Шўролар ҳукумати ва санойи нафиса Абдулҳамид Чўлпон Саное нафиса деган сўзни онглағучилар бизнинг орамизда ҳам кўпайиб қолди. Илгари оддий бир томоша (театр)ни ҳам тушунмаган, драм билан кулгуни ажрата олмаған халқ ҳозир саное нафисанинг худди ўзига ҳам тушуниб келадир. Ишнинг ўзи ҳам шундоғ бўлмоғи керак эди; чунки меҳнаткаш, қўли қабарғанлар ҳокимияти бўлған шўролар тартибининг юзага чиқишига бугун 3 йил бўладир. 3 йилдирки, эзилганлар эзганлар устида, маҳкумлар ҳокимлар тепасида ҳукумат сўралар. 3 йилдирки, ишчи ва деҳқонлар ер юзининг хийла зўр бир бўлимида ўз эгаликларини қуруб, ўзини бўғмоқ учун келган ёвлар билан дам олмасдан ёқалашалар. Қонлар тўкула, жонлар кета, ўлимлар қайнайдир. Бу ҳолда гўё ҳеч бир оғиз ёйиб кулишлик мумкин эмас кабидир. Гўё ҳар нарса ёлғиз мотам, ёлғиз қон, ёлғиз аччиғ ва ғазабдан иборатдир. Бу ҳолларни биз тарихда ўқуған бўлсак, ўйлар эдикким, ул даврда қаҳру ғазабдан бошқа нарса бўлмагандир. Ўюн-кулги деган нарсани кишилар унутқонлардир, деб… Локин бу ўзгариш, бу 3 йилдан бери бўлиб келаётқан талаш, кураш бир тарафда бўлиб ётадир. Қонлар тўкилиб, жонлар бериладир. Бироқ иккинчи тарафда кулалар, ўйнайлар, шодланалар. Қўнгил очалар, ҳам шундай бир ўйин-кулгиким, тарих мунинг сингарисини сира кўргани йўқ. Неча минг йиллардан бери бўлуб келган эски дунёни оғдармоқ, янги дунё тузиб, они тамом бошқа бир рангга бўямоқ иши тобширилған ўзгаришчилар турмушнинг ҳар бир жузъида, ҳар бир бўлагида ҳаракат қилалар. Турмушнинг ҳар ёғин, ҳар тарафини ўзгарталар. Шул ўзгаришлар ичига ўйин-кулги ҳам кируб қоладир. Илгари ҳам ўйнаб кулганлар. Бироқ бу кундагидан бошқачароқ бир йўлда. Саное нафиса эски замонда бойлар, подшоҳлар салтанати замонида ҳам бор эди. Бор эдигина эмас, жуда юксалган, авжига чиққан эди. Яқин замонлардағина туғилған саное нафисани буржуазия хаёлчилари жуда нозиклашдирганлар, хаёлийлашдирганлар эди. Бутун умрини ишламай бекор ўтказатурған бойлар, бойбаччалар, тўра болалари, хон, хонзодалар бекорчиликдан зерикмас учун саное нафисага берилалар; чолғи чалалар, ўйинга тушалар, севги шеърлари тўқийлар, ўқийлар эди. Буларнинг устига, катта шаҳарларда бир эмас, 5-6 бизнинг “Колизей”дай театрлари бўлар, шуларда пул билан, олтун билан санъатни сотуб олуб (яхшироқ тушунингиз: санъатни сотиб олуб!) завқланурлар эди. Қисқаси саное нафиса эски дунёда бир қисм халқнинг завқи, айш ва ишрати учун ишлайтурған бир нарса эди. Унга юрагида, кўнглида бир севги, бир интилув сезиб, берилган қанча паст синф, тубан қисм, эл болалари ўша бой ва бойбаччаларни завқландириш йўлида вақтсиз жон бердилар. Қурбон бўлдилар, жинни бўлған чолғучилар, варам (сил касали)нинг аччиғ панжасига тушган мумассил артист ва мумассила артисткалар саноғсиздир. Энди бу ёқға, янги дунёға, меҳнаткаш ва эзилганлар оламига кўз солсак, ўша саное нафиса, ингичка ҳунарни тағин кўрамиз. Бироқ мунда кўбгина бошқалиқ бор. Театр-томошалар бор, локин улар илгаригидай биргина бой болалари, бойлар ва тўразодаларнинг кайфи, лаззати учун эмас, бутун эл, бутун халқ, ҳамма ишдан бўшағач кўнгил очмоқчи бўлғанлар учундир. Саҳна бу дунёда юқори синфларнинг тумтароқли турмушларини кўрсатмайди эмас, кўрсатади, бироқ шул турмушнинг аччиғ ва жиркантиратурған ҳидини томошачиларға ҳидлатмак учун кўрсатади. Чолғининг қиллари яна бояғидай чертилиб турур, бироқ бойлар қайфи учун ўйнағаниға йиғлаб эмас, чарчаған халқнинг кўнглини очқани учун севиниб, эзилган халққа эзилув даврларини эслатмак учун йиғлаб чертилур. Шеър ҳам, ашула, қўшиқлар ҳам ёзилурлар. Бироқ бойларни, уларнинг хаёлий саройларини мақтаб эмас, очиқ, тортинувсиз равишда кўнглидагини айтмак, элнинг ўз турмушини ўзига ингичка қилиб кўрсатмоқ учун ёзилур. Меҳнаткашлар саное нафисаси кенгдир, мунда буржуазия тақлидчилиги йўқдир; унда ўзидан чиқарув, ўзидан сочув бордир. Унинг йўли кенгдир. Саное нафиса бу дунё ва шаҳар учунгина эмас, мана шу ер, шўролар идорасининг энг улуғ хосиятидир. Саное нафиса ўзини туғдирувда кўб рўл ўйнайтурған қишлоқ ва қишлоқ меҳнатчилари учун кўб ишлагусидир. Бироқ бу кунгача тегишинча бўла олмаған экан, бунга 3 йиллиқ турмушнинг талашув, курашув ва ғавғолар ичида ўтуви сабабчидир. Ҳозир бир Туркистонда, Туркистоннинг Тошканд шаҳридаги ишларни кўз олдига келтирганда ҳам, шўроларнинг саное нафисага қандай зўр аҳамият билан қарағанлиқларини кўрмак мумкиндир. Тузуккина бир труппаси бўлмаған эски Тошканд букун яхши бир яхшиғина икки труппага моликдир. Расмий бир тотор труппа украинали, ёҳудий, озарбайжонлилар ҳам бирар теварак, бирар тўн бўлиндиралар. Мундан сўнг тағинда яхшилантирмоқ учун ҳозиргача баъзи жойларда театр ишларининг бошиға чиқиб кўб ишларга қаршилиқ ва зарар қилиб турған эски дунё “йўғанлари” билан кураш борадир; шуларнинг натижаси Туркистонда саное нафисани ҳам энг юқори даражага кўтаргусидир. Шўролар ҳукумати, ишчилар эгалиги – саное нафисанинг энг суюкли, муҳтарам бобосидир. Ул бобонинг тарбияси саное нафисани осмонларға чиқарғусидир, бироқ жабр йўли билан эмас, ишқ берилув ва севги йўли биландир. Шўролар саное нафиса ила Шарқни қул эмас, ҳур қилғусидир. Шарқ саное нафисаси келгусида Ғарбники билан бир бўлған ҳолда ўзининг ишчи болаларининг кўнгилларини очуб, руҳларини юксалтирғусидир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Шо%E2%80%98rolar_ҳукумати_ва_санойи_нафиса. Downloaded from uzbekai.com.