Тизгин талаш Абдулҳамид Чўлпон (Генуя кенгаши муносабати билан сиёсий ҳангома) От миништанмисиз? Агар минишган бўлсангиз, от устида бора туриб бир қўлингизда мутлоқ бир қайиш бўлғондурким, у қайиш билан сиз отнинг бошини у ёқ бу ёққа буриб тургансиз, отнинг тизгини қўлингизда бўлғон чоқда сиз ўзингиз истаган тарафга буруб тургансиз. Агар у қайиш қўлингизда бўлмаса, отнинг ўзи билган йўлига кета берар эди. Сиёсат дунёсида ҳам катта-катта тўралар, Рустами достонлар бордурким, бутун дунё сиёсатининг тизгинини ўз қўллариға олмоқчи бўладурлар. Бутун бурун замонларда ҳам бутун дунё тизгинини қўлға олмоқ, яъни оламга “подшо” бўлмоқ учун тиришғон улуғлар бор эдилар: Бизнинг Чингиз ва Темуримиз, юноннинг улуғ Искандари ва Оврупонинг Наполеони шу ботирлар эдилар. Улар шу хаёллариға етмоқ учун бутун дунёни енггудай қўшин куч ҳам ҳозирлағонлар ва шу кучга таяниб олиб ишга киришган эдилар. Лекин ҳозирги ботирларнинг ундоғ катта кучлари йўқ. Қўшинлари бор бўлса-да, ўз юртлариға зўрға сақлай олатурғон даражада кучсиз; уларни ҳам истаган чоқларида уруш майдониға ҳайдамоқ замонамизнинг ботирлари учун мумкин эмас. Матбуот, афкор оммаси, халқ, парламент (эл мажлиси) деган нарсалар бор. Ул ботирлар уруш қилмоқчи бўлиб бир қадам босмоқчи бўлсалар, дарҳол қиёмат-қойим бўладур. Маданият, илм-маориф дунёни шу ҳолға келтиргандур. Аммо бизнинг замона ботирларининг бутун дунёни олғандай кучлари, қўшинлари бўлмаса-да, уларнинг бир қадар кучли бўлғон яроғлари, таянчлари бор. Ул эса: ҳийла, яъни ўзларининг тиллари билан сиёсат (политика)! Кўп ақл ва тажриба билан ниятлариға етказадур. Бизнинг замон ботирлари-да жуда кўп; улар бу ниятта кўп ўчлар. Шу кучи билан сиёсат тизгинини ҳам ўз қўлларига олмоқ учун ул ботирлар 1914 йили, қони қизиғон бир серб йигитининг бир донагина “ўқи”ни баҳона қилиб катта ва жаҳонни қоплағон бир уруш ясадилар. Сиз ва бизнинг тилимизда “Герман уруши” деб айтилган “маърака”да, худога шукр, 10 миллион одамни қириб, 40 миллион одамни чўлоқ, оёқсиз, қўлсиз, кўзсиз, қулоқсиз қилиб тўхтадилар. Милтиқ отиш, тўп ўқларини учуриш, миналар ташлаш вақтинча тўхтади. Лекин уруш ҳам қаттиқ бўлиб, сиёсат, яъни ҳийла кураши бошланди. Сўз – бомбалар, нота ва талабнома ўқлари ёға бошлади. Ҳамон яна бутун дунё сиёсатининг тизгинини олиш учун кураш борар эди. Инглиз французга, француз итальянга, японга, япон америкаға ҳийла олиб борилди. Ҳийла майдонида бизнинг ботирлар ҳам дам унга, дам бунга қулоч очалар, сўз отар эди. Ҳатто Амриқо ва инглиз каби улуғлар ботирлари бир ҳамлада уч-тўрт тарафга қулоч отдилар. Тузоқ қуроллари, тўр ташланар эди. Ва кураш билган кишига ўзимизнинг хўроз ва қўчқор урушларининг энг қизиғидай ўтар эди. Лекин ботирлар дунё тизгинини қўлға олмоқ ўйи билан бир-бирларига сиёсат тошлари ирғитар экан, оёқларининг остидағи босиб турғон ерлари юмшоқ, бўшашиб, ағанамоқ истай бошлади. Ya’ни 4 йиллик катта ва ўхшаши