Ёзувчиларимиз Чирчиқ қурилишида Абдулҳамид Чўлпон Тошкентдан бир неча чақирим нарида, Чирчиқ дарёси бўйларида, Бутуниттифоқнинг энг катта корхоналаридан бири қурилаётир. Йигирма-ўттиз чақирим келатурган бир масофани тор изли темир йўллар, тош йўллар, ишчи бараклари, каттакон автомобиль гаражлари, икки автомобилни бемалол олиб ўтатурған азамат паромлар, ҳайбатли экскаваторлар (ерни ўзи қазиб, ўзи ташувчи машина), гидромониторлар (сув кучи билан адирларни йиқитатурган машина), неча юзлаб автомашиналар, неча минглаб одамлар қоплаган. Чумоли уясидек қайнаган бу кенг майдонда қувватли прожекторлар нурида кеча-кундуз тинимсиз иш боради. Днепр қурилиши каби энг зўр қурилишда иш кўрсатиб мукофотланган бир қанча инженер-техниклар ва юқори ихтисосли ишчилар Чирчиқ қурилишига юборилганлар. Шўх ва саркаш Чирчиқнинг неча юз билан минг йиллардан бери ўтиб келган йўллари ўзгартирилмакчи. Искандарнинг тепасида, дарёнинг бўғзида, сиртмоқ солиниб, унинг кучи билан бир қанча азамат электрик сув станцияларини юргизилмакчи. У станциялар яқин келажакда буюк фабрикаларни айлантириб ишга солажак, ҳозирдан бошланган кимё комбинати жумҳуриятнинг “оқ олтин” талаларини ўғит билан таъмин этажакдир. Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг жумҳурият қўмитаси томонидан тузилган ва Ғайратий, А.Қодирий, А.Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Элбек, Оппоқова ва Чўлпон ўртоқлардан иборат ёзувчилар бригадаси шу апрель ойининг 10-11 лари орасида Чирчиқ қурилишига чиқиб, юқорида айтилганларнинг барчасини ўз кўзлари билан кўриб келдилар. Ёзувчилар қурилишнинг энг муҳим жойи бўлган бош тўғонни (Искандардан юқорироқда) қариш-қариш кезиб кўрдилар, уларга Днепрда ишлаб ўзини кўрсатган ихтисосли бир ишчи изоҳ бериб, тўғоннинг қурилиши билан таништирди. У ерда энди Чирчиқнинг йўли ўзгариб улгурган. Чирчик тўғон учун жой бўшатиб, ўнгроқдан оқмоқда. У ерда энг катта экскаватор шағалли заминни у ёқдан олиб, бу ёққа ташламоқда, кичкина паровозли поезд омонат излар устида чинқириб юриб тупроқ ва шағалларни ташимоқда. Одамнинг ва экскаваторларнинг кучи етмайтурган оғир харсонларни ва баланд адирларни дори (борот – порох) кучи билан портлатилмоқда, ҳар кун “гум-гум” овозлари Искандарга эшитилиб туради. Комсомол (илгариги Қирғизбулоқ) қишлоғи ёнида биринчи электр сув станцияси солинаётир. У жойни айланганда бригадага ёш ўзбек инженери ўртоқ Файзиев раҳбарлик қилди ва тўла маълумот берди. Бутун қурилиш тўғрисида, айниқса, бош тўғон қуратурган участка (Искандар участкаси) тўғрисида ўша участка бошлиғининг ўринбосари инженер ўртоқ Ниёзов тўла маълумот берди. Қурилишнинг ёрдамчи муассасалари билан бригадани қурилишнинг ўзида чиқатурган “Чирчиқ қурилиши ударниги” газетасининг ходимлари (айниқса, газетанинг муҳаррири ўртоқ Сабуров) таништирдилар. Бригада ҳозир маданий бир шаҳар ҳолига келган Комсомол қишлоғини