Ёнғин Абдулҳамид Чўлпон Таланмаган, йиқилмаган ер йўқ, Гўдаклар найза бошида... (Хабар) Нега меним қулоғимда тун ва кун Бойқушларнинг шумли товши бақирар? Нега меним борлиғимга ҳар ўюн Ва ҳар кулги оғу сепар, ўт қўяр? Кўнглим каби йиқиқ уйлар, қишлоқлар, Бойқушларга бузуқ кўксин очганми? Ота-она, таниш-билиш, ўртоқлар Юртни ташлаб, тоғ ва тошга қочганми? Шундай катта бир ўлкада ёнмаган, Йиқилмаган, таланмаган уй йўқми? Бир кўз йўқми қонли ёши томмаган, Бутун кўнгил умидсизми, синиқми? Подаларнинг яйловида бўрилар Қонга тўйгач, увлайларми кўплашиб, Йиқиқлардан ўликларни тўплашиб, Ўтми қўяр алвастилар, парилар? Табиатнинг бутун ёмон томони Шу ўлкага фақат жилва қилдими? Мўминларнинг оқ виждони, имони Шам сўнгандай тинсизгина сўндими? Қиличларнинг тилларида қизил қон, Булоқларнинг суви янглиғ тошдими? Яланг бола, яланг гўдак —маъсум жон Найзаларнинг бошларидан ошдими? Кенг яйловга ўтми кетди, ёндими? «Маданият» истагига қондими? 1921 — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ёнг%CA%ББин. Downloaded from uzbekai.com.