Рус тилини ўрганишнинг фойдаси ҳақида Абдулҳамид Чўлпон Дунё бамисли як работ, дар он дудараст, Ҳар рўз дар ин сарой қавм дигар аст. (Дунё гўёки икки эшикли работ, Ҳар куни қавмлар ўзгариб туради.) Саъдий Мана бу дунё яратилғандин бу замонға қадар шулай бўлуб келади. Дуняда бўлған ҳар бир мамлакатнинг тарихина назар қилсақ, кўрамизки, ҳурматли Саъдий жанобларининг сўзлари ҳар бирисининг тиллодин ортуқдур. Бу дунёга бировлар кетуб, анинг ўрниға иккинчиси келуб, бу дунё шул кўпинча айланиб турадур. Муна бизнинг Туркистон вилоятимиз қанча мартаба бузулуб, қанча мартаба тузалиб, Саъдий жанобларининг айтқани шекилли қанча кишилар келди, қанчалари кетди. Замони минан машҳур Искандар Румий бизнинг Туркистон вилоятини олиб бир подшолик ясаған эди. Ул вақтда бизнинг боболаримиз бадавий бир ўрундин иккинчи ўрунға кўчуб юрур эдилар. Дунёдин ҳеч жабри йўқ қай жер (ер) ўтлов бўлса, шунда кўчиб боруб қимиз минан қатиқдин бошқани билмас, ўқуш-ўқутуш нима эканин ўйламасди эдилар. Искандар Румий қўлиндин келганча бизларга кўб зулмлар қилди. Анинг қўйған ҳокимлари одатдин, қонундин таш ишлар ижро қилуб ниҳоясиз зулм келтурди. Бизнинг ҳар бир зотимиз минан фойдаланди. Лекин бизға уч пуллук фойда қилғани йўқ. Бизларга на мактаб ва на мадраса бино қилди. Мундай бизнинг дунё охиринда роҳат бўлувимизға сабаб бўладурган ишни ҳеч қилған эмасдур. Бизнинг мол-мулкимизни худди ўзининг ватани бўлган Македонияға ташиди. Ўз юртин бизнинг кўчимиз минан бой қилди, ғаний этди. Шунинг учун-да Искандарнинг подшолиғи юз йилдин ортуққа бормасдин вайрон бўлди. Искандарнинг подшолиғи бузулуб, вайрон бўлғандин неча юз йил кейин бизнинг Туркистонимизни араблар келуб олдилар. Бизлардек исломни қабул этдук. Шунинг минан бирга араб маданиятин қабул қилуб, қанча ўрунларға мактаб, мадрасалар солдуқ. Бутун Туркистон ул вақтларда бир беҳишт шекилли бўлди. Ул вақтлар Бухоро, Самарқанд бутун дунёға машҳур бўлуб дунёнинг ҳар тарафидин сайёҳлар, шогирдлар бизнинг мамлакатимизға тўлар эдилар. Бизнинг Туркистонни билмаган одам ер юзинда қолмас эди. Бу вақтимиз кўб ўзмади, Қитой ёғиндин Чингизхон деган бир одам чиқуб, бизнинг мамлакатимизни барбод қилуб, остин-устинга келтурди. Қанча бегуноҳ бандаларни қўй шакилли қируб, масжид-мадрасаларни хароб, вайрон қилди. Бу одам-да Искандар Румий шакилли бизга ҳеч нима бермай, хароб этиш, вайрон қилишдин бошқа ҳеч нарса кўрсатгани йўқ. Бу одамнинг қилған ишлари, бузған бинолари бу замонда кўзимиз олдинда турубди. Худо ўзининг паноҳида сақласун. Бунинг-да жафосидин қутқазди. Чингизхон подшолиғи бузулди. Ҳама иш ўзимизга қолди. Машҳур Амир Темуримиз қанча мамлакатларни fath қилуб, етти иқлимнинг тўртини олуб, бешинчиси бўлған Қитой мамлакатига борған вақтда йўлда вафот этдилар. Мундин сўнг ишимиз бир оз йиллар тузув бўлса-да, кейин ҳеч бир ишимиз ўнгалмади. Хонларимиз бекорға киши қонин тўкди. Бир-бирина ёв бўлуб, қанча қирилишлар, ўлтуришлар бўлуб, ҳеч бир ёруқ кун бўлмади. Бола онасин сўйди. Хотун эрин заҳарлади. Туну кун хавф-хатарда бўлуб, бир роҳатлик бўлмади. Бир овул икинчи овулнинг молин талаб, бир халқнинг одами икинчисининг хотун-қизларин