Шарқ уйғонган Абдулҳамид Чўлпон Оврупа бойлари Ғарб жаҳонгирлари Шарқ элларига чанг солған вақтларида «маданият киргизамиз!» деган шиор билан майдонга чиқарлар эди. Жаҳонгирлар қўлиға ўтган Шарқ ўлкаларининг ҳаммаси аслида шу баҳона билан қўлға киргизилган. Олайлиқ Ҳиндистонни, олайлиқ Мисрни, олайлиқ Тунис, ал-Жазоир, Форс, Судан, Тараблисни олайлиқ – ниҳоят манави – жаҳон урушидан сўнг бўлиниб олинған Арабистон (ал-Жазира, Фаластин, Сурия)ни. Бизнинг Туркистон ҳам подшоҳлар, генераллар, оқ суяклар Русияси томонидан олинғандан шу баҳона ўртоға ташланған эди. Бу даъвони Ғарб жаҳонгирлари ҳали ҳам жуда жиддият ва оҳлаш билан татбиқ қилиб туралар. «Мандат» билан идора этилган ўлкалар (ал-Жазира, Фаластин, Сурия), «маданият ташиғучи» бўлуб келган меҳмонларни қандай қилиб ҳайдашни билмайдилар. Газетамизнинг бу сонида ал-Жазоира (Ироқ)дан Эронға қочиб келган араб мужаҳидларининг 3 нчи байналмилалга ёзған хатлари ва ул хатга байналмилал раисининг қайтарған жавоби босиладир. Ул хат билан 3 нчи байналмилалдан кўмак сўраған араб вакиллари, «маданият киргизгучи» инглизларнинг зулм ва жабридан қочиб юрган халқ вакилларидир. Асл халқ вакиллари, туб юрт эгалари бошқа юртларда қочиб юрмоққа мажбур бўлунған вақтларда инглиз бойлари муҳташам зиёратларда Шарқда ўрнаштириб ётқан «маданиятлари»дан мақтаниб баҳс эйтмайларми экан? Эталар: ҳар кун ҳар жойда, ҳар бир ўнгғай жойи келганда айталар мақтаналар. Ишчи-деҳқон манфаатига қарши қўзғалған тескаричи бир пўпни шўролар маҳкамаси ўлим жазосига ҳукм қилиб эди. «Лўндўндан: «бу қандай гап? Ёввойилиқ-ку! Маданиятга қарши ҳаракат-ку!»деган қаттиғ фарёдлар эшитилди. Ҳолбуки, юртларига истиқлол учун ва эрк истаган мингларча инқилобчилар Миср зиндонларига тўлдурилған чоқда бу тўғрида на Лўндўн, на Париждан бир товуш, бир шарпа йўқ. Ҳиндистон зиндонларида ётқан сиёсий маъюбларнинг сони 40 000 га яқинлашиб борар. Ҳиндистоннинг Xourixora деган жойида пўлиса зулмига қарши қўзғалған 5000 кишилик бу қишлоқ халқидан 228 киши қамоққа олинадур. Ўтган январь ойида буларнинг 172 таси ўлим жазосига ҳукм қилиниб, 6 таси зиндоннинг ўзида турлик йўллар билан ўлдириладур. Панжоб, Оқхоли, Сақхоф деган ерларда инглиз молини олмай қўйған деҳқонлардан 5603 киши қамоққа олинадир. Буларнинг туб айблари инглиз молини олмаслиқ: лекин, «қонун юзасидан» қўйилған айб – қонунни бузуш ва ўғрилиқ қилиш берилган. Ҳозир олти ойдан 2 йилгача зиндон- бир зиндондан икинчи бир зиндонға кўчирилатурған Ҳиндистон деҳқонларидан 70 киши йўлда – юк вағўнида бўғулуб ўлганлар. Бундай воқеаларнинг ҳадди ҳисоби йўқ. Бу тўғрида Лўндўн «озодалари», Париж «олифталари» ҳеч нарса билмайлар. Ёки билсалар-да сирни бой бермайлар. Фақат, у қонҳурлар бир дафъа тушунсун, эсга олсунларким, Шарқ энди илгариги Шарқ эмасдур. Шарқ бу кун инқилобчи Туркиядан ўрнак олған. Русия меҳнаткаш-деҳқонлари билан қўл беришган, бутун эгри-қингғирни онглаған, кўз очқан, уйғонған Шарқдир!.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Шарқ_уйг%E2%80%98ongan. Downloaded from uzbekai.com.