Раҳматуллоҳ Султонов Абдулҳамид Чўлпон Ўктабрнинг 18 нчи куни 10 ларда Эски Тошкент оғриқхонасида ўшлик талабалардан Раҳматуллоҳ Султонов вафот қилиб, эртаси куни ғариблар мазориға дафн этилди. Ғариблар мазори – ҳукумат томонидан мусофир ғариблар мазори учун айриб қўйилған бир парча ердир. Ул ердаги бир мунча ғариб – мусофирлар ёниға дўстим Раҳматуллоҳ ҳам қўйилди, кетди… Ул-да ғариб – мусофир бўлди, ғариблар мусофирлар қаториға кирди… На қизиқ тасодиф! Ўзи бир вақт менга: “Меним учун Туркистоннинг ҳар ери ватандир!” деган эди; бироқ, яш бўлғанлиқдан ҳали “бутун дунё – ҳамма ер бари меним ватаним” дея олғани йўқ эди. Шундай эътиқодлик бир руҳ ғариблар – мусофирлар мазорига кўмилди. Унинг туғилған ери пойиз ва отлиқ бўлиб 3-4 кунли йўлдир. Бироқ, ул мусофир бўлди… Марҳум асл Фарғона вилояти Ўш шаҳаридан бўлиб, илм суйганлиги ила мени ва меним билан бирга кўпларни ҳайратда қолдирған эди. Эски уяз вақтида мен уни Ўш ерли-рус мактабининг ҳам кундузги ва ҳам кечки дарсларига жуда тириша-тириша юрган вақтида таниған эдим. Керенский вақтида ва эски идоранинг сўнг нафасларида Андижон шаҳар рушдияси (Городское училище)да ўқур эди. 19 нчи йилда унга Турк (ул вақтда Турк эди!) билим юрти талабаси эди. Мундан 4-5 ой бурун уни Андижонда “Ватан қаҳрамонлари” деган бир песа ўйналғанда яш, ботир қизил зобит рўлида кўрган эдим. Ул рўлни ул ҳаддан ташқари яхши ўйнаған эди. 2 ойлар бурун уни мунда учратдим. Ул бу ерга ўқумоқ учун келган бўлса керак, локин мен уни бу кўрувда ортиқ қўрқған эдим: чунки ул сил (чохиртка)га чалинган эди… Шул дард уни “ғариблар мозориға” судраб кетди. Шунинг билан Ўш халқи: умидлик бир муаллим, ғайратли бир талабаларидан, Туркистон саҳнаси уста бир оқтйўридан айрилди; мен бўлса қадрлик бир дўстимни йўқотдим. 17-18 ёшлик бир дўстларини йўқотқан яш талабалар, кўнглингиз тинч бўлсун! Унинг орқасидан тағин минглаб етишар; амал деган нарса кўб, ўлимлар билан кела. Мунинг учун кўп қайғирувға ярамайдир. Етим қолған ота-онаға тасалли, унинг ўзига тинч турмиш, енгил тупроқ тилайман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Раҳматуллоҳ_Султонов. Downloaded from uzbekai.com.