Туркистонда матбуот Абдулҳамид Чўлпон Эски вақтларда: “Матбуот еттинчи давлатдир” дерлар эди. Бу сўз, бу даъво энди-да аҳамиятини йитирмабдир. Бу кунда-да матбуотнинг аҳамияти буюкдир. Хусусан, Шарқ халқи бу кун матбуотнинг аҳамиятини тушунмишдир. Буюк инқилоб оламнинг кетишидан бехабар ётган шарқлиларни уйғотмиш, қонсиз томирларга қон, “яшамак учун мубораза эдажақ” муқаддас қон савқ этмишдир. Қамоқда матбуотни ажнабийларга – хорижликларга махсус бир “шай” билан шарқлилар бу кун уни излар, топар, унинг устида мулоҳаза юритарлар. Оламнинг тугул, ҳатто шаҳарнинг ҳаётига-да кўзининг учи билан боққан кўйли, кендли бу кун кўйнинг ташқарисида, йироқларда тантанали, муборазали ва ўзига ҳам тааллуқли бўлган ҳаётни билмоқ ва ўрганмоқ истаб таъқиб этадир. Унинг қулоқларига эшитилган шаҳардан келган “насиҳатчилар”нинг “Кўйлининг ҳақи буюқдир!”, “Ҳукумат амалаб ила кўйлинингдир!”, “Кўйли ўз ҳаққини уни эзганлардан олмалидир!” каби сўзлари шубҳалар-ла қоришиқ ширин ва ёқишиқли бир ҳолда унинг кўнглига, юрагига таъсир этадир. У матбуотни танир ва таъқиб этар. Фақат инқилоб сабаби-ла ўзига халқнинг, амала ва кўйлининг муҳаббатини жалб қилган матбуот на ҳолдадир? Бизнинг мақоламиз шу саволга жавоб беражақдир. Февраль инқилобига қадар чиққан газета ва журналлар “Хуршид” – тараққийпарвар, мўътадил маслакли газета. Муҳаррири эндиги “Шарқ қурултойи” аъзоси ва Туркистоннинг машҳур кўҳна жамоат ходими Мунавварқори Абдурашидхондир. Бу газета икки ой қадар давом этиб, 15 нчи нўмердан шу ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Тараққий” – тараққийпарвар бир газета бўлиб, муҳаррири ички Русия тоторларидан Исмоил Обидий йўлдош эди. Ўктабр инқилобиндан сўнгра бу киши сўл сусиёлист революсионер фирқаси вакили ўлароқ доҳилия кўмисари мансабинда бўлинди. Икки ой қадар давом этгандан сўнгра ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Осиё” – тараққийпарвар бир газета бўлиб, муҳаррири Аҳмаджон Бектемиров эди. Бир ой ярим қадар давом этгандан сўнгра ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Шуҳрат” – тараққийпарвар газета, муҳаррири – Абдулла Авлоний. Авлоний йўлдош Туркистоннинг машҳур шоирлариндан бўлиб, “Ҳижрон” тахаллус этар. Яқин замонларда Русия ижтимоий шўролар жумҳуриятининг Афғонистонда Ҳирот вилояти кўнсули эди. Бу кунларда қайтиб келди. Икки ой қадар давом этгандан сўнгра ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Тужжор” – қора маслакли тижорат газетаси. Ношири Сайидазимбоев эди. Уч-тўрт ой қадар давом этгандан сўнгра моддий жиҳатдан қисилароқ ёпилди. Мазкур газеталарнинг ҳаммаси ўлка маркази Тошкандда чиқмишларди. Сиёсат ижбори ила бир неча йил Туркистон газетасиз қолгандан сўнгра (ҳукуматнинг расмий газетасини газета ўрнида ҳисобламайман) Бухорода форсча “Бухорои шариф”, ўзбекча “Турон” газеталари чиқди. Аввалгисининг муҳаррири кофқосияли бир ёзувчи эди (агар янглишмасам, Жалол Юсуфзода эди). Булар ҳар иккиси икки-уч ой қадар давом этгандан сўнгра, Бухоро рус сиёсий агентининг ҳийла ва дасисалари ила Бухоро ҳукумати тарафиндан бекитилди. Сўнгра Самарқандда “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журнали чиқдики, буларнинг муҳаррир ва ношири ўтган йили Боку сафаринда Бухоронинг Қарши шаҳринда беклар ва муллолар тарафиндан рафиқлари ила баробар хоинона суратда шаҳид этилган Маҳмудхўжа устод Беҳбудий эди. “Самарқанд” газетаси бир-икки ой давом этгандан сўнгра моддий жиҳатдан заифлашиб қолгани туфайли ҳафталик журналга айлантирилиб “Ойина” исми