Мочалов Абдулла Қодирий Отингдан айланай Мочалов… Исми шарифингни эшитсам бутун борлиғимға сирқироқ кирадир, Мочалов!.. Ўтуб кетди ўшал даврларинг: Эски шаҳар кўчаларида муборак вужудинг кўриниб қолса, ҳомилалик хотунлар бола ташлар, йиғлоқ болалар йиғидан тўхтар, дағдағаи золимонангни татиған бенаволар дир-дир қалтирар эдилар. Қўлингда қамчин, белингда ошпичоқ, шопдак муртингнинг остидағи сассиқ оғзингдан «Қизингни… онангни… динингни… ота-бобонгни…» деган зикри олийлар доим фаввора урар эди. Эски шаҳарнинг етти ёшаридан то етмиш ёшариғача санинг сўкуғингда, тепуғингда эдилар. Балки қўмсарсан ўшал кунларингни? Албатта, қўмсайсан. Бошқаларини қўмсамасангда ифтровой гилди кўпаслар меҳмонхонасида еган паловларингни, норинларингни қўмсайсан. Пудратчилар, заводчилар уйларида ичкан ароқларингни, ҳафта сайин қозилардан келиб туратурған пакетларни, айниқса 1916 йил рабочий воқеасида давлатхонангга арз-дод учун борғанларни отиб, гуноҳсиз қонларни сув ўрниға ичишларингни қўмсайсан! Фалакнинг гардиши қуриб уйи куйсунки, санинг машъум кунларингни қайтуб келмаслик этуб, тузатди. Бунинг билангина қолмай, тинчкина ишлаб турған иссиғ ўрнингни совутди-да, турмага кетириб тиқди. Фалакат улуғ, фожиъа катта… Бу кун инсофи йўқ, раҳми оз (гўёки ўзинг) Тошканд мусулмонларининг борлиғи деярлик санга даъвогар! Эй фалак, уйинг куйсун фалак. Мочалов тўрага ўшал давлатларни ўзинг бермадингми? Энди бечоранинг қариған кунларида бу янглиғ сарсон, бунчалик саргардон қилишингда қандай ҳикмат бор? Қайғурма, тўрам. Кўбчилик эмасми, балки шавкатлик кунларинг-да иссиғингни кўрганлар ҳимоянгда бўлурлар. Агар ишинг чаппа кетса, жонинг жаннатда бўлсун!.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Мочалов. Downloaded from uzbekai.com.