кўрди, сотсшаҳар билан танишди. Фақат бригада аъзоларидан кўпчилиги нашриётга боғлиқ ишлар билан шаҳарга қайтишга мажбур бўлганларидан бу керакли саёҳатни яна ҳам нари суриш имкони бўлмади. Бригада аъзоларининг ҳаммаси бир оғиздан бу буюк қурилиш билан якка-якка бўлса ҳам доимий алоқада бўлуб туришни зарур топдилар. Бундан сўнг ёзувчи ўртоқлар қурилишнинг газетаси, тиётр тўгараги ва бошқа маданий-оқартиш ишларига ёрдамлашиб турмоқчи бўлдилар. Таассуфга қарши, бу сафарнинг бирмунча камчиликлари ҳам бўлди. Масалан, қурилишдаги касаба ташкилотининг айби билан бу сафар бригаданинг жуда истаган бир нарсаси – қурилиш ударниклари билан учрашув кечаси бўлмай қолди. Жумҳурият қўмитаси ҳозир бу камчиликни тўлатиш чораларига киришди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу сафар яхши уюштирилмаган эди, шу учун бригада икки бўлиниб чиқди ва озгина бир масофага анча қийналиб (бутун кунини йўқотиб) зўрға чиқа олди. Умуман, транспорт масаласида бизнинг жумҳурият қўмитаси бирор нарса қила олмагани каби, қурилиш идораси ҳам (ўртоқ Ҳамидхонов) ҳеч бир ёрдам кўргазмади. Бригада у ёқдан-бу ёққа боришда газетанинг биргина юк машинасига қараб қолдилар. У машина ҳам банд бўлганидан бригаданинг вақтидан яна ҳам унумлироқ фойдаланиш мумкин бўлмади. Гапнинг қисқасини айтганда, қурилиш маъмурияти ва касаба ташкилоти бригадани кўнгилдагидек кутиб олмадилар. Бригаданинг ишларидаги бутун оғирликни ўртоқ Ниёзов билан газета ходимлари кўтардилар. Уларнинг хизматларини қайд этмасдан ўтиб бўлмайди. Газета тўғрисида бир-икки оғиз гапириб ўтиш зарур. Икки газета бир бинода. Бино тор, кичик. Ўзбекча газета ихтисосли ишчилар билан етарлик бутланмаган, шу орқада кичкинагина бир газетада кечирилмаслик матбаа хатолари кетади. Икки газетага бир автомобиль бўлганидан иккала газета ҳам у кенг қурилишнинг ҳамма участкалари билан доимий ва чаққон алоқа боғлай олмайди. Газета ходимлари доим участкадан-участкага ўтиб ишни ўз жойида кузатиб боришлари керак. Уни фақат сайёр редакцияга ишониб ташлаб қўйиш ярамайди. Бундан ташқари, тиражлари бир неча мингга етадиган икки газета учун биргина “Американка” бўлиши ишга кўп зарар беради ва икки газетанинг бир-биридан койишиб туришига сабаб бўлади. Бу икки муҳим газетанинг камчиликларини тезлик билан тугатиш лозим. Бригада Қозоғистон SSRнинг Бўстондиқ районига чиқиб, юриб Чирчиқ бўйидаги колхозлар билан ҳам танишди. Колхозчилар билан қилинган мусоҳабалар кўпрак… янги колхоз устави устида бўлди. Колхозчиларнинг сўзлашларидаги дадиллик ва ишончни ўзи янги уставнинг буюк таъсирини кўрсатиб туради. Бу янги устав бўйича фақат ҳалол меҳнат қилиб, шу билан давлатли бўлмоқ мумкинлигини колхозчилар қайта-қайта айтадилар. Янги қишлоқда янги уставнинг аломатлари ҳозирданоқ кўрина бошлабдир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ёзувчиларимиз_Чирчиқ_қурилишида. Downloaded from uzbekai.com.