берилди. Буларнинг ҳар иккиси туркча эди. “Ойина” 2 йил қадар давом этиб, моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. “Ойина”нинг Туркистонга хизмати буюкдир. “Ойина”нинг давоми вақтинда Туркистонда бирдан икки газета чиқди: “Садои Туркистон” Тошкентда тараққийпарвар, севимли бир газети бўлиб, ҳафтада 2-3 дафъа нашр қилинар эди. Тили ўзбек шевасида, муҳаррири ва ношири маъруф ҳуқуқшунос жамоат ходими Убайдулла Хўжаев эди. 80-нўмерга қадар давом этиб, моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. Бу кунги Туркистоннинг кўпгина ёш муҳаррирлари бу газета воситаси-ла етишмишлардир. Бу газетанинг ёшларга хизмати буюкдир. “Садои Фарғона” (Фарғона маркази Қўқон шаҳрида) – тараққийпарвар газета. Муҳаррир ва ношири ҳозирги “Шарқ курултойи” аъзоси Обиджон Маҳмудўф эди. Бу газета 126-нўмерга қадар давом этиб, моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. Бунинг бир неча нўмери чиққан русча таржимаси (“Ферганское эхо”) бор эди. “Олош” (Тошкентда қирғиз-қозоқ шевасинда) тараққийпарвар, сусиёлистликка мойил бир газета эди. Муҳаррири Кўлбой Туғусўф бўлиб, Февраль инқилобиндан бир неча ой ўтгач, моддий ва маънавий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. “Ал-Ислоҳ” (журнал Тошкандда туркча). Муҳаррири Абдураҳмон Сайёҳ эди. Бунинг маслаги бошда мутаассиб, сўнгра ҳур ва энг охирда бобийлик ношири бўлди. Ҳурриятдан сўнг бир оз давом этуб, маънавий ва моддий жиҳатлар сабаби ила бекитилди. Февраль инқилобидан Ўктабр инқилобига қадар чиққанлар “Нажот”, муҳаррири – Мунаввар қори Абдурашидхон. У вақтги ҳукуматнинг нашри афкори бўлган бу туркча газета 3 ой қадар давом этгандан сўнгра ҳукуматнинг ҳимматсизлиги сабаби ила бекитилди. “Кенгаш”, муҳаррири – Аҳмад Закий Валидий. Ношири – Мусулмон шўроларининг марказий бюроси. Закий Валидий машҳур муаррих ва сўнгги вақтлар Бошқирдистон шўролар жумҳурияти аъзоси эди. Бу газета 2 ой қадар давом этгандан сўнгра муҳаррирнинг бошқа ерга кетмаги ва маънавий қувватнинг озлиги сабабли ёпилди. “Шўрои Ислом”, муҳаррири – Абдулбори Баттол (ички Русияли тотор). Ношири – Тошканд “Шўрои Ислом” идораси. Биринчи нўмердан сўнг уламоларнинг эътиборсизлиги ила бекитилди ва муҳаррир бўлган Баттол гарой Қозонга қайтишга мажбур бўлди. “Турон”, муҳаррири – Абдулла Авлоний. Ношири – тараққийпарвар “Турон” ташкилотлари марказий идораси. Бу газета у вақтдаги ўзбек газеталарининг энг мундарижали ва ҳурриятпарвари эди. Унинг 2 нчи нўмерида Туркистон жумҳурияти Марказий фирқа қўмитаси ва Марказий ижроия қўмиталарининг эндиги нашри афкори бўлган “Иштирокиюн”нинг ҳайъати аъзоси Мирмуҳсин йўлдош Шермуҳаммадўф Бухоро ва Хива инқилобига доир ҳурриятпарварона бир мақола ёзмиш ва у мақоласинда қўҳна мадрасалардан ақлларни чуритган “Шарҳи мулло” китобларини отмоқ замони келганини билдирмишди. Бу мақола бутун мутаассиб уламоларни ғайратга келтирди. Муҳсин йўлдошни қўҳна Тошканд уламолари ҳукуматдорлар-ла бирликда тутдилар. Халқ ичида қўлини боғлаб кездириб сазойи қилдилар. Қозига келиб қозидан уни 18 ой дустоққа ҳукм эттирдилар. Фақат у вақтда мавжуд ҳурриятпарвар муассасаларки Туркистон қўмитаси ва аскар, ишчи шўролари эди, бу адолатсизликни қўймади. Муҳсин йўлдош қўҳна шаҳардан янги шаҳарга кўчирилди. У ерда фақат жонини сақлай билди. Шу воқеадан эътиборан Туркистон жавонлари ила уламо ораси тузалмас бир ҳолга келди. Ўктабр инқилоби ўлмайди, уламолар жавонларни бир ерга қўймасдилар. Ва бўйлаликла ширин ҳуррият зоҳир бўларди. “Турон” газетаси 