Яна қор Абдулҳамид Чўлпон Яна қор! Оқ кафан ўралди яна, Яна кўк қуйди ерга парларини. Қарғанинг тиллари буралди яна, Яна қиш чорлади «нафарлар»ини… Қоп-қора дев каби булут йиғини Қоплаб олди яна қуёш юзини. Ётқизиб ёз ботир «енгиш туғи»ни, Уйқудан очмади сира кўзини. Кутдилар ёз қизи – баҳор ойининг Янги кунда ясалгувси тўйини. Ёз каби турли гулга кўп бойнинг, Дедилар, бўлгувси чечак ўйини. Қариган қиш бобой чидолмасдан Тўй кутилганда қилди бир босқин. Нега эргашди унга қорли бўрон? Кўп қўпол эди асти ул озғин. Бир фақат қарғалар қор устида Қағлашиб қиш бобойни алқайлар. Тўнгдиргувчи заҳар совуқ тунда Бева-бечоралар ёмонлайлар. Ҳар етим кўзда томчи-томчи заҳар, Ҳар фақир уйида инглайиш ва йиғи. Ҳар сариқ юзда сўнгги шуъла сўнар, Ҳар томон, ҳар тарафда бир қайғи… Яна қиш… Қор-кафан ёпилди яна, Қарғага тўй… ўйин топилди яна!.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Яна_қор. Downloaded from uzbekai.com.