини “марҳамат қилуб” озроқ кечуб, “ўлим жазоси” деган ҳукмнинг 20 йиллик Сибир билан алмашдирган эди… Унинг қулоқларидан ўзининг Тошканд шаҳар думасида, Андижонда маориф нозири (инспектур) Кузнетсуфга қарши сортларни мақтаб сўзлаган нутқи ва ул нутқдан кейин урулган қарсакларнинг овози ҳам йўқ бўлмаган, хаёл кўзи эса, ул нутқ муносабати ила “ўлка бошлиғи” (начальник края)ни жуда мақтаб ёзган “Элонура Дексун”нинг мақоласини ҳали ҳам ажойиб шодлик билан кўриб турмоқда эди… Полковник Иваноф ҳам Фарғонада ўз фаолиятини ижро қилмоқда давом эта эди… Хулоса, ҳамма нарса ўша “эски, гўзал, роҳат” вақтларнинг қонунлари ила секин-секин айланмакда эди… Ўша вақтда, ўша истибдод идорасининг энг шиддатлик вақтларида чаплиги билан шуҳрат чиқарган бир газета идорасида ҳайъати таҳририя аъзоси синфи ила мен ҳам хизмат этар эдим. Шу газетани чиқаруб, бошқаруб тургон кишилар ва шулар орасинда мен ҳам ул вақтдаги ҳукуматнинг тескари назарини қилган эдик. Газета идорасиндан чиқуб Николай кўчаси (ҳозирги Керенский) бўйлаб уйга қайтганимизда ёки матбаъага борганимизда магазинлар олдидаги искамейкаларга гулдай бўлушуб чизилишуб ўлтургон эр ва хотунлар бизга қарашуб алланима деб бижирлашар, сўйлашарлар, бир-бирларига имо ва ишорат қилишурлар эди. Ул вақтнинг муҳофизлари бўлган ўғри полисалар бизга шубҳалик назар билан хўмрайиб-хўмрайиб қарарлар, қўллариндан келса, алланима қилгундай бир чеҳра кўрсатурлар эди… Шул вақтда биз, бизнинг шериклар ул вақтда “чаплик” аталган фикримизни тарқатиш йўлинда давом этмакда эдик. Бир кун идорада зарур иш бўлганлиги учун (мусулмонча газета чиқариш хусусинда) кечка қолдим. Мен идорадан чиқған вақтда кечаси соат бир яримдан ўткан эди. Чиқдим: кўчадан жон асари йўқ… Жим-жит… Шу дамда ширин уйқуда ёткан одамлар билан бирга гўё бутун коинот, бутун борлиқ ухлар эди… Атрофимга яхшилаб қарадим, мендан бошқа жон асари йўқ эди. Ёлғиз йироқда, йироқда мусофирхона (нумера) олдинда ўзининг нурларини чачуб турган электрик фонаринда бир хил қалтираш, титраш сезилар эди. Тун қоронғу… Кўчалар лой… Кўнгилсиз… Сиёсий ҳаво ундан ҳам қоронғу, ундан ҳам кўнгилсиз; кўнгилсизлик билан илгари (ҳ)атладим. Қийин бўлди. Лойнинг энг ёпишқоқ ерларидан юрушка тўғри келди. Шу ҳолда уйга қандай қилуб лойга ботмай бора оламан? Миямда бу савол бўлгани ҳолда ўзим ҳамон оёқларимни чапланиб босуб илгари (ҳ)атлар эдим. Бир кўча ўткандан кейин бурчакда бир фойтун кўрдим; фойтун эгаси (извушник) арба ичинда ухлар, отлар ҳам бошларини пастга эгуб ухларлар эди… Яқин бордим. Бир оз қараб турдим, қаттиғ ухлаган экан, уйғонмади. Яна яқинроқ боруб: “Биродар!.. Турунг!..”, дедим. Яна уйғонмади. Яна қаттиқроқ айтдим: “Ҳўй, биродар!”