Шаҳардан – қишлоққа! Абдулҳамид Чўлпон I Хўп муллака, учовинглар ярим сўмдан бир ярим сўм беринглар, мана мен бир пастда олиб бориб ташлайман. Яшгина, чеҳраси иссиққина бир йигит шу сўзларни айтиб, белбоғиға қистирилған чиройлиқ қамчисини қўлиға олиб, ёнимизға келди. Шерикларимиз орасида гапга уста, маҳмадана, эпчили Самиъжон эди. Илгари, йигитнинг қўлидан қамчисини тортиб олиб, ёнида турған Зокирхўжани ўтар-ўтмас қилиб бир-иккита урғандан кейин: Пулда гап йўқ яхши йигит. Топқанимизни берамиз, индамай олаберасиз. Лекин, гап шундаким, бизни олиб бориб ташлабғина қўймасдан, кечгача ўша ерда биз билан бирга юриб кечқурун яна олиб келиб қўясиз, – деди. Хўп муллака, мен сизларни хурсанд қилай, сиз мени рози қилинг. Бўладими? Аравакаш йигит югуриб бориб – бўйниларига қатор-қатор оқ мунчоқлар таққан отиға бир ирғиб минди ва аравани гумирлатиб келиб ёнимизға тўхтади. Самиъжон икки отлаб отнинг ёниға борди, уёқ-буёғиға яхшилаб назар солғандан кейин: Яхши йигит, от жойида! Мунчоқларни ҳам хўб эринмай осибсиз. Аммо лекин орада туморчалар кўрунмайдир? – деди. Аравакаш йигит шундак яхши отиға кўз тегиб кетишидан қўрқмабдир- да! – дедим мен. Тумори бор эди-ю муллака, латталари жуда ёмон титилиб кетган экан, янгилатгани бериб эдим, – деди аравакаш. Латтаси титилган туморнинг хосияти ҳам бир ёғлиқ бўлғандур!.. – деди Муслимжон. Гумур-гумур сайвон араванинг ичида 5-6 киши шундақа қилиб йўлға чиқдик. Туркистонимизда янги шаҳар – эски шаҳар деб иккига бўлинмаган ва бирор баландроқ жойиға битта “турпоқ қўрғон” солинмаған шаҳар борми экан? Йўқдир. Бўлса ҳам битта ё иккита. Гумбурлама сайвон аравада кетаёткан 5-6 киши – бизлар ҳам янги шаҳарнинг бир чекасидан, “турпоқ қўрғон”нинг бир ёнбошидан, унча ҳам баланд бўлмаған бир адирни ошиб ўтдик. Адирнинг нариги юзидан пастга қараб тушаётканимизда қаршимизда гўзал бир манзара кўруниш очди: Кўзга равшан кўрунарлик бир масофада қатор-қатор адирлар чўзилиб кетган. Адирларнинг баъзи бир жойлари булутдан тушган кўланкадек чучмалгина қорайиб турадир; ана ўша жойларға буғдой экилган. Адирнинг бошқа жойлари кўклам – баҳор чоғида келатурған лойқа суврак қорамтил сарғайиб турадир, у жойларға ҳеч нарса экилмаган. Адирнинг энг тепа жойларидан – йироқлардағи қорлиқ тоғларнинг энг баланд ерлари, кўкка қараб чўзилған чўққилари кўрунадир. Адирнинг энг тепасидан кўруниб турған қорлиқ тоғлар – баланд деворнинг устидан оппоқлагиси билан мўралаб турған кампирга ўхшайдур… Берида – пастда сийрак бир ўрмон – бир тўқай ёйилиб ёнадур. Фақат, бу ўрмон – бошқа мамлакатлардаги ўрмонлардек бир хил дарахтлардан бириккан эмас; мунда