Таржума тўғрисида жиндак Абдулҳамид Чўлпон “… Сайфуллинанинг жуда нафис ва санъаткорона ёзилған ҳикояларида…” деб жуда тўғри айтадир ўртоқ Любимова. Мундай нафис асарларни бир тилдан – иккинчи тилга ағдариш жуда оғир бўладир. Айниқса, ишланган тилдан ишланмаган тилга; адабиёт аҳллари яхши биладирлар. Мутаржимни тиқилиш қилиб ганггиратган нашриёт идораси ҳам, бу жиҳатни билмайдир эмас, биладир. Бизнинг замон талабича ишланмаган, хом тилимиздан атамалар топишнинг қийинлиғини ҳам нашриёт идораси жуд яхши биладир. Фақат, “шундай яхши ва ўз турмушимиздан олинған асар рус тилида қачонлар чиқдию, бизда ҳали ҳам чиқмайдими?” деб шошиладир. Шу учун, мана шу ҳақли шошилиш орқасида қўлингиздағи таржума – менинг фикримча Лолахоннинг нашриётнинг, менинг ва ҳаммадан муҳими танқидчиларнинг кутганини бера олмайдир… Бундай асарлар 5-10 йилдан сўнг кучли бир ҳайъат томонидан таржума қилинса, балки, ҳаммамизнинг истаганимиз бўлур, балки, Лолахон ҳам ўзининг бечора қаҳрамонлари киби ҳаётни қарғамас эди… Шунда ҳам “балки”си бор, чунки, тиллар – асрларнинг шогирди. Лолахон бу шоҳ асарини жуда бой бўлған рус тилида ва шеърли – вазнли наср билан ёзадир. Рус адабиёти муаллимлари асарнинг наср вазнини кўрдилар ва уни қадим юнон Ҳомерларининг “Илиада”лари вазнида ёзилған, дейдилар. Мен Ҳомер адабиётининг беганаси, ўзбек турмушидан олинғани учун бизнинг сўз тартибимизга қаратиб ёзилған, дедим. Рус адабиёти муаллимлари жим бўлдилар, мен ҳам жим бўлдим. лекин, ким енггани маълум бўлмади; у яқин келгусининг иши бўлар. Таржумада, лекин Ҳомер вазни йўқ. Ишланмаган муосир ўзбек адабий тили бор, унинг камчилигини тушунганлар, балки “Ҳомерчи” бўлолмағанимиздан кулмаслар. Балки, куларлар… Кулсинлар, майли, кулиш – йиғлашдан яхши албатта! Йўқ… Ҳомерга дейман – Лолахон сўз усулига эргашилган бир ҳикоя бор: “Чўл одатлари” мана бундай бошланадир: “Кўтарилди баландга кўкатлар, Етилди ҳозир хуш исли баҳор” Ундан кейин ҳикоянинг бошидан охириғача жумла узулишлари шунақа “тескари”. Чунончи: “Бахтли бир кечада, ёруқ юлдуз шуъласи остида туғулди гул жамол, назар солди яхши шамол эндигина очилған кўзларига”. “Кирпик панжаралари орқали кўрадир у…” “Кўб байталлар бор менинг йилқимда” Бу “тескари” жумлалар, балки қоидага хилофдир, лекин жуда ширин, Лолахон ҳикояларининг мазияти ҳам, менингча, кўбрак шу ширинлигида. Бошқа ҳикояларда ҳам кўб жумлалар Лолахоннинг йўлиға эргашиб кетди… Мен тўқтата олмадим, тўғриси тиламадим тўқтатишқа. Шарқ ва ғарб чегарасида аламли ҳарамларнинг кўз ёшлари билан очилиб қолған лола гулдан кечирим сўраб қоламен! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Таржума_то%E2%80%98g%E2%80%98risida_жиндак. Downloaded from uzbekai.com.