Туркистоннинг жон томири Абдулҳамид Чўлпон “Туркправда” йўлдошимиз-да ўртоқ Ефаниф “Суғориш ишчилари ҳозирлаш” тўғрисида бир мақолача ёзиб, бу муҳим масъаланинг шу кунги вазъиятидан бир оз маълумот бериб ўтадир. Бизнинг Туркистонда суғориш ишларининг аҳамияти маълум. Бу тўғрида газеталарда, йиғинларда, қурултой ва кенгаш мажлисларида жуда кўб гап-сўз бўладир. Жуда кўб қарор ва тилаклар чиқариладир. Локин жаҳон уруши ва айниқса ички урушлар бошланғандан бери суғориш йўллари (анҳор, сой, ариқ ва ҳоказолар) тузалиш эмас, бузулиш билан келмакдадир. Туркистон, озуқ ва ғалла етишдириш билангина қолған вақтларда ҳам, суғориш йўлларининг аҳамияти камаймайдир. Локин мана бу йилгидек пахтаға кўбрак аҳамият бериб, унинг учун марказдан улгуржи пул чиқарилған вақтда суғориш йўлларининг аҳамияти жуда зўраядир. Шуни тушунуб бўлса керак, марказ Туркистоннинг суғориш ишлари учун олтун ҳисоби билан 6 милён сўм пул чиқарди. Пул бўлғандан сўнг уни ишлатиш, айниқса “сарф қилиш” жуда осон. Фақат, ишлатилган ердан унум чиқариш масъаласи қийинроқ. Демак, истаймизким, олинған пуллар ўз йўли билан ўз жойиға кета берар, янги ариқлар кавлатилар, бузулған ариқлар тузатилур. Сув чиқмаған ерларга сув чиқарилур. Фақат, буларнинг ҳаммасига одам керак, ишчи керак. Ўртоқ Ефаниф бу тўғрида гапириб туруб: “Аниқ маълумдирким, ариқ оқсоқол ва мироблар билан тарақлай олмаймиз. Яхши ҳозирлиқ кўрган бир мунча ишчилар, яъни: сув техниги, муҳандис ва бошқалар керак. Улар эса бизда йўқ.” дейдир. Бу тўғри, бу рост. Шундай бўлғандан кейин у ишчиларни етиштирмак керак. Етиштиратурған муассасаларимиз борми? Бор бўлса қандай ҳолда? Бу тўғрида гапни яна ўртоқ Ефанифдан эшитайлик: “Бу кун бизнинг қўлимизда сув техниклари тайёрлайтурған биргина муассаса бор. Муассаса Тошкантдаги кечлик техникумдирким, бизнинг ихтиёримизни сира таъмин қила олмайдир. Шу кунларда суғориш ишлари тўғрисида бир кенгаш мажлиси бўлуб, сув техниклари етишдириш тўғрисида бир мунча кундалик йўллар кўрсатди”. Бу кенгаш мажлисининг кўрсатган йўллари орасида: шу кўклам ва ёз ойларида сув техниклари етиштиратурған бир мунча ўрта мактаблар очиш; Байрамалида сув ўнбошилари мактаби очиш; келгуси йилда эса Самарқанд, Полторатск ва Олмаотада сув техниклари мактаби очиш нияти бордир. Дуруст, булар кўб яхши тадбирлар, кўб яхши йўллар. Энди масъаланинг бошқа бир муҳим жиҳати бор, у-да шу мактабларга ерлик халқни кўбрак тортиш масъаласи. Бу тўғрида ўртоқ Ефаниф қисқағина қилиб, шу тўрт оғиз гапни айтиб ўтадир: “Сув техниклари етишдиратурған мактабларга ерлик халқни жалб этиш мақсади билан ҳар бир мактаб ёнида тайёрлиқ синфлари очмоқчи бўлунадир”. “Очмоқчи бўлунадур”- бу ният “тайёрлиқ синфлари” – мактабнинг кўланкасидир. Буларни ҳам қилатурған бизнинг “Туркпрофубар” ва “Туркторкомпрос”… Масъала муҳим, Туркистоннинг жон томири, фақат, нимага эканки кўнгил тўлмайдир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Туркистоннинг_жон_томири. Downloaded from uzbekai.com.