йўқ урушнинг натижасида дунёни хароблик қилиб, тузатиб турғон саноат (промышленност) ишдан чиқди, яъни завод ва фабрикалар ёнди, куйди, бузилди. Бузилғонлари тиклангани йўқ. Сабаби, ул мулкни мамлакатдан ҳам олиб чиқиб кетиш мумкин бўлмай қолди. Қулочласак, қулоч етмаслик ҳам молини истаганча олиб кетиш, одамларни эшак каби ишлашга бераётган улуғ Шарқ ўлкаси қимирлай ва жонлана бошлади. Милтиғи бўлмаса, қўлиға касов олиб “…” Асрга қарши чиқиб қолди. Ҳар ерларда тўпалон бошланиб қолиб, тинчгина хом мол ташимоқ мумкин бўлмай қолди. Ишлагувчи ишчилар шу кундалик иши билан қорин тўйғазиб, умр ўтказиб турғон миллионларча худо бандалари ишсиз ва овқатсиз қолдилар. Қоринлари очғач, кўп-кўп бўлиниб, кўча айланишиб: “ – Иш, иш! Иш бермасанг, иш бошидан туш!” – деб бақира бошладилар. Бизнинг ботирларға юмшоқ усталларда ўтириб, попурисини чекиб, 1510 хил таом еб, дунё тизгинини қўлиға олмоқ учун деб бир-бирлариға “ҳийла тоши” ирғитиш осон ва роҳат бўлса ҳам қорни очларнинг у бақиришлари кўп-да ёқимли келмас эди. Шунинг учун, шу фалокатдан қутулмоқ учун, дунё тизгинини қўлға олиш хаёлини амалга ошириш учун ўзаро йиғилиб, кенгашиб олмоқчи бўлдилар. Бу ишга энг кўп ғайрат қилғон Амриқо ботири кенгаш мажлисини ўз пойтахти Вашингтон шаҳрига чақирди. Ботирлар тўйдан олдин ноғора чалдилар. Ya’ни “Бизнинг Вашингтон шаҳрига бориб кенгашимизда дунёда тинчлик ва осойишталик ўринлаштирамиз. Бунинг учун нима лозим бўлса шуни қиламиз, саноатни кучайтирсак, лозим бўлса уруш кемаларимизнинг бир қисмини саноат ва савдо учун айирамиз, яъни йўл савдо кемаси ясаймиз. Қўшин сақламоқ учун кўп пул сарф бўлмасин, қўшинни озайтирамиз. Уруш кемалари солдириб боришни тўхтатамиз. Ишқилиб, дунёда уруш бўлмаслик йўлини қараймиз!” -деб бутун оламга бақирдилар. Тўралар Вашингтонга бориб, энди йиғилишиб турдилар. Амриқонинг дарё вазири бақирди: “Кенгаш мажлиси бир қарорга келгунча биз уруш кемалари солдириш ишини юргиза берамиз!” Бунга қарши япон индамади. Лекин ҳозирги уруш кемаларини ясашдан ҳам катта бир уруш кемаси тайёрлаб, худди кенгаш вақтида дарёга тушурди. Француз ботирлиғи дейдирки: “Қўшинингизни камайтиринг, сув ости кемалари солишни тўхтат!” Француз ботири қовоғини буруштириб дейдики: “Бошқалар қўшинини камайтириш эмас, кучайтирганда мен камайтирайми? Инглиз сув остида балиқ бўлмоқчи-да, мен сув остиға улча-да бўла олмайманми?” Ола!!! Нима бўлди? Охирида ҳаммалари бир-бирларига душман бўлсин, ҳурпайишиб, қизишиб, уруш кемаларини кўпайтира боришға, қўшинни орттиришға, эрта-индин уруш бўлатурғондай ҳозир бўлиб туришға етти марта қасам ичиб қайтиб кетдилар. Уйга келсалар бу ишсизлар яна кўпайганлар, яна қаттиқроқ бақирадилар. Ва ниҳоят “Генуя” деган сўз русча (бўлиб), “йиринг” демакдур. Қўрқаманки, бу катта чипқоннинг қон аралаш йиринги чиқмаса… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Тизгин_талаш. Downloaded from uzbekai.com.