Қишлоқларда Абдулҳамид Чўлпон Фарғонанинг эски шаҳарларидан биттасидамиз. “Чархифалак” деган жой, бозорнинг ўртаси. Уёқ сомовор (чойхона); буёқ сомовор, ўртасидан тўла суви билан бир анҳор ўтадур. Анҳорнинг қоқ ўртасига бир сўрича қўюлған. Асад (июль) ойи. Кун жуда қизиған. Ҳаво, Сўфи Оллоёр айткандак: “Миска ўхшаб қизған”. Дунё тўнгкарилиб қолған иссиғ мис идиш дейсиз… Ҳар кимнинг қўлида бир елпиғуч, елпинадур, “оҳ-воҳ” қиладур… Бозорларда санқираб юратурған овора итлар ҳам кўрунмайлар. Суяк умид қилиб қоссоблар олдида, ошхоналар теграсида ҳамма вақт айланатурған бозор итлари, соя жойларға кириб ухлаш ҳаракатидалар… Катта тоғора билан чоч айран қилиб, ўртасига катта икки парча муз солиб қўйған айранчи, айранни ҳар шопирған сари енги билан юзини артадур. Бурунғидай: “устаси манбайдан, шогирди таралайдан келган айран!” деб бақириб, мақтаб сотишқа ҳам ҳавсаласи йўқ… У мақтамаса ҳам ўткан-кетканлар бир пиёла совуқ айран ичмасдан ўтмайдурлар. Жангр-р-р-р… Жунгр-р-р-р… Шалдир-р-р-р… Шулдир-р-р-р… Бу ҳозирғи вақтларда чайнак ўрниға ишлатилатурған чойдишлардан чиққан товуш… Тўпаланг йилларида чайнаклар ҳам қолмаған эди. Янгилари келгунча очилған сомоворларда кичкина-кичкина сарғич келган қизил мисдан чиройлиқ енгил чойдишчалар пайдо бўлған. Чойни пиёлага қуймоқ учун чойдишчанинг бўйнини эгсангиз, қопқоғидағи кичкина қутичаға жойланған майда тош парчалари уёқ-буёққа ўтуб ёқимли, жангираган товуш чиқарадурлар… Сомоворчи ҳам ярим ухлаб, ярим уйғоқ ўлтуруб чойдишчаларға сув қуядур. Сомоворда ўлтурғанлар ҳам оғанаш ҳаракатида… Бизнинг катимиз – сўричамиз онҳорнинг қоқ ўртасида биз билан сув орасида бир қарич очиқлиқ бор. Картлик оёқлариға шалоплаб теккандан кейин, икки ажралиб, шир-шир оқиб кетаётқан сувларнинг бетида кичкина хашакчалар ўйнаб-ўйнаб оқиб борадурлар. Кат устида ётқанлар ҳам, иссиғнинг шиддатидан ўзларини сувға ташламоқчи ва ўша хашаклардек сув қўйнида аллақайларға судралиб кетмакчи бўладурлар! Қаршимиздағи сўричада қишлоқ халқи эканликлари афтларидан билиниб турған икки киши ўлтурадур. Биз билан қўшни бўлсалар ҳам бир-биримиз билан таниш эмасмиз. Улар гоҳ-гоҳ бизга қарайдурлар, биз ҳам тез-тез уларга қараймиз. Бизда шулар билан танишмак, шуларнинг қаерлиқ эканликларини билмак, билгандан кейин турған жойлари ва яшаған қишлоқлари тўғрисида бир нарса эшитмак ҳаваси қўзғолди. Қандоқ қилиб бўлса ҳам танишмак истар эдик. Қишлоқ халқи, асти ўзи бетакаллуф бўладур. Биттамиз сўрадиқ: Сиз шаҳарлик эмасмисиз? Йўқ, биз қишлоқ одами. Қайси қишлоқдан? “Моси”дан. Бозорқўрғон “Моси”сиданми? Шу билан гаплашиб кетабердик. Кенг тала. Қатор-қатор талалар; ўтлар, баъзи жойларда бир-икки туп қайрағоч ҳам бор. У дарахтларнинг ўртаси кўм-кўк қамиш. Шамол келган сари шатир-шутур товуш чиқарадур. Қамиш орасидан чигиртка, шом яқинлашиб, қоронғи тушиши билан “чир-чир” қилиб қулоқларни ейдур… Баландроқ бир жойдан қарангиз у ер – бу ерда зўр-зўр оловларнинг гулдираб ётқанини кўрасиз. Нима бу қишлоққа ўт кетдими? Йўқ, тўпаланг вақтида экин ерларни босиб кеткан қишлоқларға деҳқонлар ўт қўйғанлардур. Кесиб тамом қилиш мумкин эмас. Қамиш ёниб-ёниб тўхтағандан кейин деҳқон хотун бола-чақаси билан талада: Ерини шудгар қиладир! Yo‘лингиз яна қишлоққа тушуб қолди. Yo отлиқ ё пиёда тала йўли билан кетиб борасиз. Йироқдан қўш, омоч кўринадур. От йўқ. Нима бало? Оновилар ер ҳайдаб ётқан деҳқонлар эмасми? От борми, йўқми? Мен кўрмай ётибман. От йўқ, муллака. Ҳўкуз қўшғанми? Йўқ муллака. Эшакми? Йўқ муллака. Ҳа, бўлмаса омочқа нима қўшқан? Нима билан ҳайдайдур? Одам билан… Ерга яқинлашдингиз. Қамишлар шатир-шутур қилиб орқангизда қолиб борадур. Неча йилдан бери чопилмаған ориқлар кўкатлар остида қолиб кеткан, кўрунмайдур. Ориқ, чарчаған отингиз йиқилай-йиқилай деб орқадан ўтди. Кўзингиз экинлик ерда. Кўз олдингизда чиндан фожи’ бир кўруниш очиладур: Эски, пачоқ бир омоч… Орқада омочни ушлаб бораётқан бир одам… Олдида отнинг, ҳўкузнинг ўрнида иккита одам… Дона-дона оччиғ, заҳарлик терилар яланғоч танларидан юмаланиб тушуб борадурлар… Юзлари – совуған ўчоқдай бўлған… Ҳансираб, чарчаб, ҳориб-толиб чидамлик оёқларини илгари босадурлар… Асад (июль) ойлари… Ҳаво “Мисдек қизған”… Иссиғлиқ – ерни даҳшатлик қучоғиға олиб, жониворларнинг ҳаммасини қўғурмоқчи, кабоб қилмоқчи… Қишлоқ одамлари тез-тез терларини артиб гапиралар. Биз ҳам – иссиғлиқни эсдан чиқариб юбориб, бутун борлиғимиз билан қишлоқиларнинг гапини тинглаймиз. Ўша деҳқонларнинг чангқоғларини қондириб келаётқан онҳор суви, севиниб-севиниб оқиб борадир. Қишлоқилар гапни давом этдирадурлар. Биз тинглаймиз. Асад (июль) ойлари… Ҳаво “Мисдак қизған”… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қишлоқларда. Downloaded from uzbekai.com.