Ватанимиз Туркистонда темир йўллар Абдулҳамид Чўлпон Ушбу сана ўтган апрель ойидан бошлаб Андижоннинг кўб қишлоқлариға темир йўллар ғоят тезлик билан ишлануб турмоқдадур. Чунончи: 1 нчи. Намангандан келуб Андижонға, Андижондан – ҳазрат Айюбга, ҳазрат Айюбдан чўзулуб Олмота тарафлариға кетадур. 2 нчи. Андижондан бир шоҳ чиқуб Хўқанд қишлоқ моси Бозорқўрғон тарафлариға. 3 нчи. Андижондан Ўш, Жалолобод, Ўзганд билан Қитойнинг Кашғар ҳудудиғача борадур; (Ўш, Жалолобод, Ўзганд темир йўллари ҳозир ишланса ҳам Кашғар ҳудуди темир йўли бир неча йиллардан кейингина ишланмоқға бошланса керак) Бул йўллар ҳаммаси “Ўрта Осиё темир йўллари”ға туташиб ғоят мукаммал бўладур. Бул темир йўлларнинг кўб экин жойларни босуб ўтмоғи, масжид ва хоналарни вайрон қилуб (?) ўтмоғидек зарарлари бўлса ҳам фойдаси яна кўброқдур. Йўл босмачилар ва бошқа ўсалларнинг ҳужумидан қутулмоқға фойдаси тегар, қишлоқлар яқинлашар, обод бўлуб маъмурлашар, арзон ерлар қиймат бўлур. Фақат газета муҳибларимиз ва темир йўл бўйидағи бахтли қариндошларимиз “Садои Фарғона”нинг 18-инчи нўмерусидағи андижонлик Убайдуллахўжа Сулаймоний жанобларининг “Туркистондағи ва билхосса Фарғонадаги мусулмон қариндошларимизға хитоб” унвонли мақоласининг мазмуниға қараб амал қилмоқларингиз керакдур. Темир йўлнинг бормоғи билан таноби 100 сўмлик ерлар албатта, 1000 сўмгача чиқар, фақат Убайдулла афандининг айтганича “бе бақо мингларга қизиқмаса керак” оқча битар, қадр кетар, аммо ул ерларни топиб бўлмас. Замонамиз шундоғ замондурки тирикчилик билан рақобот қилмоқға, маишат зулмидан қутулмоқға қўлда ер бўлмоқ керакдур. Ер сотган пулға қизиқғанларни маишат, тирикчилик тошқини ва тўлқуни келуб уруб, парча-парча қилмоқда.Шубҳа йўқдур, 100 сўмлик еримиз бора-бора обод бўлуб 5-10 минг сўмға ҳам чиқар, буни яхши ўйламоқ керак. Ер ва тупроқ сотган бола-чақа ва наслини сотган билан баробардур. Бир ота ерини сотди демоқ бола-чақа ва наслини то қиёмат оч ва яланғоч қолдурди демоқдур. Ватан тупроқ шундоғ онадурки, буни хор қилдук, ўзимизнинг ҳам хор бўлмоқимиз кўз олдидадур. Ер сотуб хонавайрон бўлганлардан ибрат олайлук! Жаноб Ҳақ икки кўз ва ақл берубдур. Кўзларимиз ила кўруб ақлимиз илан ўйлайлук! Ўзимиз дунёға яланғоч куюнча келуб, онамиз, ватанимиз тупроқимиз бизни боқар, ризқ берар, катта қилар, дунёда яшатар, ул онани сотганлар, албатта, неъматнинг қадрини билмаган куфрон неъмат қилган бўларларки кўб ёмон гуноҳға ботарлар. Тупроқдан яратилдук демоқ тупроқ танимиздур. Ўз танимизни ўзимиз сотсак беақллик эмасму? Ажабо!! Ватанимиз аввал обод эмас эди. Мана темир йўллар келмоғи ва солинмоғи билан обод бўлар, қишлоқларға ҳам маданият кирар. Эй қариндошлар! Шаҳарликлар бўлдук! Бўлдук! Аммо қишлоқлилардан катта илтимосимиз шулдурки,Оврўпонинг мудасидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан балки, илм, фан, ҳунар, санъатга ўхшашлик маданиятларидан намуна олуб бул жиҳатдан тақлид қилмоқингиз лозимдур. Оврўпонинг мўдаси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан асир – қул қиладур. Бундан сақланингиз!! Оврупонинг мактаб, мадраса, илм, фан, санъат, ҳунарга ўхшаш маданиятлари сизларни обод, маъмур олим қилуб, жоҳилликдан асорат-қулликдан қутулдурадур. Биродарлар кўзларингизни очуб яхши ўйланглар!! Мана шул Фарғона темир йўлида бир суюнадурган иш бордурки: 700 танобча ерга истансия вагзал ва искалад қилмоқ ишини (подратини) Намангандан туруб асл ташкандлик муҳтарам мулла Абдуллоҳ афанди Ҳамидуллайўф олмишдур. Вагзални томоша қилмоқ учун борганимизда мулла Абдуллоҳ афандининг укаси Абдулазиз афанди ила кўрушганимизда Абдулазиз афанди таассуф қилуб дедики: Шундоғ катта муассаларнинг фойдасини Оврўполилар кўруб, онларнинг қўллариға ўтаётганига ичимиз ачишуб “Наманган” истансиясини бино қилмоқға ҳам олган эдик. Энди мана Андижон катта истансиясини ҳам олдик дейдур. Вагўнлаб семент келуб турмоқдадур. Сементдан хиштлар қўюб турадурлар. Биринчи бошлаб истансияларға армани ва руслар келуб ўтурмоқдадур. Бечора мусулмонлар бўлса ерларини ойлик қилуб бермоқдадурлар. Ҳозирдан ижарага берсалар бора-бора оз пул билан сотуб ҳам қўярлар. Вагзалға яқин ерларда истансия атрофида энди ғайр миллат кўринмоқға бошлади, дейдур. Мана шундоғ гапларни Абдулазиз афанди билан сўзлашиб ўлтурдик. Қариндошлар диққат лозим! Сўнг пушаймон бўлмоқдан фойда йўқлиги ҳаммамизға маълумдур. Ҳеч бўлмаса Абдулла афандидек намуна кўрсатғучи фидокор савдогарларимиздан ибрат олуб,Ватанимизнинг бойлигини, тижоратимизнинг фойдаларини четлар чўнтагиға солмасдан ва бермасдан, ўз чўнтагимизда олуб юрмагимиз керакдур. Бизга шундоғ ишларға кирушмоқға вақт!.. Биз ҳам инсонмиз инсондек яшайлук!.. Маишат тўлқуни билан урушайлуқ! Қариндошлар!.. Вақт ғаниматдур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ватанимиз_Туркистонда_темир_ё%E2%80%98llar. Downloaded from uzbekai.com.