5 нчи нўмердан сўнг жоҳил халқ уламо иғвоси ила унга бойқот ясагандан сўнг ёпилишга мажбур бўлди. “Турк эли”, муҳаррири – бокули Муҳаммадали Афандизода, ношири – Турк адами марказият фирқаси. Бу газета-да 5 10 нўмери чиққандан сўнгра моддий сабаблар ила бекитилди. “Улуғ Туркистон”, муҳаррири – собиқ “Вақт” муҳаррирлариндан Кабир Бакир. Ношири – Марказий тотор бюроси. Нимтотор шевасинда чиққан бу газета икки сана қадар давом этди. Энг фойдали, энг мундарижали ва энг узоқ яшаган газета шу эди. Шу вақтга қадар саналганлар фақат Тошканд шаҳринда чиқмиш газеталардир. Вилоятларда чиққанлари булардир: “Ҳуррият” – туркча ҳурриятпарвар газета, Самарқандда чиққан. Абдурауф Фитрат муҳаррирлигида давом этган бу газета бир йил қадар давом этди. “Эл байроғи” (Хўқанд шаҳри) – туркча, муҳаррири – машҳур Туркистон ва Шарқ тарихи олимларидан Бўлот Соли. Ношири – “Ғайрат” ширкати. Бу газета Ўктабр инқилобига қадар давом этди. Хўқанд фожиасиндан сўнгра битди. “Равнақ ул-ислом” – Хўқанд шаҳринда чиққан муҳофазакор газета. Муҳаррири – Нурмуҳаммад ўғли Тошмуҳаммад. Ношири – “Халойиқ” жамияти. Бу газета бир-икки ой давом этгандан сўнгра моддий ва маънавий сабаблар ила бекитилди. “Озод”, Фарғона ноҳияси Сим (Искобулўф) шаҳринда нашр этилган бу туркча газета 2 нчи нўмеридан сўнг моддий ва маънавий сабаблар ила бекитилди. Муҳаррири – Ҳоди Файзий. Ношири – инқилоб қўмитаси. “Садойи тарончи”, Еттисув вилоятинда чиққан бу газетанинг ноширлари тарончи турк жавонлари эди. Муҳаррири тотор шоирлариндан Зариф Баширий эди. 1-2 ой давом этди. Булардан бошқа Фарғона ноҳияси, Наманган шаҳриндан мухталиф номлар ила бир неча газета чиққан эса-да, исмлари хотирамда йўқдир. Журналлар “Ал-Ислоҳ” (Тошканд). Қора фикрли уламо ва сарватдорларнинг нашри афкори бўлган бу диний ва таассуб мажмуаси жавонлар ила гураша-гураша, бир йил қадар давом этгандан сўнг Ўктабр инқилобидан сўнгра ёпилди. “Изҳор ул-Ҳақ” (Тошканд). Муҳаррири – Садриддинхон. Ношири “Фуқаро” жамияти. Бу мажмуа мўътадил маслакли бўлиб, жавонларни мудофаа этар, халқни ҳурриятга ва тараққийга тарғиб этар, уламоларга қарши қалам қўлланарди. 5 6 ой давом этиб қопатилди. “Баён ул-Ҳақ” (Тошканд). “Изҳор ул-Ҳақ” ўрнига чиққан бу мажмуанинг ношири “Мадания” ширкати эди. Аввалгининг йўли ила кетарди. “Юрт” (Хўқанд шаҳри) – адабий мажмуа. Муҳаррири – Ашурали Зоҳирий. Ношири-да ўзи. 5-6 нўмер чиққандан сўнгра моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. “Кенгаш” (Хўқанд), муҳаррири – Ҳамза Ҳакимзода. Ношири – муаллимлар жамияти. 3 4 нўмеридан сўнг ҳимматсизлик сабабли ёпилди. “Ишчилар дунёси” (Тошканд) – сусиёлист фикрли. Ношири – мусулмон амалалари шўроси. Муҳаррири – Ғози Юнус. 15 кунлик бўлган бу мажмуа 7 нўмерига қадар давом этиб, моддий жиҳатдан ёпилди. Бу мажмуа уламо ва сарватдорларга қарши чўқ шиддатли ёзар эди. “Чаён” (Скорпион) – яримтотор шевасинда Тошкандда нашр этилган бу ҳажвий мажмуанинг муҳаррир ва ношири – Халаф Тўлакўф. Бош муҳаррир эса Иброҳим Тоҳирий эди. Сўнг “Чўл чаёни” номига табдил этилган бу мажмуа икки йил қадар давом этди. Расмлар ва баъзи мақолаларни “Мулло Насриддин” мажмуасиндан ўғирларди. “Садоқ” – (Гулла) Еттисув вилояти Олмаота шаҳринда чиққан бу ҳажвий мажмуа 5-6 ой давом эта билди. Ҳажвий жиҳати яхши, фақат шахсиятга чўқ кенг майдон берарди. Шеваси – яримтоторча, муҳаррири – Зариф Баширий. Ношири ёшлар ташкилоти эди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Туркистонда_матбуот. Downloaded from uzbekai.com.