Икки оғиз тариқатдан ҳам бўлсун Абдулла Қодирий Хилват кунлари ҳам яқинлашди. Кўрпа ёстиқни сотиб бўлса ҳам баъзи совуқ сўфилар Туркистон йўлини — Султонул-орифин қабрини кўзлай бошладилар. Фақирингиз ҳам тариқат ишларидан унча бепарво эмасман. Тўқсон тушуб даҳага кириш масаласи чиқғач, фақирнинг кўз ўнгида ёғлиқ хасиб, қизил палов, аччиғ сомса, заҳардек чой гавдалана бошлайдир. Ўзимизнинг шаҳардан топилиб турғанда Туркистон шаҳарига бориб юргум келмайдир. Бултур ўзимизнинг Ҳазрат эшон ҳам Миён бузрукнинг рақобатига «даҳа» ўлтуришни одат қилуб кўрган эдилар, натижа жуда яхши чиқди. Ўн еттита хилватхона тикилди. Ўттуз бешгача муридлар даҳага ўлтурдилар. Ҳар кун намозшомдан кеиин масжиднинг ичида сайл, хилватда ўлтурған ошна, оға-инининг олдиға кирсак узоқ-яқин ёр-дўстлардан келган анвўи турлук неъмат, қозоқ бовурники ҳам қолмасун десак, яхна эт, эй… қайси бирисини санай энди… Қоринни дўппайтириб олғандан сўнг бошланади жаҳр. Ҳазрат эшон меҳробда, ҳалқанинг бир чеккасида иккита ҳофиз, бир пайт зикр, бир пайт ҳикматдан ҳофизлик, йиғи-сиғи, аросат! Бу вақтда тош битиб кетканлар ҳам эрийдир, дуо олиш учун бир онда эшон бобомиз қоғоз оқча билан меҳроб оралаш кўмилган… ким ўғул талаб, ким қиз талаб, ҳой бовур, нима тилагингиз бўлса қўл дуода, ҳонақоҳ ичи қизғин бозор. Нима кўп дунёда, ёмон кўп, яхши ишни кўра олмағучилар кўб. Шу яқин орада ўзининг қўлидан эшонлик иши келмаган муллалардан биттаси: «Хонақоҳда савдо иши ҳаром. Бас, савдогарликдан иборат бўлған «зикр самў» ҳам ҳаром!» деб юбормасунми, бетамиз! Узоқ-яқиннинг халфа муридлари ҳалиги пештаҳамни ушлаб олуб «Ҳайф санга!» дейишдилар. Маҳалла аҳлининг ҳамияти диниялари қўзғаб кетиб тиюқсизни юртчиликдан ҳам чиқаришға қарор беришдилар. Эшонимизнинг «Илми ботиналари» кўб бўлса ҳам «Илми зоҳириялари» бир оз бемазароқ. Бўлмаса ҳалиги мулланамонинг кофирлиги билан ҳукм қилиш мана-берда турған гап эди. Шундай бўлса ҳам маҳалла юрт оғаси муфти аълам бўлса шунга етти танга пул билан югуруб турубдир. Фақирингиз маҳкамаи шаръиянинг ишсизлигига туруб-туруб ҳайрон қоламан. Пайти келганда шундайин бемаза муллаларнинг кофирлиги ва тошбўрон қилиниши билан ҳукум қилуб дунёда ўзидан бир от қолдирмайдирми? Ҳар ҳолда дунёда эр зоти қуриған кўринадир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Икки_ог%E2%80%98iz_тариқатдан_ҳам_бо%E2%80%98lsun. Downloaded from uzbekai.com.