«Кўмак» уюшмасига ионалар Абдулла Қодирий Кейинги кунларда «Кўмак» уюшмасига берилган ионаларнинг ҳисоби жуда ҳам кўпайиб кетди. Тушкан ионаларни уюшманинг битта кассаси эплай олмағанлиқдан иккинчи касса очмоққа мажбур бўлинди. Кейинги ойда иона берган сахийларнинг рўйхати мундайдир: 1. Валиҳожи — беш миллиард сўмга арзийтурған дуо. 2. Ғуломшайх бойбачча — «Ўқушға кеткан йигитлар мулло бўлсунлар» деган яхши тилак (баҳо қўйиш комиссиясининг сўзига қарағанда бу иона ҳам 5 миллиардға арзир экан). 3. Азимбойбачча кўмирчи — саккиз пут тошкўмир, 4. «Тужжор» ширкати — иккита солол товоқ билан битта хурмача. 5. «Қамар» ширкати — чорак қадоқ олма чой. 6. Пояфзал бозоридағи дўкондорлар ўзаро — бир пой бачкана этик. 7. Чит бозорининг дўкондорларидан — бир газу уч чорак газлама. 8. Аттор оға-инилардан — икки қути упа. 9. Қассоблиқдан — беш дона ўпка. 10. Қандолатчилардан — уч истакан писташка билан бир қадоқ пашмак ва бошқалар. Ушбулардан Берлин ўқуғучиларимизға юборилди: Берлин талабаларимиз ортуқча муҳтож бўлғанлиқларидан биринчи галда тўрт пут тошкўмир, иккита сопол товоқ, бир посилка дуо юборилди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/%C2%АБКо%E2%80%98mak%C2%BB_уюшмасига_ионалар. Downloaded from uzbekai.com.