Юнонистонда ўзгариш Абдулҳамид Чўлпон Англия жаҳонгирларининг яширин мақсадлари учун бу кун ҳақиқатан қурбон бўлуб турған бечора юнон халқи ўзини қўйдек қурбонлиққа судраб бораётқанларға қарши ниҳоят исён қилған, бош кўтарган. Юнон қўшунининг кейинги эзилишидан кейин юнон халқида бир даражада норизолиқ аломатлари кўруна бошлаған. Англия сиёсатига кўрлардек итоат қилиб кетиб Юнонистонни бу кунги фожеаларга йўлуқтурған қирол Қўнстантиннинг “ёмонлиғи” ва “ярамаслиғи” тўғрисида гап-сўз бошланиб қолған эди. Ҳатто бир вақтлар ҳозирғи қирол ҳукуматининг очиқ ва қизғин душмани бўлуб-да шу кунда “ватан жудо” бўлунған машҳур хаёлпараст Ваназислосни ҳукумат раёсатига чақириш масъаласи оғизға тушуб қолған эди. Бошқаларнинг кучлик тамаъларига қурбон қилинғанлиғида сира шубҳа бўлмаған Юнонистонни бу кунги қийин ва оғир вазиятдан на Ваназилос ва на-да Миралай Панатосларнинг қутқара олмаслиғини юнон бўлмағанлар кўб яхши билсалар ҳам, локин, юнонларнинг ўзлари, айниқса уларнинг ортиқ “некбин” бўлған йўл бошлағувчилари (қайси гуруҳдан бўлсалар ҳам) бу ҳақиқатни яхшилаб тушуна олмайлар, ёки тушунмак истамайлар эди. Шунинг учун, гўё ҳар дардга даво бўлатурған бир киши каби Ваназилос жаноблари кўбгина сўзланди ва охирда халқнинг ғазабидан фойдаланиб, ҳукуматга қарши қўзғалғанлар ҳам, ҳам шул гуруҳ, яъни Ваназилосчилар бўлдилар. Телеғром хабарларига қарағанда, қирол Қўнстантин тарафдорларидан генерал Қўнстантино Полос билан Миралай Сотис қўзғолончиларға қарши қўшун кучи уюшдирмоққа қарасалар ҳам, Ваназилосчи унсурлар уларнинг бу ҳаракатларининг олдини олғанлар. Қирол Қўнстантин бошда қарши турушни ўйлаған бўлса ҳам, кегинча ишнинг пачавалигини кўруб тахтни шаҳзодага топширмоққа мажбур бўлған. Мана шунинг билан ҳозирға мавқеининг эгалари ваназилосчилар бўлуб қолғанлар. Сўнг телеғром хабарлари қирол Қўнстантиннинг қамоққа олинғанлиғини билдиралар. Янги ҳукумат ҳайъатининг кимлардан иборат эканлиги расмий равишда аниқ-равшан айтилмаса ҳам, бош вазир генерал Пидир, хорижий ишлар вазири Карапунос, молия вазири Диомида бўлур деган эҳтимол бордир. Нима бўлса бўлди, Юнонистонда бир қадар ўзгариш бўлди. Йиқилған истибдод декарацияси ўзгала тузилди. Англиянинг энг содиқ ва мутъе қули бўлған қирол Қўнстантин ҳукумати иш бошидан кетиб, энди Англия сиёсатига тарафдор бўлмаған, локин, яна ҳам ўзининг мустақил бир йўли бўлмасдан, Франция сиёсатига қийшаятурған ваназилосчилар сув юзига чиқиб қолдилар. Ҳукумат ҳайъати бундан сўнг, эҳтимолким, шулардан тузулур. Фақат, Ваназилоснинг “франциячи” бўлиши ишни бир оз чатоққа тушурадир, негаким, Франция ҳукумати шу чоққача Юнонистоннинг яқин Шарқда кенгайишига йўл тўсуб келди. Энди ўзининг ишонған ваназилосчилари иш бошиға чиққани билан сиёсатни дарҳол ўзгарта олурми? Албатта йўқ. Чунки бу ерда масъала Ваназилос билан Қўнстантин устида эмас, Англия билан Франция орасидадир. Қирол Қўнстантин ва унинг тарафдорлари Англиянинг хайрихоҳлиғи билан Юнонистонни кенгайтмакчи, фақатгина Туркия ҳисобиға “Мигали Эллас” (Улуғ Юнонистон) мафкурасини юзага чиқармоқчи эдилар. Ҳолбуки, бу улуғ мафкуранинг асил муассиси ва пири Ваназилос жаноблари эди. Истанбулни “Мигали Эллас”га пойтахт ясаш хаёли, Ваназилос жанобларининг машру’ ҳақлари эди. Энди, шу хаёл билан кетиб мамлакатни ботирған Қўнстантин ҳукумати ағдарилиб, жойиға яна шу хаёлчилар келсалар эҳтимол. Шунинг билан Юнонистонда, Туркияда, Тракия ва Истанбул устида, балки умум Яқин Шарқ масъаласида қандоғ ўзгаришлар бўлур? Буни яқин фурсатда кўрсак керак. Янги ҳукумат бошиға келган кишилар кимлар, уларнинг Яқин Шарқ масъаласига қарашлари қандоғ, буни очиқ била олмадиқ. Фақат, Қўнстантин ҳукуматига қарши биринчи дафъа қўзғалон ва қўзғалиш майдонига чиққан Миралай Гунатаснинг халқ исмидан ҳукуматга қўйған талаблари орасида “Тракия уруш майдонини кучайтириш” деган бир модда бор. Мана бу нарса масъалага бир оз ёруқ тушура оладир. Юнонистонда қандайғина ҳукумат бўлмасун, кимгина иш бошиға келмасун, “Улуғ Юнонистон” мафкураси буткул кўмулмас. Бунинг учун тублик ўзгариш – мия ўзгариши керакдир. Бошқа миллатларга ҳам ўз эрклари билан ўз тупроқларида тинч яшамоқ ҳуқуқини эътироф қила олатурған ҳукумат лозимдир. Бундай ҳукумат ҳозир Юнонистонда йўқдир. Шунинг учун ғалва ва жанжаллар бошқа шаклда бўлса ҳам – яна давом этгусидир. Қирол Қўнстантин Англия манфаатига Юнонистонни ҳам қурбон қилди. Ўзини ҳам, энди билмадикким, келатурғанлар нима қилурлар? “Мигали Эллас” мафкураси яна ҳам мияларда ҳукм сура берарми, ёки ортиқ ҳар миллатнинг ўз бошича тинч ва роҳат яшаш асосий бир ҳақиқат ҳолида мияларга кирарми? Бу ҳам юқорида айтганимиздек, яқин келгусида очилатурған сирлардандир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Юнонистонда_о%E2%80%98zgarish. Downloaded from uzbekai.com.