Улуғ ҳинди Абдулҳамид Чўлпон “Шу нарсани юрагим дук-дук уриб туруб ёздим” десам ё ишонасиз, ё ишонмайсиз. Лекин, юрагим “шамол теккан япроқдай қалтирайдир…” Бир хил завқ – “нашъа” билан қалтираған юрагим, бутун танимни силкитадир ва қўлим ҳам шу орада енгилгина чайқалиб турадур. “Бу нимадан келди?” десангиз, англатай: Шу сўзларнинг энг юқорисида “Улуғ ҳиндий” деб қўюбмен-ку, ана ўша улуғ зот, яъни Робиндранат Тагор деган киши, ёшроқ вақтларида бутун дунёнинг энг баланд тоғларидан бўлган Ҳимолаянинг ҳайбатли ёнбағирларида отаси билан бирга саёҳат қилиб юрган экан. Ўша вақтларда ҳам ниппа-ниназин (яъни балодек) шоир бўлған у буюк зот ҳеч нарса ёза олмабдир. Шундай улуғ Ҳимолаянинг кўклар билан ўпишган чўққиларида, тун қоронғисидан ҳам қалин ўрмонлар қўйнида, шундай катта шоир бир оғиз нарса дея олмаса, биргина шеър парчаси ёза олмаса-я? Муни қаранг! Ўз тирикчилигига оид китобида ўзи шундай деб ёзғандан кейин танғирқаб – ҳайрат ёқасини ушлаб қолдим… Русчага таржума қилиниб, босилған асарларининг кўпини ўқуб ўтганимдан кейин, шу улуғ ва қийматбаҳо одамни ўз элимга танитмоқчи бўлдим. Шу ният билан қўлимға неча мартаба қалам олған бўлсам, ҳаммасида ҳам қалтироқ босди, тўқтадим… Фақат, менингча, у қалтироқ босишларнинг ва у юрак қалтирашларнинг “сирри” ҳам шу орада билинди, шундайким: – Ҳинд доҳийсининг Ҳимолая тоғларида ҳеч нарса ёза олмаслиғи у тоғнинг жуда ҳайбатли, азамат ва улуғ бўлуб ақлни шошириб қўйишлиғидан бўлса, менинг у азим зот тўғрисида ҳеч нарса ёза олмай қалтироқланишим ҳам у одамнинг Ҳимолая тоғлари қадар ҳайбатли ва улуғ бўлишидан келган экан! Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолған шарқли ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин, янгиси яна ширин, ғарбники тағин – яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин? Бири-биридан ширин ахир! Бизнинг ўзбеклар учун ҳали ҳозирға у хил чучмаллик йўқ. Нимага десангиз, ўзбеклар эскидан – ҳеч сабабсиз! – аразлаған, хафа; янгига – эндигина суқулиб кирмоқда. У адабиёт майдонида янгиликка нисбатан: ёш бола, гўдак, чақалоқ, эскиликка нисбатан: етим, кимсасиз; (безпризорный), ўзбошли! Журъат қилиб: «йўлсиз» деб юборайин деймену, қўрқамен; негаким бошлаб… ўзим йўлсиз! Ўзимнинг йўлсизлиғимдан бир оз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил! Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқинбойларни ўқиймен, қувонтирадир, холос! Улар менинг учун ёнған чироғлар бўлса ҳам, менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳакимзодаларни ўқумаймен, ўқумаймен. мени шу ҳолға солған ўшалар!.. “Нечун очилди кўзим. Қайда кетди уйқуларим?..” Тўқайдан тортиб Қави Нажмигача – татар адабиётини, Ҳодидан тортиб Жаводга қадар Озарбайжон адабиётини (Ҳусайн Жовидни ажратиб олиб қолдим!), Номиқ Камолдан Али Сайфи (А.Сайфи)га довур усмонли адабиётини ўқуймен: ё – ортиқ янгилик, ғарблик, ё ортиқча шарқлилик! Фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган сўфийларча шеърларини ўқуймен; шуларга дурустгина қонамен; ундан кейин Яҳё Камолнинг “Саъдобод” руҳида баъзи нарсалари. Фақат – улар шу қадар озки… Ана шу вазиятда экан, ҳалиги улуғ зот менга йўлуқди. Шундан кейин чинакам қондим! Қўлим қалтираса ҳам, юрагим ўйнаса ҳам, қудратим етмаса ҳам ўша “Шарқ ва Ғарб ўртасидағи олтун кўпрук”ни элимга танитмоқчи бўлдим. Мундан ортиқ бир нарса демак, чинакам, қўлимдан келмайдир. Менинг қўлимдан келгани: у муборак одамнинг баъзи бир нарсаларини наср билан русча орқади таржума қилиб бериш бўлди. Шу ҳам – катта гап. Қуйида унинг “Ўроқ ой” деган асаридан учта шеърнинг таржумаси босилди. У шеърлар тўғрисида фақат шунигина айта оламанким, улар ёш бола, яъни гўдак аҳволи руҳиясини кўрсатишда бир-бирлари билан пойгак қўйишадирлар. Шуларни ўқудим, қайтиб-қайтиб ўқудим, ундан кейин Ҳожи Ражабнинг Шукур ва Ҳабиб деган кичкина-кичкина болалари билан гаплашдим ва бирга-бирга… ўюн қилишдим! Шунда билдимким, ўшаларнинг ҳар бири: бир Тагор, бир улуғ Ҳиндий! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Улуг%E2%80%98_ҳинди. Downloaded from uzbekai.com.