Хитой қўзғалди Абдулҳамид Чўлпон “Қора Хитой қўзғалса дунё бузулар эмиш…” деган гап, бурун-бурундан эл оғзида бор. Бирар жойда катта бир тўпаланг бўлғанини айтишган оналаримиз, ҳали ҳам “Қора Хитой қўзғала кўрмасун” деб қўядурлар. Эл айтган, халқ айтган “тўрт кўзлик, 2 бошлиқ, 8 қўллиқ” қора Хитой йўқ. У гаплар Хитойни танимаганликдан келган нарсалар. Лекин тўрт юз милён қадар келатурған улуғ Хитой халқи, Хитой оммаси, Хитой кўпчилиги бор. Ўша сонға ета қолаёзған Хитой ишчиси, Хитой деҳқони, Хитой меҳнаткаши, Хитой косиби бор. Хитойдан бошқаларнинг оёқлари тегмаган кўб жойларда, ўша кўпчилик – ўзига хос бир маишат билан умр ўтказмакдадур. Бу кун ана ўша кўпчиликнинг ана ўша Хитой оммасининг қўзғалғани тўғрисида дунёнинг ҳар томонидан сим қоқиб турадурлар. Шу чоққача ўз генерал ва тўраларининг кетларига эргашиб бир-бирларининг қонларини тўкушган Хитой ишчилари, меҳнаткашлари, энди – ёт қиронларнинг чидаб бўлмас зулмларига қарши бош кўтарганлар. Ҳозир, Хитойнинг ҳар ерида кунботиш жаҳонгирларига қарши кучлик бир ҳаракат бошланди. Қўзғолишнинг бошланиши – Шанхай шаҳаридан бўлди. “Шанхай” – Хитойнинг энг обод, энг ишлик, “бозорлиқ” шаҳари. У ерда ёт қиронлардан келган бойлар катта-катта зовуд ва фабрикаларни солиб, мингларча ун ва юз мингларча Хитой ишчиларини ишлатиб ётадурлар. Ишлатганда ҳам қандоқ дейсиз? Кеча-кундуз дам олдириш йўқ, қимирлашқа фурсат йўқ, доим ишлатадурлар. Шунча ишлатиб ҳам берган ҳақлари “мушукка – офтобға чиққани учун” берилатурған ҳақдан ҳам озроқ… Ана шу учун энг аввал Хитой ишчилари, Шанхайдағи ёт қирон зовудларида ишлагувчи Хитой “қора ишчилари” қўзғолдилар. Зовудларни ўз қўллариға олмоқчи бўлуб кўрдилар, бўлмади. Ёт қирон аскарлари билан Хитойнинг ҳозирғи ҳукуматга қарашлиқ палисалар, уларнинг устига юруш қиладилар. Қанча Хитой ишчиларининг қонлари зовудларнинг темир панжаралик дарвозаларига тўкилиб қолди… Ёт қиронларнинг одамлари ҳар ерда ва ҳар ишда ҳам “Хитой – ўзимизники” дегандак иш тутадурлар. Шу учун Хитойнинг юқори мактаб талабалари, инқилобчи фирқалари ва бошқа шаҳар аҳолилари бир бўлуб туруб кўчага чиқдилар; ўзларининг ёт жаҳонгирлардан хафа бўлғанлиқларини билдирмак учун байроқ кўтариб куча айландилар. Лекин, ҳеч қайда ҳеч кимга тегмадилар; яроқ-аслаҳа ушламадилар. Ана ўша тинч намойишчиларга қаратиб бекардан-бекарга ўқ узулди. Ўқ узган англиз палисалари эди. Талаба, ишчи ва аҳолидан бир мунча киши ўлди; бола-чақалари кўчада етим бўлуб қолдилар… Ҳозирғи қўзғалған тўпаланг ўша воқеа орқасида чиқди. Ўша воқеани далвой қилиб туруб, Хитой халқи ёт жаҳонгирларга қарши қўзғалиш бошлади. Хитойнинг ҳар синф, ҳар хаёл, ҳар табақа аҳолиси қўзғалишқа аралашқан. Ҳатто катта Хитой савдогарларининг Пекиндаги қўмиталари, ёт қиронлар билан муомалани тўқтатмоқчи эмиш. Хитой ҳукумати ҳам, катта қиронларға нома юбориб “ажнабий полисаларининг зулмига қарши” норозилиқ билдирди. Унга қарши катта қиронлар ҳам жавобнома ёзиб “айб бизда эмас” дедилар. Мунга қарши Хитой ҳукумати яна қаттиғроқ норозилиқ номаси юборди. Бу тўғридағи хабарлар газетамизнинг хабар қисмида бор. Лекин бу воқеанинг бир қизиқ жиҳати бор. Ya’ни: ёт қиронлар шу воқеаларда ҳам “Маскав”ни “Большевик қўнсул”ларини айбламакчи бўладурлар. Айниқса, Шанхайда ҳуқуқчи тескаричи ажнабий газеталари бу тўғрида жуда ёмон ҳовлиқиб кетдилар. Албатта, дунёнинг нариги чекасида бир қамишзорға ўт кетса “большевиклар”дан кўруш одат бўлуб қолди. Бу одатни кўзи очиқ одамлар ҳар қаерда ҳам тушунуб қолдилар. Шундоқ гаплар билан на Хитой халқини ва на бизни қўрқита олмайдурлар. Шундоқ бўлса ҳам, Хитой халқининг халқ қўзғалишини босмоқ учун яроғлиқ куч яъни аскар юборатурған вақтда – ҳалигидак иғволарнинг анча фоидаси тегадур. Нима бўлса – бўлсун аскар билан, куч билан 400 милёнлиқ Хитой халқига қарши кетиб бўлмайдур. Кетилганда ҳам ҳеч бир самара чиқмайдур. 150 милёнли шўролар элини яроғли куч билан енга олмаған муттаҳамлар, 400 милёнли Хитой халқини енгамиз десалар, ўзларининг аҳмоқлиқлариниғина кўрсатадурлар. Хитой халқи – миллий қутулуш учун астайдил бел боғласа, ўзининг хоин генералларига унча кўб эрк бермаса, ҳаммаси бир ёқадан бош чиқарса ва ҳаммадан ҳам муҳими – чин инқилобчи бўлған фирқаларнинг йўли билан кетса… Бу ва ё бошқа бир қўзғолишнинг натижасида мақсад ва ниятларга албатта, эришгусидур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Хитой_қо%E2%80%98zg%E2%80%98aldi. Downloaded from uzbekai.com.