Турксоюз ва ерлик халқ Абдулҳамид Чўлпон Янги Иқтисодий Сиёсат даврида энг муҳим бир муассасага айланган Турксоюз тўғрисида газета бетларида хийла кўб ёзилди, хийла кўб танқид этилди, сўкулди, локин, бу бечора муассасанинг тублик суратда тузалгани кўрулгани йўқдир. Бу идорадан ерлик халқнинг меҳнаткашлари бир чақалиқ фойда кўрди деб даъво қилған киши – бу даъвоси олдида ўзи уялмоққа мажбурдир. Бу идоранинг умуман ерлик халқ билан, ўшал ерлик халқнинг фойдасиға бўлатурған алоқа ва муносабати йўқдир. Унинг ерлик халқ билан бўлған муносабати ерлик халқ қўлидан озиқ-овқат ва ҳар хил бошқа молларини сотиб олиш ва бир неча мусулмон қорунларини тўйғазиш, семиртишдан иборатдир. Мусулмоннинг энг виждонсиз, ифлос ҳаннотлари, энг маслаксиз қорин бандалари унинг вакили бўлуб олғанлар. Бу ҳақиқатлар янги кашф этилган ҳақиқатлар эмас, ҳаммага очиқ равшан, маълум бўлған ҳоллардир. Буни қайтадан ёзиб ўлтурмоқнинг фойдаси-да, кераклиги-да йўқ эди. Локин, Турксоюзнинг ерлик халққа қарашини очиқ кўрсататурған бир воқеа, бизни шу сатрларни ёзмоққа мажбур этди. У-да шундан иборатдирким, Турксоюзда Туркистон дорулфунунининг ижтимоиёт шўъбаси учун бир неча истипендия (жой) бор экан. Бизнинг олған маълумотимизға қарағанда мазкур жойларда биргина бўлсун ерлик халқ йигитлари бўлмай, ҳаммаси овруполиларға таҳсис этилган экан. Бизнинг кўз олдимизда ерлик халқ ёшларининг “Кўмак” уюшмаси олий мактабларга кирмак истаган ўзбек ёшларини қандоғ қилиб жойлашни билмай, ўзини ҳар ёққа уруб турған чоқда шу ҳолатни кўргандан сўнг ўзимизни тўқтата олмасдан, ихтиёрсиз: – Ҳой уятсизлар! – демакка мажбур бўламиз… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Турксоюз_ва_ерлик_халқ. Downloaded from uzbekai.com.