Вилоят театр тўдаси Абдулҳамид Чўлпон Ҳозир ёш Ўзбекистоннинг қурилуш ва ўнглаш даврида турамиз. Бу куннинг шунга яраша катта-катта масалалари бор. Уларнинг ҳар бирини яхшилаб ҳал қилиш учун анча урунмоқ лозим бўладур. Ўшандақ катта масалаларга ҳам кенг-ковурғина жой топиб бера олмай ётқан газетамиз театр-томошадек орқадароқ турған масалаларга қавоғини буруштирмасдан жой бермайдур. Албатта, шундоқ бўлса ҳам Фарғонанинг вилоят театр тўдаси тўғрисида озроқ бир нарса ёзиб ўтмасак бўлмайдур. Нимага десангиз бу – бир вилоятнинг тўдасигина бўлса ҳам овозаси дунёни босди! “Қизил Ўзбекистон” газетаси “Туркистон” номи билан чиқиб турған вақтида мазкур тўда тўғрисида узундан-узун бир нарса ёзған мен ўзим эдим. “Фарғона”да Ваҳобхон ўғли ўртоғимиз ҳам шу масалага чинакам бир қоқилиб ўтди. “Фарғона”нинг ўша сонида вилоят “театр тўдаси сафарга чиқди” деган “валуалалик” (сенсационный) бир хабар ҳам босилди. Ҳозир мен ўша сафарга кетган тўданинг сафардаги томошасиға суяниб бир нарса демакчиман. Камбағал “маҳаллий маблағ”дан шу театр тўдаси учун катта-катта сарф бўлуб турғани – ҳаммага маълум. Бухородан шу тўда учун энг яхши тарихий кийимларидан бир мунча олиб келгани ҳам кўпимизга белгилик. Бу сўзни биз пичинг ёки таъна тариқасида айтмаймиз. Биз бу сўзни суюнганимиздан айтамиз. “Суюнчилаймиз!” вилоят ижроқўми санъат эгаларига ҳам мунча кўнгил қўяр экан ёр бўлсун. Р.К.П. Ўрта Осиё буюрўсининг раиси ўртоқ Зелинский Бухоро қурултойларининг бирида маъруза қилаётиб “кимга кўб берилса ўшандан кўб сўраладур” мазмунида бир нарса деган эди. Мен ҳам бу кун “шу қадар кўб нарса берилган” театр тўдасидан “шу қадар оз нарса олинғани” тўғрисида гапирмакчиман. Андижонда вилоят тўдаси томонидан бир театр кечаси ўтказилди. Гапни чўзуб ўтирмасдан шунигина айтайинким, агарда бир пардалик, калтагина, мазмунсиз ва қўпол тил билан таржима қилинған кулги асар бўлмаса унда ўзимизнинг Миршоҳидимиз бир оз кулдирмаса, ўзбек қизи Қурбонли қори қизи………………………………………………………………….Кечанинг театр қисмиға хат тортиб қўйишға тўғри келар эди. Айниқса, қафқасчадан таржима қилинған бир пардалик “Ака-сингил” фожиаси маъносизлик, калталик, алоқасизлик ва бошқа-бошқа ҳар тўғрида алоҳида-алоҳида бир “фожиа” эди. Таржима тили ҳам жуда қўпол. Ўйинчилар ҳам (она рўлидаги Ғози қизидан бошқалари, айниқса, йигит) жуда ёмон ўйнадилар… Кечанинг театр қисмини ўзи арзимас нарса бўлса ҳам ўша кулги бир оз жонландирғанидек, кечанинг ўзини ҳам концерт (ашула-ўюн) қисми бир оз жонлантирди. 3 та – кўпчилик ашуласи тайёрланған экан. Ҳаммаси ҳам дуруст чиқди. Айниқса, “тарончи” куйига олинғани жуда яхши эди. Муроджон деган бир ашулачи бор. Унинг товуши (ўртача олсақ) яхшиғина. Айниқса, машҳур Муҳитдин қоримизни “Ғайра-ғайра”да товуши жиҳатидан яхши тақлид қиладур, фақат, қилиқда унча эмас. Эски Сиддиқ ҳожимизнинг ўюнлари, албатта, жойида. Мана кўрасизким, вилоят ижроқўми бу тўдага мунча кўнгил қўйғани билан ундан кутган нарсасини ҳозирғача ололғани йўқ. Мундан кейин ҳам тез орада яхшироқ бир нарса кутиш мумкин бўлмағандек кўрунадур. Озарбайжон шевасида “Ўлилар”, “Коваи оҳангар”, “Учурум”, “Парайжоду”дек катта нарсалар Бокудаги “Таблиғат” театрининг енгил ва яхши асарлари туруб қулоқ эшитмаган ва кўз кўрмаган оддий (1910 нчи йилларнинг) асарларини саҳнага олиб чиқиши бу – нима?.. Маскавда фақат ўзбеклар учунгина очилған 3 йиллик театр мактабига вилоят тўдасидан ким юборилди? Ҳеч ким! Ҳолбуки, ҳеч бўлмағанда 3-4 кишини тўда томонидан юбормоқ лозим эди. Ўшандақ қилғанимизда, бу кундаги умидсизликларимизни келгусидаги умид билан юпатар эдик. На – у бўлди, на – бу! Шу билан қаерғача борамиз? “Маҳаллий маблағ”дан санъат учун бир нарса ойирған вилоят ҳукуматига астойдил ва бир ё жавоб бературған чоқда нима деймиз? Ҳа бир “фожиа” эди, ундай кетди! – деймизми? Шу жавобқа қонатурған одамлар кўб топиладурми экан?.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Вилоят_театр_то%E2%80%98даси. Downloaded from uzbekai.com.