Савод қурслари Абдулҳамид Чўлпон Ёз вақтларида қизил қўшун орасидаги сиёсий маориф ишчиларининг кўмаги билан бирдан кўпайиб кетган савод қурслари куз ойларида яна хийла сусайиб қолған эди. Ҳозир, мана бу сўнг кундарда, савод қурслари яна кўпайиб борадур. Саводсизлиқни тугатиш тўғрисида яна бир қадар жонланиш кўрилмакдадур. Илгарилари бизда баъзи бир нарсалар, айниқса, шундай қурслар бирдан кучайиб, гуруллаб кетиб, кейин – ғўзапоя ёқған ўтдек – сусайиб, пастлаб кетар эди. Андижон маориф назоратининг саводсизликни тугатиш бўлимчаси илгариги тўртта қурс устига яна тўртани очди. Бу қурслар эски шаҳарда халқнинг ғужум ерида Кўтак тегирмон деган жойдадур. Жалолободга қарашлиқ Сузоқ деган қишлоқда ҳам савод мактаби очилди. Қишлоқларда савод мактаблари очишға ҳаракат қилиш Андижон маориф назоратининг яхши ва олқишлайтурған қадамларидандур. Шу хил қурсларни янги мактаблари бор бўлған бошқа қишлоқларда ҳам очмоқ керак. Янги очилған қурсларнинг қолған икиси шаҳар ичида бўлуб, улари, фақат, ишчилар учундур. Масалан: биринчи пахта завути олдида тубжой халқ ишчилари учун бир мактаб очилди. Темир йўл яқинида темир йўлдаги оврупалик ишчилар учун бир қурс очилди. Бирдан кўб ва катта ишни бошлаб сўнгра ташлаб юбориш бизда одат қаториға қираёздир. Бунинг зарарини инқилобнинг бурунғи йилларида кўб кўруб, эслаб ҳам қолдик. Эмди оз бўлса ҳам, кичкина бўлса ҳам пухта ва асослик иш бошлаб, шуни секин-секин илгари босдириб, кенгайтиш, зўрайтиш керакдур. Маориф назоратининг бу кейинги очқан тўрта савод қурсларини шу умид билан қарши оламиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Савод_қурслари. Downloaded from uzbekai.com.