Туркияда сайловлар Абдулҳамид Чўлпон Инқилобчи бош Туркияда яқин ўртада умумий бир сайлов бўлуб ўтди. Сайловнинг муқаддимаси қандай белгиланиши, қандай аҳвол ва вазият ичида сайловға киришилгани тўғрисида бизга баъзи нарсалар маълум. Лекин, сайловнинг қандай давом этиб, нима билан тугалгани тўғрисида телеғрам ва на газеталарда ҳозирғача ҳеч нарса кўрганимиз йўқ. Маълумдирким, иттиҳодчилар фирқаси мамлакатни ҳалокат қирғоғиға келтириб қўюб, Оврупо урушининг тугалиш кунларида ўзи ҳам тарқалиб кетди; унинг мамадана ва қайнар қонлиқ оқсоқоллари, ҳаммаси ҳар томонға қочиб битдилар. Унинг ўрниға ўлтурған файласуф табиатлик, жанжал ва ғалвага тоби йўқ эътилофчилар бўлса, Туркия давлатини кўмишдан бошқа нарса бўлмаған машҳур “Севр муоҳадаси”га бемайл ва хотир қўл қўюб бердилар. Ниҳоят, Севрда аҳднома боғлашқан иттифоқчи жаҳонгирлар муоҳаданинг асосларидан четга чиқиб, Туркиянинг тегилмас жойлариға ҳам қўл узата бошлағандан сўнг бир неча фидокор ёш туркларнинг раҳбарлиги остида бутун Онатўли халқи, қишлоқлари бош кўтардилар. Истанбулнинг гўзал, чиройлиқ ўрдаларига Ваҳидиддин деган бир “қўғурчоқ”ни “султон” қилиб ўтқузуб қўюб, ўзлари Онатўли исёнчилари билан курашишга киришган афандилар бутун турк халқига ва балки бутун дунёға Туркиянинг қолған-қутқанларини ҳам оринмасдан бировлар қўлиға топширишдан бошқа вазифалари бўлмағанлиғини кўрсатдилар. Бу орада икки йил ўтди. Инқилобчи Онатўли ҳукумати халқнинг бутун кучини “Буюк Миллат мажлиси” теграсига тўплаб туруб, Туркиянинг истиқлолини сақлаб қола олди, тўғриси, улуғ бир шараф билан сақлаб қолди. Туркиянинг қўлидан қайтмаслиқ бўлуб чиқди дейилган ерларни яна Туркияга қўшди, улади. Енггувчи турк қўшунини Истанбулнинг дарвозаси олдиға келтириб қўйди. Бир тарафдан Истанбул ва бўғозлар учун катта давлатлар билан сўз ва сиёсат кураши бошлаған ёш Туркия, иккинчи томондан пишиқ ва тублик бир ҳукумат қурмоқ учун умумий сайлов эълон қилди. Ya’ни: Туркия Буюк Миллат Мажлиси кўбчиликнинг текис аралашиши билан сайланиб қўюлмоқчи бўлди. Мамлакат минг азоб билан ҳалокат қирғоғидан қутулмоқ учун тиришқан чоқда турлиси турли ёқда “ғариб” бўлуб юрган бурунғи оқсоқоллар сайлов чоғида қайтадан кўрунуб қолдилар. Тарқалған Иттиҳод фирқасининг сайловларға жуда “жиддий” аралашмоқчи бўлғанлиғи тўғрисида Истанбул газеталарида хабарлар бўлди. Иккинчи группа номи остиға йиғилған бир тўда Туркиянинг ёш ва инқилобчи ҳукуматига сайловлар орқалиқ жиддий зарба бериш учун енг шимарған эди. Бу тўда бурунғи фирқаларнинг бирартасими, ёки янги пайдо бўлған айрим бир фирқами, бу ҳақда телеғрамда ҳеч нарса билдирилмади. Ҳар ҳолда, бу фирқанинг тескаричи тўралар ва ўнг муллалар бўлиши эҳтимол. Сайлов чоғида бу фирқа ва бошқа сиёсий фирқалар билан чинакам тўқунушатурған фирқа эса, бошида Мустафо Камол бўлған “Халқ фирқаси” ёки “Мудофааи ҳуқуқ” тарафдорлари эди. Сайловлар шу аҳвол ва шу шароит ичида бошланди. Бу сайловлар охир бориб нима билан тугагандир, билмадик. Фақат, сиёсат оламида, айниқса Лузон канференсиясида бўлған баъзи зўр вақеаларга қараб, сайловда ҳам ғалабанинг ким томонида бўлғанини бир даража билмак мумкиндир. Туркияни ҳалокат чуқуридан қутулдирған Туркия миллий ҳукумати, сўнг вақтда сиёсат майдонларида ҳам катта ғалабаларга эришди. Иттифоқчи жаҳонгирлар, биринчи Лузонда ҳеч нарса чиқара олмағандан сўнг, иккинчи Лузонда тақдирларига тан бермакка, инқилобчи халқнинг кучи олдида бўюн эгмакка мажбур бўлдилар. Туркия билан битишиш телеғрам хабарига қарасақ бўлди ҳисоб. Тез фурсатда туб яраш муоҳадасизга ҳам қўл қўюлур. Ундан сўнг англизлар Истанбулни бўшата бошлағайлар. Бунинг учун ҳозирдан тайёрлиқ бошланди. Катта, жанжаллиқ масъалалардан Туркиядаги ажнабийларнинг ҳуқуқий масъаласи Туркия фойдасиға тугалди. Юнонистоннинг қўшун йиғиб, пўписа қилишидан ҳурккан киши бўлмади. Юнонистон, тазминот ўрниға қора оғоч истансасини (Эдирна томонда) бериб қутулди. Туркия ўзининг тугал истиқлолияти, бутун борлиғини қайси куч ва қайси группа орқасида сақлаб қола олди? Бу саволнинг жавоби очиқ кўрунуб турғандан сўнг, сайловлардағи ғалабанинг ҳам ким томонидан бўлиши сезги биланоқ билиниб қоладир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Туркияда_сайловлар. Downloaded from uzbekai.com.