«Қизил Шарқ» поезди келди Абдулҳамид Чўлпон Кўбдан бери дўрт кўз билан кутканимиз, унинг тўғрисида кўб нарсалар эшитканимиз “Қизил Шарқ” поезди ахири Тошкантға келди. 13 нчи март кеч соат 5 ларда мазкур поез ўзининг мазаматлик дилбар ва қизиқ кўриниши билан қизил Тошкантнинг улуғ темирйўл истансасига келуб тўқтади. Эски дунёдан мерос бўлуб қолған умумий баробалиқ натижаси бўлса керакки, унинг келиши тайинлик эмас эди. Тасодифан чиқиб қолған кишиларгагина уни кутуб олмоқ мумкин бўлди. Ҳукумат вакиллари, эссизким, йўқ эдилар. Эски дунёнинг даҳшатлик поездлари Шарққа, Шарқнинг ижтимоий инқилобда дарвозаси бўлган Туркистонға илгари ҳарамлар, фоҳишалар, қарта коғазлари ва бошқа шунинг каби исрофот нарсалари таший эдилар. Ул нарсаларга айрибош қилуб Туркистон деҳқонининг пешана терилари билан топган бор-йўғини, топган-тутганини олуб кетар эдилар. Янги замоннинг гўзал совғаларидан бири бўлған бу поез Туркистонға ва шунинг ила баробар бутун Шарқға: илм-маърифат, ёруғлуқ, ойдинлиқ, соғлом фикр, яхши тилаклар, иссиғ саломлар олуб кела. Унларга айрибош қилуб Туркистон ҳам ўзининг чин тилаклари, орзу ва олқишларилари, биродарона саломларини юборажакдир. Меҳнаткаш Кунботиш билан эзилган Кунчиқиш иттифоқи, бирлиги шудир. Уни бошловчи, очиқ кўрсатувчи бу “Қизил Шарқ поези”дир! Бу поезнинг ўзининг улуғ бир босмахонаси, симсиз телегром истансаси, касалхона, ишхона, қироат-кутубхоналари бордир. Босмахонасида поезддаги “Рўста” шўъбаси томонидан ўзбак, татар, қирғиз, туркман, форсий ва рус тилларида кун аралаш газеталар чиқуб турадир. Туркистон халқининг шиква ва шикоятларини эшитмоқ учун махсус бюроси бордир. Поез бошида ўртоқ Сафариф турадир. Бу поезнинг бизга келтирган қийматлик ҳадиялари бизнинг муҳтож билганимиз иш кишиларидирки, бунлар: ичкари Русия меҳнаткаш газеталарининг бошида турган ўткур қаламли муҳаррирлардан Шаҳид ўртоқ Аҳмадийиф, ишлик кишилардан Маҳмуд Будайли, Файзи Султонбек, Чанишеф ва Бурнашеф ўртоқлардирлар. Шунлар билан бирга Туркистондан юборилган вакил Муҳаммаджон Бесириф ҳам қайтди. Туркистондаги асира сингил ва опалар ичида ишламоқ учун бир неча ишлик хотун-қизлар ҳам келганларки, бу ҳадияларнинг энг баҳоли ва қадрлисидир. Ортиқ, ғарб, ғарбнинг озод қитъаси ўзининг ҳақиқий юзини, чин ва соф қалбини очадир. Поезнинг босмахонасида 4 сонга қадар чиқған “Қизил Шарқ” газетаси бутунлай янги имло билан чиқмишдир ва бошидагиларнинг янги қизғин ёқловчилари эканларини билдикким, бу бизим учун зўр севинчдир. Шарққа Ғарбдан ҳақиқий ёрдам келди, ҳақиқий фикр етказилди. Энди биз унларнинг ёнига кируб бутун дунё мазлумларининг саҳовати учун чолишсак бўладир. “Қизил Шарқ” поезини олқишлаб қарши оламиз ва ўзи ила баробар келтирган қийматлик армуғонларига: – Хуш келдингиз, азиз ўртоқлар! деймиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/%C2%АБҚизил_Шарқ%C2%BB_поезди_келди. Downloaded from uzbekai.com.