Шарқ нури Абдулҳамид Чўлпон Сўнг даврда йўқсил Шарқнинг тарихи Бир бет бўлсин оқ сатрни кўрмади. Дунё тарихини ёзган муаррих Яхшиликка қаламини бурмади. Шарқнинг қайси бурчагини қарасанг, Йўқлик, ўлим, зулм, қарғиш кўрардинг. «Томуғ» деган сўзни билмак истасанг, Шарқни бошдан оёққача юрардинг. Бир замонлар ер юзида ўз бошли, Улуғ, шонли маданият туғдирган У гўзал Шарқ, ширин тупроқ сўнг замон Бўлди четлар панжасида кўз ёшли… Унинг бундай қизғаничли ҳолига Ҳар кимдан кўп қон йиғлаган сен эдинг. Уни эзган йиртқич қўлли маъзинга Сен улуғ ёв, сен мужассам кин эдинг. Инсонликка саодатнинг бирдан бир Тўғри йўлни кўрсатгувчи Марксди; Бироқ Шарққа қутулишнинг йўлини Кўрсатгувчи улуғ доҳий сен эдинг; Сендек киши Шарқ элига тансиқди. Пок сийнангга ўқ отгувчи душманлар, Ўйламаки, бир ўзингнинг душманинг; У душманлар – бутун Шарқнинг душмани, Кўпдан ичиб келган қонларин унинг. Кун ҳам Шарқдан, ой ҳам Шарқдан чиқадир, Бироқ бир сен Ғарбда чиқдинг ва ботдинг; Шунинг учун меним шарқлик руҳимда Ажиб мудҳиш, қўрқинч туйғу уйғотдинг! Шарқнинг куни кирса булут остига, Сенинг сўник кунларингни ўйлайман; Ботиб борган ойга қараб: «Эй йўқсил, У улуғ «нур» сенмасми?» – деб сўрайман… Эҳтимолдир, сени ҳар бир нарсадан Азиз кўрган, у сен суйган йўқсил Шарқ, Руҳларингни ой ўрнига қўйгандир, Балки, бизнинг кўзларимиз қилмас фарқ… Меним шарқлик кўзим сенинг руҳингни Шарқнинг ҳар бир бурчагида кўрадир; Тўғри, сенинг у шарқсуяр руҳларинг Ал-Ҳумрода, саройларда юрадир. Энди ундан учиб ўтди Мисрнинг Сирлар тўлиб оққан Нили бўйига; Нилни бўйлаб келиб кирди у руҳинг Фаллоҳларнинг қашшоқларча тўйига. Ундан ўтиб Суриянинг Шомига Аср кўрган кўчаларни айланди. Шу минутда Ҳимолая тоғида Ҳинд қизига йигитликка сайланди. Кеча кўрдим уни: Будда ёнида Риёзатнинг фоидасин ўқирди. Ўтган куни Нишопурда – боғчада Хайём билан ишқий шеър тўқирди. Ўтган ҳафта Чин-Мочиннинг юртида Канфуцию фалсафасин эшитди. Бу ҳафтада Эрон бориб, Зардуштга Нича билан қалайсиз деб тегишди… Ҳиндистонда Бедил билан юрганин Меним шарқлик кўзим аниқ кўрмишди; Аламутнинг тепасида юрганда Меним руҳим орқасида юрмишди… Шунинг учун суяр сени бутун Шарқ, Сен Шарқмисан, Шарқ сенмидир билофарқ. 1918-йил — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Шарқ_нури. Downloaded from uzbekai.com.