Тун Абдулҳамид Чўлпон Эркин шеър I Тун ёмон, тун қоронғи, Тун қўрқинч, тун азоб! Тунда эски ва янги Ҳар нарса хаёл ва сароб. Туннинг узунлиги, Чуқурлиги кўп ёмон. Туннинг бузуқлиги, Ёлғизлиги беомон! Тунда ҳар нарсанинг товуши Йироқдан гувиллаб келар. Тунда кўп чоғлар юзимга Жинларнинг қўллари урилар. Оҳ, туннинг қалин пардаси Қандай гуноҳларни яширмас. Оҳ, туннинг товушсиз наъраси Ҳеч жонни қўрқитмай қолмас! Туннинг яширин қучоқларида Ўлимлар, қонлар тўлгандир! Унинг алдамчи боғларида Қанча ёш гуллар сўлгандир! II Тинчланиб ўлтириб юлдуздан Эртаклар эшитмак бўлсам Yo ўзим истаб топган қиздан Бир қараш, бир кўриш сўрасам. III Ҳар ердан қанча товушлар Девлардек наъра солурлар. Теграмда найза – қиличлар Жонимга ҳамла қилурлар… Салқин сув кони – булоқлар Кундузлар чанқаганимда Шир-ширлаб кўнглимни йўқлар. Мен дарров олмаганимда Баттарроқ қайнаб оқарди. Бир ҳўплаб кунда мен ичсам, Кайфимга қанча ёқарди. Истардим: қўйнига қочсам! Оҳ, тунда оғу бўлар, ҳар Манбадан томчи сув ичсам, Оҳ, тунда нозли булоқлар Кўнглимга тарқаталар ғам! Бу тунда, севгили ёрим, Қолдингми мендан узоқда? Билмайсан: оғриқли бағрим Қон йиғлар тунда, бу ёқда! Бу тунким, сирли, қоронғу, Йўлларда шарпа-да йўқдир. Кўнглимда тўп-тўла қайғу, Оҳ, йўллар қанча узоқдир! Кел, энди ташлама, қўйма, Бу туннинг қўйнида ёлғиз. Ҳижронни бошима ёйма, Эй тундек сочи қора қиз!.. 1922-йил — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Тун. Downloaded from uzbekai.com.