Яна қўзғалдилар Абдулҳамид Чўлпон Яна қўзалдилар! Элимизни, юртимизни оғир ва қийин кунларга қолдирған, бошимизға фалокат устига фалокат келтирган борлиғимизни “одам” ва “фано”га тўғри судраган қуп-қуруқ миялик “уламо”лар, тўғриси уламолар тағин қўзғалдилар. Уларни 4-5 йиллик беркиниш ва қочишда кўчага, майдонға тортиб чиқарған нарса янги сиёсат (NEP) бўлса-да, қўзғатиб, шовиланиб, ҳовлиқтириб юборған нарса Фарғонадаги очлиқдир. Фарғонаға очлиқ келмай ўлсун! Фарғона очлиққа йўлуқмай қолсун! Фарғонани қизғониб, Фарғона очлиғиға ёрдам каби улуғ вазифани тушунтираман деб андижонлик Заҳириддин Аълам бир гап айтиб юборди. Кўп замондан бери айтила олмай келган равшан ва очиқ бир ҳақиқатни айтиб қўйди. Қўзғалди тўлқун! Тошди дарё! Андижон қозизодаси русско-туземни ҳавосида руҳи, мияси чириган “тўра” махзум кўтарилди, ошди, тошди. Тошкент уламолари ичига кириб маҳкамаи шаръия ёнида айланиб Зоҳир маҳзумни ёмон кўрсата олмағач Туркистонда ҳақ ва ҳақиқатни ботурлиқ билан айткунча шу биргина кишини “кофир” қила олмағач ўзи каби бир-икки бўш мияларни топиб мухтасар таржимонини орқасиға эргаштириб ҳукуматга хиёнат (донус) қилмоқ учун ҳам тиришди. Билмадик, бу йўлда бирор нарса қила олдими, йўқми. Локин шу иш бир дафъа дам бўлуб кетган эди. Ҳаммамиз тинчгина ўз ишимизга машғул эдик. Фақат, фақат бу тинчлиқ шунинг учун эканким, қозизода Тошкентдан Фарғонаға кетган экан. Фарғонанинг Андижон шаҳрига бориб енг шимарлаб ишга киришган экан. Қозизода Андижон уламоларига: “Заҳириддин Аъламни “Қизил байроқ”да ёзған мақоласи учун Тошкент уламолари “кофирликка” ҳукм қилдилар. Сиз ҳам шунга ривоят қилиб беринг, Туркистондан ҳайдатурмиз” деган. Бу иғво ва бу ёлғонға алданған киши Андижонда борми, йўқми билмадик. Биз ўзимиз йўқ бўлса керак деб ўйлаймиз. Негаким, Андижон маҳкамаи шаръиясининг бошиға чиқиб олиб дарра салтанатини кўрған кишилар энди ўз хатоларини тушунган, ҳар хил эгри йўлларға сақланиброқ киратурған бўлуб қолғандирлар. Агар ҳанузгача тушунмаган бўлсалар яхши тушунсунларким, дин ва шариат номидан халқни эски дунёға, бойлар, қорни тўқларға бўйин эгдириш оламига олиб бормоқчи бўлғанларға сира йўл берилмас. Ҳукуматимизнинг янги сиёсати ҳеч вақтда ҳақиқатни айтгучиларга кишан, сиёсат қилғучиларға ялтироқ тўн кийгизиш учун эмасдур. Ҳукумат бошидағи йўлбошчиларимиздан ҳеч бир вақтда бир тўда қуп-қуруқ мияларнинг бузуқ фикрларини бутун Туркистон уламосининг ҳақ ва ҳақиқатга қараб юргучи кишиларнинг фикри деб англамас. Сиёсатни қурол қилиб бурунғи тўраликга эришмакчи бўлғанлар қатъиян хато қилалар! Эли-юрти неча йиллардан бери исломда бўлмаған хурофотлар билан заҳарланиб келган ишчи-деҳқон миясини яна бадтар заҳарламакчи бўлғанлар, уларга диннинг асоси ҳақ ерларини тушундиришга қарши бўлғанлар майдонда ортиқ эркин от ўйната олмаслар. Қўзғалонлар қўзғала берсинлар. Ўзларининг манфур сиёсатларида давом эта берсинлар. Фақат, натижа ҳеч вақтда улар айтганча чиқмас. Чунки шўролар идораси Туркистонда бордир ва бор бўлғусидир! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Яна_қо%E2%80%98zg%E2%80%98aldilar. Downloaded from uzbekai.com.