Зарафшон Абдулҳамид Чўлпон Кўз олдимда оқиб ётган Зарафшон Ёш боладек эркалайдир, ўйнайдир; Ҳовлиқма ҳам бўлса ўзи кўп чаққон, Унча-мунча тўсиқларни қўймайдир. Катта-кичик тошлар бўлса йўлида, Ҳеч қўрамай судраб кетар илгари; Ким биладир, жон топширмиш қўлида Ҳазил-ҳазил билан қанча ёш-қари?.. Унинг ўзи, шу ўйноқи қилиғи, Шу ҳовлиқма одати-ла кўп қўрқинч; Сувларининг нозли қиздек силлиғи Кўп танларни ағдарарлик катта куч! Ундан қўрқинч унинг ўткарганлари, Салтанатлар, қонлар, улуғ тарихи, Сийнасида бўғиб ўлдирганлари, Кўп жонларнинг инграйиши ва оҳи! Тарихининг қанотлари сўнг йиллар Аллақандай қора ранг-ла бўялмиш. Ёнларида яшагувчи кўп эллар Қора ёзмиш қозиғига суялмиш… Шўх-шўх оқиб юрагида яшринча Тарихларни, асрларни қарғамиш. Билмадимки, ўз умрида ул қанча Яхши эрлар йод этмиш-да, алқамиш? Эй Зарафшон, ўйнаб-кулиб оқавер, Мазлумларнинг юрагини ёқавер!.. Самарқанд. 1920, август — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Зарафшон. Downloaded from uzbekai.com.