Таълим-тарбия теварагида Абдулҳамид Чўлпон 23 инчи ўктабрда бутун Андижон тубжой халқ муаллимларининг ёппа йиғини бўлди. Маориф назоратининг ижтимоий тарбия шўъбасининг ҳаракати билан йиғилған у йиғинда, шўъба мудирининг маслаҳати билан ҳамма муаллимларнинг ўз синфлари ахволидан маълумот бериб ўтишлари лозим топилди. Ҳамма мактабларнинг ҳар бир синфини ўқутуб турған муаллимлари ўз синфларида таълим-тарбия татбиқи тўғрисида маълумот бериб ўтди. Маълумотлар эшитилгандан кейин ҳар мактаб ва ҳатто ҳар синфдаги таълим йўлининг бошқа-бошқа бўлғанлиги англаштилди. Кўз олдиларида бу катта хато ва айбли кўрган муаллимлар, таълим-тарбия ишларининг бирлашишига хизмат этмак мақсади билан бир таълим-тарбия тевараги очишға қарор бердилар. Теваракни олиб бормоқ учун ижтимоий тарбия мудири қўл остида, маориф нозири ва муаллимдан иборат 3 кишилик бир ҳайъат ташкил қилди. Теваракнинг мажлислари ҳафтада бир кун (жума кунлари) бўладур. 28 инчи декабрда ҳайъат тарафидан муаллимларнинг ёппа мажлиси чақирилиб, теваракнинг биринчи ўтуруши ҳисобланған у мажлисда ҳайъат раиси тарафида лексия ўқулди. Масковда тузилган 7 йиллиқ меҳнат мактаби прўғраммасининг (юрт таниш) қисмининг таржима ва изоҳидан иборат бўлған у лексия, муаллимлар тарафидан яхши қизиқиш билан эшитилди. Бундан сўнг ҳам теварагнинг мажлислари давом қилиб, таълим-тарбия-га оид ҳар хил лексия ўқулуб турғусидур. Шаҳар мактабларининг муаллимлари бу теваракни ихлос билан олиб борғанда, кўб фойдалар кўрса керак. Ижтимоий тарбия шўъбасининг шу яхши қадамини олқишламоқ билан бирга кўбчилик ташкил этган қишлоқ муаллимларини ҳам теварак фойдаларидан насибадор қилиш йўлида чоралар ақтармоғини умид қиламан. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Та%E2%80%99лим-тарбия_теварагида. Downloaded from uzbekai.com.