Ётоқдан Абдулҳамид Чўлпон Оғриқ олди, қайғу олди, зор олди, Сўник кўзли, бағри эзик ёр қолди. Қайда қолди мулла Бозор – девона, Қулоғимга ўқир эди афсона: Эзгу жойга оқ от билан кирганни, Дил каъбасин ўқлар билан бузганни… Йиқиқлардан, қабрлардан товушлар, Ўликларнинг саломини ўқийлар. Борлиғимни қўрқинч ўтлар ҳовучлар, Хонақоҳлар фано тўри тўқийлар. Сирли сирдан қилдай бўлсин хабар йўқ, Йўқса, ул-да ўтганлардек сўндими? Оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ, Йўқса, фано майсалари ундими? Алам олди, фироқ олди, қон олди, Амал қолди… Кўзи ёшли жон қолди!.. Бухоро (Ҳарбий хастахона). 1922, 21–январь — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ётоқдан. Downloaded from uzbekai.com.