Ҳуқуқ Абдулла Қодирий Азбаройи Худо айтингиз-чи, ҳуқуқ деган нарса ўзи нима? Ҳуқуқ нимадан иборат? Гуваламики, уни биз майдалаб ҳожатимизга яратайлик?! Нима ахир? Бунинг жавобини — «ҳуқуқ» деган дарди бедавони бўйнига осиб олғанлардан сўраймиз. Шўролар ҳукумати ҳар бир чоти айри, боши юмалоққа, ҳар бир ҳайвони нотиқу ва ғайри нотиққа ва ҳар бир инсу жину деву парига том-том боло-боло бом ҳуқуқ берди, деб гапуришадирлар! Бу тўғрими баковул. — Ясовуллар, қозию қуззотлар бу гапка, бу ишларга тушунадирларми? Гап бундай: ўзингизнинг Халча опангиз; аллақаердан ҳуқуқ текширадирған бўлуб, эрга берилаётқан бир қизнинг уйига борибдир. Хайр, яхши — текширсин. Нега энди 13 ёшлиқ Ойнисани оёғидан, қулоғидан чўзиб, елмай, югурмай 18 ёшатуб қўядир? Тағин бир иш: масалан, ўзингизнинг Зайнаб опангиз: эридан, қўйинг-чи, уйидаги ҳар бир ясси-япасқи қинғир-қийшиқ, аживатараладан ейдур калтакни; шилқ-шилқ; ўзи оч, боласи оч; нон деганда ғириллайдир кесак… Бечора опангиз ундан-бундан сўраб-сўроғлаб борадир катта вивескалик бир ҳуқуқ олиб берадурғанга. Ииғлайдир, сиқтайдир, арзи бандалик қиладир; аммо қўл қуруқ, ёлғиз бош! Чақириладир эри, ёнидауч-тўртта гумангга, илтимосчи, азайимхон, тутатқи, иҳи-пихи, гап бийрон, ғарч-ғурч, улли-булли, ўлумдан хабаримиз бор бундан йўқ! Мурофаа: икки коски , яна бир гуржи. Қанақа гуржи дейсиз? Ҳа, тушунадурған мухторият, фалон писмадону гўёки бу мажлиска ўзи шундай қиртиш қидирибгина келган, тавба! — Зайнаб опа, оғзинг қайси? Бечора қулоғини кўрсатади. — Ҳуқуқ! Ёнида жаллод ва бошқа қасамхўрлар; Ғўдайиш, пичинг! Бечора дир-дир қалтираған, қози маҳсимнинг ҳам гаплари айлантирмалик: — Ким яхши? — Эрим, почча! — Ким ёмон? — Ҳуқуқ, почча! Ҳуқуқ—гап билмаган, иш билмаган Зайнаб опаларники эмас, шайтон устози бўлған Ҳожи Абдидарники, шайтон мардикори бўлған Салоҳиддин муфаттинзодаларники! Шоир Хоқоний, дегандек: Ҳолати манҳусада қолған «ул» эмас, тўртта наҳснинг орасида боши айланган ану бечора! Гап кўп, кўмир оз; кези келди, бир ёздиқ! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ҳуқуқ. Downloaded from uzbekai.com.