Суйган Чоқларда Абдулҳамид Чўлпон Гўзалларнинг маликаси экансан, Буни сенинг кўзларингдан ўқидим. Ўқидим-да истиқболим қушига Хаёлимдан олтин қафас тўқидим. Гунафшалар қулоғимга мадҳингни Сўзлаб-сўзлаб чарчадилар, битмади... Аламзада булбул йиғлаб, кечалар Аламингнинг сўнгин тамом этмади Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин, Шоир бўлсам, айтиб-айтиб йиғлардим. Ўшал, эски жароҳатли қалбимни Сатрларнинг наштари-ла тилардим. Хаёлимнинг қип-қизилдан кийинган Парилари, ҳурларини кўрдингми? Аламимдан гуллар эккан йўллардан Коинотга ҳаёт сочиб юрдингми? Йўлларингда шеър айтса сўлган барг, Қулоғимга мусиқалар келтирур. Қачон сенинг мусиқали овозинг Сенинг мени суйганингни билдирур? 1921 йил. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Суйган_Чоқларда. Downloaded from uzbekai.com.