ўғурлаб, фуқаро жуда камбағал, ниҳоясиз даражада хор эдилар. Бизларда ҳеч роҳатлик ҳеч касб, ҳеч бир ҳунар бўлмас эди. Бор билган ҳунаримиз талов, ёв-ёв бўлув, урушув эди. Бизнинг шундай роҳатсиз кунларимизда Худо ўзи бизни оқпошшонинг фуқароси қилди. Ҳар ерда тинчлиқ, ҳар ерда роҳатлик бутун Туркистон бойлиқ минан роҳатликка ғарқ бўлди. Муна Искандар кетди – араблар келди, араблар кетди – Чингизхон келди, ниҳоят, букун боримизда бир иттифоқ минан оқподшонинг фуқароси бўлдуқ. Хурматли Саъдий жанобларининг ҳар бир сўзи ҳақ экан. Юқорида мен Искандар ва бошқаларнинг бизларга ҳеч бир нима бермаганин, балки биздин қанча фойдаланса-да, алардин жабр-зулмдин бошқани кўрмаганимизни ёзған эдим. Бизлар эмди ҳозирги кунимизга қарайиқ. Бизнинг бурунғи мусулмонобод вақти минан ҳозирги ҳолимизни текшуруб қарасақ кўрамизки, ул вақт минан ҳозирги ҳолимиз орасида жер минан кўк шакилли айирма бор. Мусулмонобод вақтларида бизнинг Тошкандимизни баъзан Хўқанд хонлиги, баъзан Бухоро, баъзан Туркистон хонлиғи келуб чопиб олур эди. Ул вақтларда бизнинг қанча молимиз, қанча жонимиз ҳалок бўлур эди. Туни-куни хавф-хатарда бўлуб, шаҳарнинг қўрғонининг ташина чиқуб, жой қилув асло мумкин эмас эди. Қўрғоннинг ташига чиқдинг эса ҳозир каллангни чопуб олишқа тайёр турувчилар бор эрди. Ҳозирда ул вақтлардағи қўрғон, ул вақтлардағи хатар, ташвишлар қайда қолди? Бойлик тарафин ўйласақ, ҳозирда Худо бизга шул қадар неъмат берганга ул вақтларимизға қарағанда биримиз ўн ҳисса ортди. Мусулмонобод вақтларда нимамиз бор эди? Бир сафар минан бир от, бир омоч минан бир ҳўкуз, бошқа нима давлатимиз бор эди? Ул вақтларда гурунч ботмони уч-тўрт сўм бўлса, ҳозирда эллик сўм эмасму? Буғдой ики сўм – бир сўм бўлса, ҳозирда йигирма сўм эмасми? Ҳозирги паровончилиқ daraxtzorlik мусулмонобод вақтларда биттаси йўқ эди. Бурун Тошканд минан Писканд ораси тўрт кунлик йўл эди. Ҳозирда кўб юрганда тўрт соат борадилар. Мусулмонобод вақтда Ўрунбурға йилда бир мартаба боруб келса кўб хурсанд бўлур эдилар. Ҳозирда икки кунда борув мумкин бўлди. Бурун чўлистон бўлган жерлар обод бўлди. Ариқсиз, сувсиз ётқан ўрунларға ариқ қозилуб, сув келтирди. Буларни ким қилди? Худоёрхонми, Насриддинхонми, қайсилари қилдилар? Муна буларди ўйлаб қарасақ, уламомиз бўлсун, авомимиз бўлсун хурсанд бўлуб, оқподшонинг фуқароси бўлғанға Худоға шукрлик қилурмиз. Ўқуш тарафин қарасоқ, албатта, бурунғи замонимизға қарағанда кўб тузумимиз қанча мактаблар очилди. Қанча ишкўллар солинди. Болаларимиз ҳар қаювсида ўқув-ёзув билуб, ҳар ишга уста бўлуб қолдилар. Бизни русча билсунлар деб қанча ўрунларға ишқўллар солдилар. Бизлар ўзимиз нодон бўлғанимиздин шунда кўруб ўқувни яратмаймиз, болаларимиз ўрус бўлуб кетади деб қўрқуб, беҳуда ўйлар минан ўқумай нодон қолувимизни ортиқ кўрамиз. Бизга тайёр мактаб бўлса, тайёр домла бўлса, нимаки бизга бекорға умримизни ўткарамиз? Бизнинг шариатимизда ҳар бир илмни билмак дуруст бўлса, бу ўрусча, бу фалонча деб фарқ қилмай ўзимиз учун солинған ишкўлларға кируб ўқийиқ. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Рус_тилини_о%E2%80%98rganishning_фойдаси_ҳақида. Downloaded from uzbekai.com.