. Секингина бошини кўтаруб: “Нима?” деди. Мени олуб боруб қўйинг. Қаерга? зовудига. Бир ярим сўм берасиз-да. Хўб… Бир (ҳ)атлаб фойтун эгари (козла)га чиқди. Чу!.. кетдик! Индамай отни ҳайдаб ул боради, баъзан-баъзан лой чачратиб отлар борадилар, қоронғи ўйлар ўйлаб мен бораман… Бир оз борган эдик, рўбарўмиздан бир полиса маъмури (полицейский) чиқди: Тўқта, извушник!.. Одам бор! (занят). Фойтунчи юра берди… Тўқта, дейман!.. Занят, афандим!.. Тўқта, ярамас (негодяй), тўқта, дедим. Тўқтадик. Маъмур афанди келди-да, менга қараб: Сиз ким? Бир одам. Қандай одам? Тўғри бир одам! Қандай одам? – деб аччиғланди маъмур. Аччиғингиз келмасин, афандим. Бир фуқаро… Ҳукумат одам эмас? Йўқ. Тушингиз фойтундан! На учун? Чиновник особих поручений…га керак. Менга ҳам керак! Тушинг, бошқа гап!.. Еталаб тушируб қўйди, ўзи фойтунга ўлтуруб кетди, мен қотуб қодим… Керенский вақти… Ҳуррият, адолат, мусовот, уҳувват шиорлари… Бир китобчамни босдурмоқ учун Хўқандга боришга деб поездга чиқдим. Поезд кетишига жуда яқин қолди. Зўрға билет олуб улгурдим, вагонга чиқдим. 3 инчи классда халқ яхши бош олган жўгаридай лиқ тўлгон, тикка туруб кетишга ҳам мумкин бўлмади… Поезд қўзғалганда югуруб 2-га ўтдим. Унда ҳам одам кўб. Локин унчамас. Йиқилуб, қисилуб бир хонага кирдим. 9 киши мусулмонлар бор эди, мени қабул этдилар; 10 бўлдик… Бошқа хоналарин овруполи “буржуйлар” 6-7, баъзиларида 5 киши ичдан бекитуб олганлар, ҳеч ким киргизилмайди. Бир хонада(н) бир тарафка семиз чиновник чўзилуб ётуб, ёнидаги кичкина бир “ойим”га ҳадеб Корнилуфни ёмонлаб, мусовот ва ҳурриятни мақтаб кетаяпти… Бир вақтда – 2 киши келди, бириси офисар, бириси темирйўл чиновниги. Хоналарни қараб юруб бизнинг хонага келган офисар: – Муна мунда ерлилар ўтирадилар, – деди. Давай! Давай! Бизнинг хонага келуб чиновник: Хонани бўшатингиз гражданлар! Хўш, нимага? Зобитлар хайъати (офицерский состав) учун банд. Йўқ, биз ҳам билет олган. Озмисиз билет олгансиз (мало что ли!). Офитсар ғазабланди: Чиқингиз, гражданлар! Ғалвани кераги йўқ… Бошқа хоналар-чи? Сиз бошқа хоналарга бўлинг, бу хона нумерлик ва фақат (ўзини кўрсатуб) бизнинг учун банд!.. Йўқ, сиз бизга жой топуб берингиз! Хўп, топуб берамиз! – дедилар. Чиқдик. 4 офисар келуб ерлашди. Эшикни ичдан бекитиб олдилар. Маъмур боруб бизни ҳамма хонага жойлашдираман деб кўрди, овруполи қардошлар унамадилар. Бўлди жанжал, бўлди жанжал… 2-3 истанса ўтди. Ундан кейин маъмур ҳам тушуб кетди, жой ҳам бўлмади… Биз каридорда тикка туруб кетдик… Кўнглим шу нарсаларни ўйлаганда айтди: Эски замонга қайтиш йўқ! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қайтиш_ё%E2%80%98q. Downloaded from uzbekai.com.