Бир йил Абдулла Қодирий Ўйчи ўйини битирғунча, ишчи ишини қип қўяди, депти боболар. Шунга ўхшаш «Иттиҳоди ислом» ва «Иттиҳоди турк» деб жовраб, бошини қовуштирса оёқиға ҳайрон бўлиб юрган ахди иттиҳодлар истиҳорадан бош кўтаргач кўрдиларким, арава лайлак! «Ла ҳавла валақуввата» ўқилди ва оҳистагина савол берилди: Бу нима деган гап? Худоё тавба: қозоғи ўз олдиға хон, тожики ўз бошиға султон, ўзбеги ўз жўниға бек! Бас, бизнинг иттиҳоди фалон отлиқ сассиқпопишагимиз қани? Бу жониворнинг қанот-қуйруғини қайси уйинг куйгур мутади ва уйимизга ким ўт қўйди? Қопини йўқотқанларнинг ишини қип қўйған, албатта, биз эдик. Zero, кўкармаган дарахтни, албатта, кесиш ва ўрниға янгисини экиш керак эди. «Иттиҳоди фалон» деб, дўконига вивиска қоққан бу бенаволар юз йиллардан бери кўбчиликка қуриған ариғдан сув бағишлаб, шамолдан луқма берар эдилар. Байи бу дунё, пули охират бўлған бу «иттиҳод» хўлёлари худда ваҳиманинг онаси ва лофнинг айни бемазаси эди. Шубҳа йўқким, ўша «иттиҳод» жиннилари бу кун ҳам бизга бурчак-бурчакдан фисқ отарлар: «Миллатларни қирқ тўққузга бўлиб, ўзбошимчалиқ кўйига солдингиз ва дард деса куйдирги айтадиган қилдингиз», деярлар. Ушбу бурчак иттиҳодчилариға бизнинг берадирган жавобимиз бир: «Биз ҳақиқатни ҳаётдан олдиқ. Ҳаммадан илгари шахс ўзини танисин, сўнгра бошқани! Zero, «Ўзини билмаган ўзгани билмас», сўзи турмуш онасининг дард чекиб туққан тўнғич ўғлидир. Биз миллатларни озод ўсдирғач, доираси ғоят тор бўлған, иттиҳоди ислом ва ё туркгина эмас, балки бутун дунё меҳнаткаш ва деҳқонлари иттиҳоди; энг авжида бутун дунё инсонлари иттиҳоди вужудга келтирамиз!» Озод Ўзбекистоннинг бир йиллик тўйида орамиздағи ўзбек, тожик ва қозоқлиқ иғволарини алангалатиб юрган дуварак одамларни йўқотмоқ қасамини ичайлик. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Бир_йил. Downloaded from uzbekai.com.