тут, тол, қайрағоч, ўрик, олма, гилос, бақатерак, мирзатерак… ҳамма нарса бор. Дарахтларнинг тагларида “шир-шир” шириллаб тиниқ, ўйноқи сувлар оқиб ётадир. Дарахтларнинг ораларида – чорси қилиниб бўлинган майдончаларда турлук-турлук экинлар униб, ўсиб турадир… Самиъжон экилган экинларнинг ҳар бирини бир санаб, уларнинг қачон экилиб, қачон ва неча мартаба суғорилиб, қачон чопилиб, қачон ўрилишини игнасидан ипигача тушунтириб борадир. Сами’, еч, ташла бу калта, тор кийимларингни! Ҳа, нима бўлди? Сен деҳқончилиқ ишларини, қишлоқ зиндагарчилиғини бир қишлоқидан ортиқ биласан. Қўлингға бир кетмон олиб, 5-10 таноб ерни экиб, обод қилиб ётмасдан, калта, тор кийимлар орасида сиқилиб нима қиласан? Хайр – майри йўқ. Сен агар бир қишлоққа бориб деҳқончилиқ қилсанг – қишлоқ халқиға ҳам кўп фойданг тегадир. Нуҳ замонидан қолған омочларнинг ўрнига янги, осон фойдалик қуролларни ўзинг ишлатиб кўрсатасан. Бу билан қишлоқ халқи, маданий деҳқончилиққа ўрганадир. Бу – бир. Ундан кейин ўша қишлоқни ва унинг ёни-беридаги бошқа қишлоқни маориф, билим тўғриларидан ҳам юксалтишга ҳаракат қиласан. Сендек қишлоқ халқининг руҳиға яқин турған бир йигит бу йўлда ҳаракат қилса, шубҳасиз жуда кўп натижаларга эришади. Самиъжон ўйлаб кетди. Сами’, мунча чуқур ўйлаб кетдинг? “Қайси қишлоққа ўрунлашсам экан” деб, қишлоқ танлаб қолдингми? Баракалла! Самиъжон уйғотилған кўзлари билан менга бир қараб олди ва оғир, ўйчан овоз билан: Ҳали, қишлоқ танлаш қаёқда дейсан? Шаҳардан қандай қилиб ажралиш ўйи билан чуваламан дейди-да, яна аравакашнинг йиртиқ чопониға тикилиб ўйға ботди… – Сами’, тур етиб қолдик! Самиъжон секингина бошини кўтарди. Биз индамасдангина аравадан топ-топ туша бошлаған эдик, у ҳам бир қўлини араванинг шотисиға қўюб туриб, ирғиб ерга тушди. Гўристоннинг ёниға, кичкина анҳорчанинг бўйиға самоворчининг бир гилам – бир шолчасини ёйдик-да устки кийимларимизни ечмакка бошладик. Анҳор, 10-15 тупроқ зина билан чиқилатурған тепанинг устидан гўристоннинг бўйлаб ўтадир. Анҳор билан зинанинг ораси, ниҳояти, икки қулоч келадир. Уёғи – пастлик биз борған жой – катта бир мозор. Ҳалиги пастлик ўша мозорнинг кенг майдони текис ва салқин ҳовлиси. Пастда, ҳудди бизнинг ёнғинамизда кичкинагина, лекин чуқур бир ҳовуз бор. Ҳовузнинг бир тарафидан кирган сув, нариги тарафидан секин-секин чиқиб кетиб турадир. Ҳовуздан чиққан сувға бир самоворчи “парра – шамол” ўрнатибдир-да, унинг шабодасида бемалол ухлаб ётибдур. Пастда, у ер – бу ерга ўрунлашкан 5-6 та самовор, бир-иккита қассоб, боққол ва мевафурушлар бор. Нарида – пишиқ ғиштдан ясалған болахоналик икки хона уй бор. Уйларнинг ўртасида