Шаҳарни ёритиш ишлари Абдулҳамид Чўлпон Шаҳарни электрик билан ёритиш ишлари мундан 10 – 15 йиллар бурун бошланған эди. У вақтда хусусий бир ширкат томонидан Янги шаҳарга мукаммал бир электрик истансияси солиниб, унинг билан Эски шаҳарни ҳам ёрутиш мумкин бўлмағанлиғи билингандан кейин Эски шаҳар учун ҳам алоҳида кучлик бир истансия солған эди. Инқилобнинг бузғучи даврларида ва босмачилар эгалиги вақтида Эски шаҳар истансияси тамом бузулиб эсдан чиқди. Унинг хиштдан ясалған биноси ҳозир бир омбор вазифасини ўтаб турубдур. Янги шаҳардаги истансия бўлса ҳозир ҳам бор. Яқин вақтқа қадар музофот иқтисод шўроси қарамоғида бўлған бу станса яқинда маҳаллий ижроқум қарамоғиға ўтди. Маҳаллий ижроқўм ҳам уни истисмор (эксплоатасия) қилмоқ учун баладия шўъбасига топширди. Ўлкамиздаги баладия шўъбалари аксарият эътибори билан “нокдек”… Буларнинг муқаддароти – “маҳаллий маблағ” деган чигал нарсага элитиб қолған. Айниқса, бизнинг хароб Фарғонамизнинг вайрон шаҳарларидан бўлатурған унум ҳам маълум. Ҳар ҳолда, электрик истансиясининг шаҳар қўлиға кўчишидан анча умид бор. Исми улуғ “Музофот иқтисод шўроси” истансиянинг камчиликларини тўлдуруш хусусида ҳеч нарса қилғани йўқ. Шаҳарнинг ўзида туруб унинг ҳамма кам-кўстидан хабардор бўлуб турған бир идоранинг қўлида, эҳтимол, ўнгғарилиб кетса… Ижроқўм ҳозир эски шаҳардаги бузулиб кеткан пахта завутларининг биттасини сув билан юратурған электрик истансиясига айлантирмакчидур. Завутни пахтақўмдан сўраб олиш учун расмий мурожаатлар қилинған, харажатга кирмаклик маблағ ҳам қидирилиб турубдур. Ижроқўм бу ишга жиддий киришкан. Агар бу мақсад юзага чиқа қолса, Эски шаҳарни ёруғ билан жуда арзон таъмин қилмоқ мумкин. Электрик истансияларда кўп харажат ер ёғи (нефть)ға кетадир. Шу билан бўлған вақтида шу улгуржи харажатдан қутулунган бўлунадур. Андижон ижроқўмиға ишда муваффақият ва, шу билан бирга, азм ва матонат тилаймиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Шаҳарни_ёритиш_ишлари. Downloaded from uzbekai.com.