Яқин Шарқ конференцияси арафасида Абдулҳамид Чўлпон Исвичранинг Лузон шаҳрида очилмоқчи бўлған Яқин Шарқ канференсияси очилған бўлса керак. Унинг очилиши учун белгиланган энг кейинги муддат 20 нчи ноябрь эди. Инқилобчи Туркия вакилларининг Лузон шаҳарига бориб-етканларига бир неча кун бўлди. Фақат, вакиллар бошлиғи Исмат Пошонинг Пуанқара билан кўрушмак учун Парижға борғанлиғи тўғрисида хабар бор эди. Француз вакиллари ҳам 19 нчи ноябрда Лузонға қараб йўлға чиққанлар экан. “Эхо де-Пари” номлиқ француз газетасининг хабарига қарағанда, Лузон шаҳарига Сербия ва Булғория вакиллари билан 3 кишидан иборат Миср вакиллари ҳам келганлар. Бу Миср вакиллари, билмадикким, қайси Мисрнинг вакиллари бўлсалар? Англтара ҳукуматининг “ғуломбаччаси” бўлған Султон Фуод ҳукуматининг вакилими экан, ёки Мисрда Англтаранинг “маданий чеҳра”сини кўрмакдан безор бўлған асил Миср халқининг вакилларими экан? Лондондан берилган бир телеғром Миср миллатчилари томонидан Лузон канференсиясига махсус вакиллар юборилишини билдирадир. Ул вакилларга топширилатурған вазифа – Мисрнинг тўла истиқлолини ва Мисрнинг ички ишларига ётларнинг аралашмаслиғини талаб қилмоқдир. Иккинчи томондан Англтара ҳукумати ҳам Мисрдаги ўз “маҳрамлари”дан бир нечасини канференсияга аралашдириб, уларнинг хиёнатлик товушлари билан ўз манфаатини қаттиғроқ илгари сурмакка тиришадир. Телеғром хабарида ҳали бу кейинги тўғрида ҳеч бир маълумот йўқ. Энди канференсиянинг асосий мақсадларига келайлик: канференсиянинг мақсади Шарқ масъаласи деган чигални ечмакдир. Шарқ масъаласи деган замонда илгари кенг доиралик, жуда катта бир масъалани англар эдик. У вақтда шу Шарқ масъаласининг ичига бутун Арабистон, Миср, Ал-Жазира вилоятлари ва Арзи Мақдис ўлкаси ҳам кирар, араб, турк, курд, яҳуд каби бир мунча миллатларнинг ёзмиши ҳам ораға отилур эди. Энди ҳозир у ўлка ва миллатларнинг ёзмиш Ғарб жаҳонгирларининг хирс ва тамаъларини қондирғулиқ бир суратда вақтинча бўлса ҳам ҳал этилгандир. Ўлкалар ва у миллатлар Оврупо “енгганлари”нинг “тахти ҳимоя”сига олинғанлар, бошлариға қўйилған “амир” ва “қироллар”нинг давлатларига дуо қилиб “тинчгина” яшамоқдалар. Ҳозир Шарқ масъаласи бурунғидай улуғ бир масъала эмас, кичкина, локин оғир бир Яқин Шарқ ёки тўғриси “Туркия” масъаласида, шунинг учун Шарқдаги эзилган халқлардан, фақат, Туркиягина бу канференсияга аралашиб, бошқа эзилган Шарқ ўлкалари чекада томошачи бўлуб турадирлар. Туркия масъаласи ҳам ҳал этилган каби эди. Ул чигални ҳам инқилобчи Туркиянинг ботур ўрдуси ўз найзалари билан ҳал этгандек бўлған эди. Туркия масъаласини Англтара режасига мувофиқ ҳал қилмоқ истаган юнон кучуги иккинчи мартаба ғингшимайтурған бўлуб чекилган эди. Шунинг билан Яқин Шарқ масъаласи ҳам ортиқ “қийл ва қоллар”ға лузум қолмасдан ҳал этилмаги керак эди. Туркиянинг Истанбули, Трокияси берилуб, ажнабийлар учун қўюлған ортиқча имтиёзлар йўқ қилиниб, тўла истиқлоли тасдиқ қилиниб, бўғозлари эркин қўюлуб ишнинг битмаги керак эди. Локин Оврупо