яна пишиқ ғиштдан ишланган ҳовуз. Ҳовузнинг тўрт чеккасида пилапоя – зиналар бор. Унинг девориға, одам белича жойға ёғочдан тарнов ўрнаштирилган. Ҳалиги тарновдан ҳовузға муздек совуқ сув – булоқ суви тушадир. Шорр-шорр-шорр!.. Булоқ уйларнинг олдида 3-4 та лунгини илиб қўйиб ёшқина бир шайх ўлтурадир. Баъзилар “савоб” деб, баъзилар “лунги пули” деб шайхга оз-моз пул қолдириб кетадирлар… Шайх ҳам, оз демай кўп демай “қуллуқ” қилиб олиб қоладир! Булоқнинг орқасида яна бир зина бор; у билан ҳам ҳалиги тепага чиқиладир. Зинадан чиққан ҳамон яна бояғи анҳорча; ундан ўткач мозор эгасининг мақбараси, ундан нариси кенг гўристон… Мозор – кичкина бир уйдан иморат; уй олдида – икки томондан чириб, ранги ўчиб кеткан иккита ёғоч; устида ярим сиқим ҳам келмайтурған от думи – қора қил… Мақбара (сағана) олдиға бир ёғоч карт қўюб, икки шайх ўлтурған. Пастда, катта бир қабр тошнинг устида ёш бир кўр бола ўлтуруб, ҳасрат овози билан Қуръон ўқуйдир… Самиъжон, самоворчидан эскирган, сирлари кўчиб кетиб – қуруқ миси қолған бир патнус сўраб олиб, гўшт-ёғ, сабзи-пиёз, гуруч олиб келди. Ана, кўзларидан ёшларини тўка-тўка пиёз тўғрайдир. Ҳа, Сами’ онанг ўлдими? Ёшға тўлған кўзларини бир-икки мартаба чип-чип юмиб оладир-да: Ҳа, катта холангиз ўлиб қолди… кўб яхши хотун эди, раҳматлик! – деб қўядир. Самиъжон ҳансираб юриб ошни пиширгунча биз – бир неча киши – Ҳиндистон миллатчиларининг бошлиғи “Гандҳи” тўғрисида француз адиби “Рўман Рўллар”нинг (Роман Роллан – I.М.) асарини ўқуймиз. Орамизда икки истудент (олий мактаб талабалари) бор. Улардан бири ўқуйдир. Бири таржима қиладир. Сўнгра: “Рўман Рўллари”нинг даъволарини ҳинд камунисти “Равий”нинг даъволари билан чоғишдириб кўрамиз. У тўғрида бир нарса айтар-айтмас талабалардан биттаси ўзбекча газеталарнинг тили тўғрисида сўз қўзғатадир. Бу тўғрида ҳам узул-кесил бир фикрга келмай туриб, гапимиз саҳнадаги асарларга, ижроқўм сайловлариға, маориф ишларига кўчадир. Масъалалар ҳам, йигитларнинг кўнглидак сакраб, ирғиб, чопиб юрадир! Ошдан кейин Самиъжон билан Сайфидин ўзаро ҳазил қилишиб, бири-бирини пийпалашка киришдилар. Биз, уларнинг ҳазилларига унча кўнгил ҳам қўйғанимиз йўқ; бир-биримиз билан чандишиб ўлтурамиз. Бир вақт “шолоп!” деган товуш эшитамиз. Қарасак: Самиъжон билан Сайфидин қучоқлашиб ҳовузға юмаланғанлар. Шундан сўнг “сув ўюни” – “сувга пишиш ҳазили” бошланди. Кучлиграк биттаси кучсизрак биттасини судраб олиб бориб ҳовузға юмалатадир; нариги – юмаланған ҳам мунинг оёғиға осилған бўлса, унинг кетидан бунинг ўзи ҳам кетадир… Шундай қилиб ҳамма бир қур – кўйлак-мўйлаги била ҳовузни айланиб чиқғандан кейин, яна