«Ёрқин ой» (Абдулҳамид Мажидий) Абдулҳамид Мажидий Ўзбекларнинг оқсоқоллиқ даврларининг хотираси сифати билан халқ афсонасидан олиниб ёзилған “Ёрқин ой” илгари 2 парда эди. Сўнграк ёзғувчиси томонидан план кенграк олиниб, асар 6 пардадан иборат бўлиб тузилган эди. Мана шу 6 пардали “Ёрқин ой” песаси бултур Маскав драм истудияси томонидан Ўзбекистон саҳналарида ўйналиб чиқти. У пайтда асар тўғрисида баъзи ўртоқларнинг мулоҳазалари матбуотға чиқиб турди. Асарни танқид қилғувчилардан Фитрат бутун камчиликни шу икки нуқтада топқан эди. А) Песанинг бошдан оёғиғача Калнинг иштирок қилмаслиғи. Б) Боғбон – инқилобчи Пўлатнинг тахтга чиқиши. Фитрат томонидан кўрсатилган бу асосий камчиликларнинг биттаси санъат ва биттаси мақсаднинг тугал чиқмағани учун эди. Кеча 4 нчи декабрда давлат труппаси томонидан “Ёрқин ой” баъзи тузатишлар билан яна ўйналди. Асосий тузатиш ҳалиги икки нуқтада воқе’ бўлған. Лекин бу тузатишлар анча тиришиш орқасида майдонға чиққан бўлса ҳам, ҳали муваффақият том маъноси билан таъмин қилинмағандир. Масалан: Калнинг қолған тўрт пардада иштироки тугал бўлиб учраса ҳам, бир кунжак жуда мажҳул қолған. Хонзодани топишда Калнинг маҳорати кўрсатилмаган. Бу кўрунишда кичкина бўлса ҳам, ҳақиқатда жуда катта камчиликдир. Пўлатнинг исёниға ўша пайтнинг энг сўл ҳаракатларини таллаб, “инқилобийроқ” бир тус бериш керак эди. У бор ерда қатъиян тахтнинг бўлиши керак эмас. Мавзу жуда нозик, шунча қараб лозим бўлған бир йўлни топиш керак. Лекин асарнинг ҳозирғи тузулиши ҳали жуда яхши. Пўлат масъаласини тузатканда ҳам бу беш парданинг шу ҳолда қолиши лозим. 6 нчи парданинг ҳам ҳозирғи муваффақиятини бузмасдан тузатиш керак. Асар тўғрисидағи сўзимизнинг охирида шуни ҳам қўшиш керакким, Ёрқинойнинг юқорида кўрсатган асосий камчиликларидан бошқа ҳали жуда кўб майда-чуйда камчиликлар бор. Булар албатта тадрижий суратда комиллашиб кетсалар керак. Лекин шу сўнгғи тузатиш асарга чинакам жон берадир. Буни томошачиларнинг кети узилмас қарсақлари исбот қилади. Энди ўюн ва ўюнчилар тўғрисида озроқ гапириб ўтамиз. “Ёрқин ой” учун махсус декарация ва кийимлар тайёрланған экан. Бу тайёрлиқ, саҳнамизнинг ҳозирғи шароитига қарағанда чинакам тугал чиққан. Ўйнағувчиларнинг турхлари, кийимлари, яроқлари ҳаммаси ҳам жуда диққат билан яхши ишланган. Мен “Ёрқиной”ни Бухорода кўрганда, Пўлат ботир рўлида ўйнаган йигитни анча бўш кўрган эдим. Бу сўнгғи кўришимда яна ўша ҳолни ўзини кўрдим. Сўзни жуда тез ва тутилиб-тутилиб гапиради. Оҳангида ботирларнинг шужоати ҳеч йўқ. Ҳаракатларида, мимикаларида ҳам шундай. Ўлмас ботир эса жуда эмас, бир навъи ботирларча ўйнай олди. Биз “Ёрқин ой”да яхши ўйнағанлардан Ёрқин ойнинг ўзи, Кал бек, бир “лип” этиб ўчган бўлса ҳам Йўлчибекларни кўрсата оламиз. Лекин, Кал қурғурнинг бу қур кайфи йўқроқ эди. Чамаси аввалги пардада яхшиғина бўш ўйнади. Хола рўлида ўйнаған қиз ҳам жуда реалний эди. 2 нчи ўйналишда шунга диққат қилиш керак: Бўронбой билан чолнинг гапириши жуда чатоқ ва ғайри табиий чиқди. Бу албатта ўйнағувчиларнинг ўзларидан чиққан камчилик эмас. Ўларга шундай ўргатилган. Мана ўргатишнинг шунақаси яхши эмас. “Ёрқиной” яна ўйналса, шу нуқталарға айрим диққат қилиш керак. Чунким, озғина ғайри табиийлиқ ҳам ўз жойида ишлатилмаса, томошачини безовта қилади. Ҳозир халқнинг нашъаси кансертга қараб қолған. Кансерт дедингми, ҳечким қолмасдан боради. Бу эса бизда омманинг шу чоққача масхара ҳолда давом этиб келганининг натижаси бўлса керак. Давлат труппаси ишга бошлағандан бери, халқ драмаға ҳам қатнайтурған бўлиб қолди. Бу эса кундан-кунга ўсиб бораётибдир. Лекин “Яна уйланаман” каби нарсалар бу ишнинг белига тепади. Қанча машаққат билан тайёрланған бир нарса кўйга кеткан эди. “Ёрқиной” қисман ўша камчиликнинг юзини қоплади. Бундан кейин халқни драммаға тортиш чораларини кўриш керак. Труппанинг репертуарида яхши нарсалар кўб, лекин ҳали “эски моллар”ни ўтказиб турибдир. Буларнинг баъзилари, ҳар қанча эски бўлсалар ҳам, яна шунча янгилик хусусиятини сақлайдилар. Бунга қарамасдан қишлиқ мавсумни муваффақиятли ўтказиш тилагида яхши асарларни таржима қилиш керак. Айниқса, шарқда Оврупо империялизмасининг қилған ваҳшийлиқларини буюк бир маҳорат билан очиб бера олатурған “Дўхтари ҳинду”ларни саҳнага чиқариш керак. Биз ҳам кўб қатори бир томошачи бўлғанимиз учун давлат труппасидан ана шу тилакларнинг амалга чиқарилишини самимият билан сўраймиз. А.Мажидий — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/%C2%АБЁрқин_ой%C2%BB_%28Abdulhamid_Мажидий%29. Downloaded from uzbekai.com.