жаҳонгирлари, айниқса Шарқнинг эски душмани бўлған Англтара буни истамайдир, Туркияга, турк халқига бурунғидек ҳайвонлар муомаласини қилмоқчи бўладир. Фақат, ўзининг эгри мақсадларига етмак учун Туркияга бир оз “ён бериб” келган Франция ҳам Англтара хорижия нозири Лорд Керзоннинг усталиғи орқасида тўнини тескари киятурған бўлуб турадир. Қон билан, зўрлиқ билан, ҳийла, макр, фасод ва номашру’ йўл билан иш бошиға ўлтурған фашистлар Италияси Туркия масъаласида қаттиғ дўқлар қилиб, дағал юз кўрсатмакда, қўпол сўзлар ирғитмоқдадир. Шу сабаблик Медония канференсияси билан Лузон канференсияси орасидағи фарқ кундан-кун кенгаймакдадир. Лузон канференсияси очилмоқ арафасида; биз бу йўлларни ёзиб турған чоқда балки очилиб, ишга ҳам бошлағандир. Канференсиянинг бошлиқлари 3 давлат вакилларидан иборат бўладир, деган бир телеғром бор эди. Албатта у уч давлатни ном-баном кўрсатиб ўтурмоққа ҳожат йўқ. Унлар – ҳаммамизга ҳам маълумдир. У учнинг орасида енгган Туркия йўқ. Уни ўйлаган киши ҳам йўққа ўхшайдир. Демак, Туркиянинг енгганини енгганга ҳисоб қилмоқ унга бир фоида чиқармаслиқ учун тиришалар. Лузон арафасида Англтара, Франция ва Италия катталари орасида кўрулган “самимият”, “мухолислиқ” (Солидарност) шуни кўрсатадир. Иккинчи томондан енгганлар ҳам бўш келмайлар; Оврупо катталарининг у қўполлиқлариға қарши ажиб бир совуққонлиқ сақлайлар; комил тинчлик ва ўзга ишонишлиқ билан: “биз бу ерга катталарнинг буйруқларини қабул қилғали келмадик, биз одам қатори, инсоф доирасида сўйлашмакка келдик. Бўлмаса биз индамай қайтиб кетаберамиз” дейдирлар. Енгган Туркиянинг бутун шу сирларни яхши тушунган вакиллари канференсияга кўб катта умид боғлағанлари йўқ. Туркия вакилларининг бошлиғи Исмат Пошо бир оз вақт бундан илгари: “Яна қиличға ёпишатурғанға ўхшаймиз” деган эди. Унинг Лузонда газета муҳаррирларига бир неча дафъа айтган сўзлари ҳам: “Бизнинг ҳаққимизни бермасалар, бизнинг ҳақлиғимизни танимасалар канференсияларини бошлариға урсунлар” деган сўзига келадир. Туркия инқилобчи ҳукумати ўзининг қилиқлари билан ҳам ўзининг маҳкам азмини кўрсатмакдадир: Истанбулда мулкий идорани ўз қўлиға олған Рифъат Пошо қочиб кетган султоннинг саройига қулуп солиб қўйди. Онатўли Миллат Мажлиси султонни тушкан эълон қилди. Анқара ҳукумати султонни ва унинг бутун ҳукуматини ҳукмга бермакчидир. Лузон очилиш арафасида. Ҳар икки томон ҳам бир-бирларига сўнг даража хўмрайиб, заҳарлик қарашлар билан қарайлар. Ҳар икки томон ҳам сўнг даража матонат билан Лузон имтиҳониға киришмакдалар. Бу ёқда биз Русиянинг меҳнаткаш камбағал халқи, ўзимизнинг 5 йиллик пухта ҳукуматимиз, бутун дунё онтар-тўнтарини бошқаратурған улуғ жамъиятимиз (байналмилалнинг Маскавдаги 4 нчи йиғини) билан бирга эзмак истаган билан эзилмак истаганлар орасидағи курашни, аввалгиларга аччиғ нафрат ва кейингиларга қизғин муҳаббат сақлағанимиз ҳолда таъқиб этмакдамиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Яқин_Шарқ_конференцияси_арафасида. Downloaded from uzbekai.com.