жимлик ўрунлашадир. У – унда, бу – мунда; ҳамма ўз бошиға кийим қурутмоқ билан овора! Ёз ойлари нимаси? – юпқа, енгил кийимлар тезда қуриб қоладир. Яна жойимизға ўлтуришиб жой ичишамиз. Бу сафар ҳам суҳбат қизадир: Хотун-қизларни мактабларга қандоқ олиб келиш, қиз мактабларини кўпайтириш тўғрисида сўз очиладир. Гув-гув, ғовур-ғувур гап, сўз! Охирда қамчисини ўйната-ўйната аравакаш келадир-да: Қани муллакалар, кеч кирди, энди аста-секин жўнашиб қолсакми экан? Аравани қўшиб қўйдим – дейдир. Қўзғаламиз. Аравага тушуб, алвон ранглик, кенг таланинг бағридан қайтиб ўтиб кетар экан: Сами’, қишлоққа чиқиш нима бўлди? Дарров эсингдан чиқдими? – деди. Бу сафар афтини жиддийлаштирди. Кўзларида янги тилаклар қўзғалғандай бўлди. Бир нарсага ният қилмоқчи бўлған кишидай – хаёл кўзларини йироқларға ташлаб туриб: Шаҳардан қишлоққа! Бу сўзнинг қандай зўр тилакларга тилмоч бўлғанини ўзум ҳам тушуниб қолдим. Рост айтасан: шаҳардан қишлоққа! – деди. Кун биздан юз-юз эллик қадам йироқлиқда турған адирчанинг ҳазилакам ўюндак кичкина, “бурди йўқ” чўққилари устидан аста-секин пастга қараб, шаҳар устига юмланиб борадир. Унинг сўнг шуълалари адир устидаги уч-тўрт туп “заранг” дарахтларининг шохларида, хушёқмас, эринчак болалардек эркаланиб, чўзилиб, ёйилиб ётадир… II Бу сафар биз уч отлиқ – чанг йўлда от чопишиб борамиз. Кун эндигина адирларни тирмашиб келадир. Унинг эрталабки гудак тиғлари – гўрустоннинг “беш панжа” суратлик алам ёғочиға келиб тушган; чириб, занг босиб, ранги ҳам билинмай кетган мис панжараларни йилтиллатишга тиришадир… Қишлоқ яқин. Дарахтлари кўрина бошлади. Кўпрукни ўтсак – қишлоқнинг талалариға кирамиз. Эй-й-й… шу кичкина сойға ҳам кўпрук емишми? Сувдан кечаберамиз! – деди биттаси. Биз индамадик. Кўпрукка етмасдан туриб сойнинг кичиги келиб қолди. Индамасдан отни буруб, сойға тушдик. Онлар ҳам, сувга тушканларига хурсанд бўлдилар, танларига совуқ сув тегиб хуш ёқди шекилик, сойнинг чуқурроқ ерларига сура бошладилар. Биз ҳам қўйиб бердик… Талалардан ўтуб борамиз. Ғўзанинг иккинчи чопиқ вақти. Мардикорлар ҳали талаға чиқмағанлар. Бир вақт битта шеригимиз: Ана, ана! – деб бақирди. Қарадик. Наридан-теграси тут билан ўралған экинлик ерда пешонасига рўмолчани эшиб боғланған ялангғоч бошлиқ биров ҳадеб кетман чопиб ётадур. Яқинроқ бориб, ҳаммамиз бирдан: Хорманг йигит! – дедик. Йигит илгари бир мартаба қараб олди, кетманини секингина ерга қўюб жўяклар орасидан юриб – ёнимизға келди. Сайфидин ҳазиллашиб туриб, у йигитни бизга танитди: Мана бу деҳқон йигит, шаҳарни ташлаб қишлоққа кўчкан ўзимизнинг эски бир биродаримиз! Исми шарифини билмайман… Самиъжон