Дарди йўқ — кессак, ишқи йўқ — эшшак Абдулла Қодирий — Калникига ошға-а-а-а!!! Гур-гур одам калникига туз ялаб чопадир… — Айиқ полвон кураш тушадир, Жўра қизиқ маймун ўйнатадир, Фарғонадан Арава полвон келди, Жиззахдан Ит полвон келди… Кўрубсизки, кураш ўрнини ижарага олған зарғалдоқ хўжаларнинг қилған фойдалари минди-минди… — Чет эллардаги ўқуғучи ёшларимиз фойдасиға бу кун «Турон»да театру қўйиладир! Ла ҳавла ва ла қуввата… Тошканд мусулмонларини… яйзара ер ютубдир ва ё катта-кичик оға-ини ин-инларига кириб кетибдир… Шунга ўхшаш «Шарқ саҳнаси» яхши ният ёрти мол, деб кино қўяр. «одамови»ларни йиғмоқ учун эшак ҳуркарлик қилиб, томға тўртта карнай ҳам чиқарадир; лекин шунчалик атторчиликлар, «Сурма кет, ўсма кет»лар бир пақир; саҳна хазинадорларининг оғизлариға пашша ўлтурған, ўюнхона эшикидан «ғинг» деган бир чибин учмайдир. Шу соатда шаҳарнинг барча чойхоналарида ғиж-ғиж чурвақа, лим-лим… бузоқ: — Оғзингми, ўрпилган ўрми? — Башарангми, бадбахтнинг даласими? — Кўзингми, пўстакнинг йиртиғими? — Энгахингми, йўлға чиқған ҳиндининг…ми? — Хо, хо, хо! Топған-таянған совутмачоқ шу. Бошқа дастмоя йўқ. Бангихонада «ҳарб-зарб» олуб юргучи бир ўртоғим нашанинг тутуни гуркураган чоқларда: Харсак — марсак, дарди йўқ — кессак ишқи йўқ — эшшак! — деб байт ўқуған бўлуб жоврар, ман бўлсам «Бу нима дегани тентакнинг» деб байтига тушунолмас эдим. Энди келиб-келиб бу байтнинг маъносини Эски шаҳар саҳналаридан топуб мавридсиз бўлсада, ўзим шу байтни яккахонлик қилмоқдаман: Дарди йўқ — кессак, ишқи йўқ — эшшак! Воқиъан, дард бўлмаса, ишқ бўлмаса одамнинг кесакдан нима фарқи бўлсин-у, эшакдан нима айирмаси! Валлоҳи аълам биссавоб. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Дарди_ё%E2%80%98q_%E2%80%94_кессак%2C_ишқи_ё%E2%80%98q_%E2%80%94_эшшак. Downloaded from uzbekai.com.