кулди, эшиб боғланған рўмолчасини бошидан олиб туриб: Сараст, шаҳарингизнинг тор ва сиқиқ кўчаларидан, чекланган ва бўғуқ маъволаридан қочиб – мана шу кенг талаларға чиққан биз камина бандангиз! – деди. Ўзимиз, Самиъжонни кўруб, бир оз гаплашгач қайтмоқчи эдик. У қўймади. Йўқ, йўқ… сен ишдан қоласан, Сами’! Ҳозир, айни ғўза чопиқ вақти, бир кунинг ҳам ғанимат! – дедик. Йўқ… бу баҳонангиз ўтмайдир. Кўнманг қанча қийматлигини сиздан ортиқ биламан. Эртага ҳашар чақирғанмен, ҳозирликларим жойида. Кечкача шу ерда қоламиз, гаплашамиз, балиқ овлашамиз. Кечлатиб шаҳарга тушуб кетасиз! – деди. Қолдик, гаплашдик. Ўйнашдик. Балиқ овлашдик. Самиъжоннинг қишлоққа кўчканига ниҳояти бир ярим йил бўлди. Ўткан қиш – қишлоқда икки синфлик, яхши мактаб давом эткан. Қишлоқ халқи Самиъжондан хурсанд. Қишнинг узун кечаларида тукма-капаларда турлук газеталар, дунё аҳволини билдиратурған китоблар ўқулған. Айниқса, ерни қандай семиртиш ва серҳосил қилиш тўғрисида Самиъжоннинг гапирган гаплари қишлоқ халқини ҳали ҳам ўйлатар экан! Баъзи бир хил деҳқончилиқ мошиналарини қишлоққа олиб бориш учун Самиъжоннинг ҳаракати бор. Ҳаммадан шуниси қизиқ: қишлоқ халқи олиқ-солиқ тўғриларида Самиъжонни шу қадар ишлатадирки, бечора йигит “бепул ва чарчамас закунчи” бўлуб қолған! Шунга ўзи ҳам – ўлгудак хурсанд. Самиъжон, баъзида ўз қишлоғи тўғрисида гап қўзғалиб қолса, бир мунча режа ва чизиқларни айтиб берадир-да, орқасидан тугал ишонч билан: Яна беш йилдан сўнг қишлоқни бир кўринг. Яна ўн йилдан сўнг кўрсангиз танимайсиз! – деб қўядур. Кеч. Ғира-шира вақти. Шаҳарга яқинлашдик. Орқамизда кенг тала, эркин қирлар қолиб кетди, олдимизда: қинғир, тор кўчалари ва сиқиқ, бўлғулған иқлими билан бир сиқим бўлиб шаҳар ётадир. Йироқдан, қорайиб кўруниши – кийимга тушган қора доғ, ё чопонға солинған думалоқ бир ямоқча ўхшайдир… Кун, бошини бир кетиб олди, ёлғуз, унинг ўюнға тўймаған ёш болалари – қизил кийимлик шуълачалар, дарахтларнинг шохларида барглар билан ўйнашиб қолдилар. Шом бўлиб қолса ҳам, ўюндан кўнгил ўзолмаған болалардек – оналари бошқа дунёларға йўрғалаб кетса ҳам, бериги дунёдағи кўм-кўк баргчалар билан ўйнашиб қолған шу қизил гулдак болалар, ҳақиқатан, қандай чиройлиқ!… Ўша гўдакчалардан кўзини ололмасдан тез-тез орқасиға қараб келаётған Сайфидин, ўша гўдакчалар томонида қолиб кеткан қишлоқларни ўйлаб туриб чуқур бир “оҳ” тортадир-да: Эслик ўртоқлар биз шаҳардан қишлоққа чиқиб ётқанда, биз эси йўқлар яна шу тор иқлимли шаҳарга кириб келамиз! – дейдир… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Шаҳардан_%E2%80%93_қишлоққа%21. Downloaded from uzbekai.com.